Жаҳон | 19:18 / 18.04.2024
6286
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШни Исроилга ҳужум ҳақида олдиндан хабардор қилган — Эрон ТИВ 

Шунингдек, ҳужумдан сўнг Эрон минтақадаги кескинликни кучайтиришга интилмаётгани ҳақида АҚШни дарҳол хабардор қилган. 

Фото: AP

Эрон Исроилга ҳужум пайтида минтақадаги АҚШ манфаатларига путур етмаслиги ҳақида Қўшма Штатларни олдиндан огоҳлантирган. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён маълум қилди. 

«(Исроилга қарши) операциядан олдин биз Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилмаслигимизни ва бу операция бошланганидан кейин Исроилга ҳарбий ва мудофаа ёрдами бермаса, минтақадаги АҚШ манфаатларига таъсир қилмаслигимизни аниқ айтдик», деди Абдуллоҳиён. 

Унинг сўзларига кўра, Швейцария икки давлат ўртасидаги алоқаларда воситачи бўлган. 

Вазир, шунингдек, операциядан сўнг дарҳол, якшанба куни Эрон минтақадаги кескинликни кучайтиришга интилмаётгани ҳақида АҚШни хабардор қилганини айтди. 

1 апрел куни Исроил давлати Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Оқибатда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. 

Бунга жавобан, 13 апрелдан 14 апрелга ўтар кечаси Эрон юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталардан фойдаланган ҳолда Исроилга йирик ҳужум уюштирди. 

Исроил армияси маълумотларига кўра, дрон ва ракеталарнинг аксарияти муваффақиятли уриб туширилди. 

Шундан сўнг, Исроил матбуоти Тел-Авив Эроннинг ҳаво ҳужумига «аниқ ва самарали» жавоб қайтаришга қарор қилгани ҳақида ёзди.

Мавзуга оид