Жаҳон | 15:25 / 18.04.2024
16766
6 дақиқада ўқилади

Ғазодаги уруш Исроил иқтисодиётига қандай таъсир қилди?

Samsung Next Исроилдаги 70 та стартапини тўхтатгани – урушнинг Исроил иқтисодиёти технологик секторига етказаётган улкан зарарининг навбатдаги белгиси бўлди. Мамлакат уруш оқибатида қарзларнинг кескин ошиши, инвестиция оқимининг камайиб кетиши ва меҳнат бозорининг бузилишига рўпара келган. 2023 йил 4-чорагида Исроил ЯИМ қарийб 20 фоизга қисқарган.

Фото: Kobi Wolf / Bloomberg

Samsung компаниясининг глобал сармояларни ўзида бирлаштирган Samsung Next инвестиция ширкати Исроилдаги 70 та стартап лойиҳани молиялаштиришни тўхтатиши ва Тел-Авивдаги офисини ёпиши ҳақида эълон қилди. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари фонида мамлакат иқтисодиёти тангликни бошдан кечираётгани келтириб ўтилган.

Умуман олганда, 2023 йил 7 октябрдан бошланган урушнинг Исроил иқтисодиётига таъсири қандай бўлди?

2023 йилнинг IV чорагида мамлакат иқтисодиёти 19,4 фоизга қисқарди (йиллик нисбатда ўтган йили Исроил ЯИМ 2,0 фоизга ўсган). Бунга 360 мингдан ортиқ захирадаги ҳарбий хизматчиларнинг урушга жалб қилиниши натижасида юзага келган ишчи кучи танқислиги бевосита таъсир ўтказган. Чунки уларнинг аксарияти молия, сунъий интеллект, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги каби юқори технологияга асосланган саноат тармоқларида фаолият олиб боришган.

Ўз навбатида, ўтган йилнинг сўнгги чорагида истеъмол харажатлари 26,9 фоизга, хўжалик капитали қўйилмалари 67,8 фоизга, экспорт 18 фоизга, импорт 40 фоизга камайган. Шу билан бирга, давлат харажатлари 88,1 фоизга ошган –  асосан ҳарбий харажатлар ва зарар кўрган компанияларга товон тўлаш ҳисобига.

IT секторидаги пасайиш бу секторда ишловчиларнинг аксарияти чақирув ёшидаги йигитлар экани билан ҳам боғлиқ.
Фото: Tsafrir Abayov / AP

Уруш айниқса мамлакат технологик секторига жиддий зиён етказган. Бу соҳада жами ходимларнинг атиги 10 фоизи ишласа-да, умумий экспортнинг 50 фоиздан ортиқ қисмини айнан улар таъминлаб келган. Бу ишчиларнинг аксарияти нисбатан ёш бўлгани сабабли биринчилардан бўлиб ҳарбий хизматга жалб қилинган.

Исроил дунёдаги энг йирик технология марказларидан бири сифатида кўриб келинади. Бу ерда Google'дан Apple'гача, IBM'дан Meta'гача бўлган 500 дан ортиқ трансмиллий корпорациялар фаолият олиб боради. 2005 йилдан кейинги даврда мамлакатга тўғридан тўғри инвестицияларининг умумий оқими 5 баробарга ошган. Табиийки, давом этаётган уруш вазиятни тубдан ўзгартиради.

Шунингдек, Ғазо сектори ва Ливан билан чегарадош ҳудудларда яшовчи аҳолини эвакуация қилиш учун уларни уй-жой билан таъминлаш масаласи кун тартибига чиққан. Бу ҳам ҳукуматни ҳарбий харажатларга қўшимча йирик харажатлар қаршисида қолдирган.

Исроил ташқи қарзи кескин ошган

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, урушнинг дастлабки ойларидаги ҳарбий ҳаракатлар Исроил иқтисодиётига кунига 260 млн доллар зарар келтирган. Бу эса мамлакат ташқи қарзининг кескин даражада ошишига олиб келган. Хусусан, ўтган йилда умумий ҳисобда 160 млрд шекел (43 млрд доллар) қарз олинган. Шунинг тенг ярми – 81 млрд шекел уруш бошланганидан кейин жалб қилинган. Таққослаш учун, 2022 йилда бу кўрсаткич 63 млрд шекел бўлган.

Уруш харажатларининг ўсиши фонида умумий қарз 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 62,1 фоизига етган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 60,5 фоиз бўлган ва 2024 йилда 67 фоизгача ошиши кутилмоқда.

Исроил Марказий банки Ғазодаги урушнинг мамлакат иқтисодиётига тўғридан тўғри таъсирини 53 млрд долларга баҳолаган. RAND экспертларининг таҳлилларига кўра, урушнинг иқтисодий зарари Исроилга келгуси ўн йил ичида 400 млрд долларга тушиши мумкин. Бунда, иқтисодий зарбанинг 90 фоизи билвосита таъсирлар: инвестиция оқимининг камайиши, иқтисодий самарадорликнинг секинлашиши ва меҳнат бозорининг бузилиши натижасида юз беради.

Туризм ва авиация

2023 йилнинг 4-чорагида Исроилга 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 баробар кам сайёҳ келган.
Фото: Ammar Awad / Reuters

Уруш бошланиши Тел-Авивга парвозларнинг бекор қилинишига сабаб бўлди. Исроил Статистика бюросининг ойлик ҳисоботига кўра, октябрда Исроилга тахминан 89 700 сайёҳ ташриф буюрган, бу ташрифларнинг аксарияти ҳам октябр ойининг биринчи ҳафтасига, ҳужумлар бошланишидан олдин бўлган. Таққослаш учун, 2022 йилнинг октябр ойида мамлакатга 370 минг сайёҳ келган.

Умуман олганда эса, 2023 йилнинг IV чорагида мамлакатга 180 мингга яқин сайёҳ ташриф буюрган, бу 2022 йилнинг IV чорагига нисбатан (930 минг сайёҳ) 81,5 фоизга кам.

Туризм вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу сектор Исроил иқтисодиётининг қарийб 3 фоизини ташкил қилади ва 200 мингга яқин исроилликни бевосита иш билан таъминлаб келган.

Ҳужумлардан олдин кунига тахминан 500 та рейс амалга оширилган Бен Гурион аэропортида ҳужумлардан кейинги биринчи ойда кунига ўртача 100 та рейс қайд этилган.

Қурилиш сектори

Фаластинликларга ишчи рухсатномаларини бериш тўхтатилгач, қурилиш соҳаси Исроил иқтисодиётининг ишчи кучи энг кўп етишмаётган тармоқларидан бири бўлиб турибди.
Фото: Ronen Zvulun / Reuters 

Исроил ялпи ички маҳсулотининг 14 фоизини ташкил этувчи қурилиш сектори уруш бошланганидан кейин энг катта зарбани қабул қилиб олган.

Мамлакат бўйлаб қурилиш лойиҳаларининг аксарияти тўхтатилган. Ушбу сектордаги ишчи кучининг 65-70 фоизини фаластинликлар ташкил этган ва уларга ишчи рухсатномаларини бериш номаълум муддатга тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил феврал ойида Исроил фаластинликлар ўрнига Ҳиндистон, Шри-Ланка ва Ўзбекистондан ишчи ёллаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мавзуга оид