Жаҳон | 08:21 / 19.04.2024
32536
2 дақиқада ўқилади

ABC News: Исроил Эрондаги объектга ракета зарбаси берди

Исроил ракеталари Эрондаги объектга зарба берди, деб хабар қилмоқда ABC News АҚШ расмийсига таяниб.

Фото: AP

19 апрел, жумага ўтар кечаси Исроил Эрондаги объектга ракета ҳужуми уюштирди, деб хабар берди ABC News ўз исмини ошкор этмаган америкалик расмийга таяниб

«Эроннинг ҳаво мудофааси мамлакатнинг бир қанча вилоятлари осмонида ишлаб кетди», — дея хабар беради IRNA Эрон давлат ахборот агентлиги.

Эроннинг Fars агентлиги хабарига кўра, Исфаҳон аэропортида портлаш овози эшитилган, бироқ портлаш сабаблари маълум эмас. CNN телеканалининг хабар беришича, Эрон ғарбидаги ҳаво ҳудудида бир неча йўловчи лайнерлари йўналишларини ўзгартира бошлаган. 

Эрон расмийлари бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермаган.

Эроннинг Исроилга ҳужуми

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.

Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган. 

10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди. 

Мавзуга оид