Эронга ракета отган Исроил, Фаластин учун вето қўйган АҚШ ва генералини оқлаган Рамзан Қодиров — кун дайжести
Дунёда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари билан таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
АҚШ ва Исроил Рафаҳда ўтказилиши мўлжалланаётган операцияни муҳокама қилган.
АҚШ ва Исроил вакиллари Эроннинг Исроилга ҳаводан уюштирилган ёпирилма зарбаси ва Фаластиннинг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига исроилликларнинг режалаштирилаётган ҳужуми масалалари бўйича маслаҳатлашув ўтказди, деб хабар бермоқда Оқ уй томонидан тарқатилган баёнотда.
Миср расмий шахсларнинг баёнотига кўра, АҚШ Эронга «чекланган» зарба бериш эвазига Исроилнинг Рафаҳга бостириб кириш режасини маъқуллаган, деб хабар беради «Ал-Арабий Ал-Жадид».
Мисрдаги манбаларнинг айтишича, Миср қуролли кучларининг Юқори Синайдаги кучлари «юқори тайёргарлик ҳолати»га келтирилган. Афтидан, мисрликлар Рафаҳга ҳужум уюштирилса қочқинлар чегарани бузиб ўтишидан чўчишмоқда.
Шунингдек, Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳрида ҳам Рафаҳга муқаррар ҳужумга тайёргарлик кўрилиб, кўчирилган инсонлар учун лагер кенгайтирилган.
Бу орада АҚШ Фаластиннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзо бўлиши тўғрисидаги БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига вето қўйгани ҳам маълум бўлди.
Хавфсизлик кенгашига аъзо 15 та давлатдан 12 таси резолюцияни қўллаб овоз берган. 2 та давлат овоз беришда иккиланган. Фақат АҚШ вето қўйган.
Исроилнинг Эронга ҳужуми
Исроил 24-48 ичида Эронга жавоб зарбаси бериши ҳақида АҚШни огоҳлантирган, деб хабар бермоқда Bloomberg.
Бу орада Эроннинг Исфаҳон шаҳри яқинида учта катта портлашлар содир бўлди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учиб кирган кичикроқ дронларни ёки авиаракеталарни уриб туширган бўлиши мумкин, деб хабар қилинмоқда.
«Манбаларнинг айтишича, Исфаҳон вилоятида кучли портлашлар овози эшитиляпти», — деди давлат телевидениеси ва сабаб ҳали аниқ эмаслигини қўшимча қилди.
FARS агентлиги маълумотларига кўра, портлашлар Исфаҳон халқаро аэропорти ва ҳаво кучлари базаси жойлашган Қаҳжовиристон шаҳрида содир бўлган.
Теҳрон ва бошқа шаҳарлар устидан парвозлар тўхтатилгани хабар қилинмоқда. Mehr агентлигига кўра, Теҳрон, Исфаҳон ва Шерозга, шунингдек, мамлакат ғарби, шимоли-ғарби ва жануби-ғарбидаги аэропортларга парвозлар тўхтатилган. Портлаш юз берган ҳудуд узра йўналган самолётлар изига қайтарилган.
Россия ва НАТО тўқнашуви
Германия 5 йилдан сўнг Россия ва НАТО ўртасида уруш рўй беришини прогноз қилмоқда.
Агар Россия НАТО давлатларига ҳужум қилишга қарор қилса, бунга беш–саккиз йил ичида тайёр бўлади, деган Германия қуролли кучларининг бош инспектори генерал-лейтенант Карстен Бройер.
«Бизнинг таҳлилларга кўра, бу вақтга келиб Россия ўз қудратини шу даражада ўстирадики, НАТО ҳудудига ҳужум қила олишга қодир бўлади», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Reuters.
Бройер бу воқеа муқаррар рўй беришида унда юз фоиз ишонч йўқлигини ҳам таъкидлаган.
Генералнинг фикрича, Украинада давом этаётган уруш шароитида ҳам Россия НАТО билан тўғридан тўғри тўқнашув эҳтимоли учун ўз арсеналини тўлдириш қудратига эга.
«Россия кўплаб ҳарбий техника ва қурол-яроғ ишлаб чиқараётганини кўриб турибмиз, уларнинг барчасини ҳам Украинадаги фронтга жўнатмаяпти, шу сабабли 2029 йилгача биз ҳам тайёр бўлиб туришимиз керак», — деган Бройер.
Россиянинг 2022 йилда Украинага бостириб кириши Москва ва Ғарб ўртасида чуқур кризис илдиз отишига олиб келди. Бироқ Кремлдагилар Россиянинг НАТО давлатларига ҳужум қилиш эҳтимолини мудом рад этиб келмоқда. Март ойида Россия президенти Владимир Путин бундай баёнотларни яна «сафсата» деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, Россияда шимолий алянсга қарши урушга киришиш учун «на геосиёсий, на иқтисодий, на сиёсий ва на ҳарбий манфаат» бор.
Санкцияларга йўл топган Россия
Россия АҚШ томонидан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз нефтини бир кунлик фирмалар воситасида сотишни йўлга қўйган.
Сўнгги ойларда Ҳиндистонга нефт етказиб бериш бўйича янги, ҳеч кимга маълум бўлмаган фирмалар шуғуллана бошлаган, деб ёзади Bloomberg.
Нашрга кўра, январ-феврал ойларида Ҳиндистондаги хусусий ва давлатга тегишли нефтни қайта ишлаш заводларига аввал мутлақо маълум бўлмаган Blackford, Black Pearl ва Vertex фирмалари катта ҳажмдаги нефт маҳсулотларини етказиб берган. Бу фирмалар узоқ яшамайди, бир неча ой ичида ёпилиб кетади, дейишмоқда соҳага дахлдор одамлар.
Етказиб берувчилар Дубай ва Ҳонгконг каби шаҳарларда янги фирма очиш енгиллигидан фойдаланишмоқда. Кичик фирмаларнинг яна бир устунлиги — уларни алмаштириш осонгина, уларнинг аксарияти бир йил ҳам фаолият кўрсатмайди, деган Kpler нефт хомашёси бозорининг етакчи таҳлилчиси Виктор Катона.
Назоратчилар учун эса бу ҳақиқий бошоғриқ. АҚШ аллақачон ўнлаб танкерлар ва бир қатор кема эгаларига санкциялар жорий этган. Улар нефт ташишни бас қилишган, лекин бу ҳол ҳам апрел ойининг ўрталарига келиб Россияга нефт экспортини сўнгги 11 ой ичида максимумга кўтаришга халақит қила олмаган. Апрел ойининг иккинчи ҳафтасида етказиб бериш ҳажми суткасига қарийб 4 млн баррелга етган; сўнгги бир ой ичидаги ўртача кўрсаткич 2023 йилнинг июнидан буён ўсиб, суткасига 3,66 млн баррелгача кўтарилган.
Путин нолегитим президент?
Европа Кенгашининг парламент ассамблеяси Россия президенти Владимир Путинни легитим президент ўлароқ тан олишдан бош тортди. Бу ҳақда ЕКПА сайтида резолюция эълон қилинган.
Ҳужжатда айтилишича, Путин 2024 йилда эркин ва шаффоф бўлмаган сайловлар натижасида президент этиб сайланган, Путин режими эса «демократияга қарши уруш очишга» мойил деб аталган. ЕКПА Россия билан ҳуманитар алоқалардан ташқари барча алоқаларни узишга чақирган.
«Владимир Путиннинг бирорта ҳақиқий рақибига сайловда иштирок этишга рухсат этилмади. Боз устига, сайлов участкалари суверен Украина ҳудудлари ҳамда Днестрнинг сўл қирғоғидаги Молдова маъмурий-ҳудудий бирликларида ҳам очилди, бу эса БМТ Низомининг ҳамда давлатларнинг суверенитети, сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги принципларининг қўпол равишда бузилишидир», — дейилади резолюцияда.
ЕКПАдагиларга кўра, Россия «секин-асталик билан бугунги кунда ҳар қандай сиёсий мухолифатни тақиқлаган давлатга айланиб қолган», мамлакатнинг ичида эса «фашистик стилдаги пропаганда ёрдамида Владимир Путин шахсига сиғиниш» жорий этилган.
Рамзан Қодиров ўз генерали тарафида
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Доғистонда машинасини йўл полицияси ходимлари устига ҳайдагани учун уни тўхтатиб ушлашда қатнашганларни ишдан олишни талаб қилди.
Рамзан Қодиров Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Чеченистон бўйича бош бошқармаси бошлиғи Алихан Цакаевнинг ушланишини «шармандали провокация» деб атаган. Қодировга кўра, генерал Цакаевнинг ушланиши «қўпол шаклда» ва «сабаблари тушунтирилмасдан» ўтказилган. Гарчи у йўлнинг қарама-қарши қисмидан ҳаракатланиш ва полиция ходимларининг устига машина ҳайдашдан бошқа қўпол қоидабузарлик содир этмаган бўлса ҳам.
Рамзан Қодиров генерални ушлашда иштирок этган ходимларнинг шахси аниқланганига урғу берган.
«Унинг ёнида хизмат гувоҳномаси ва либоси бўлмаган, у дам олиш куни ҳаракатланган. Бу эса постда бутун бир спектакл уюштириш учун сабаб бўлган», — деб ёзган Қодиров.
Чеченистон раҳбари фикрича, Цакаевни ушлаган ходимлар «тизимдан шовқин чиқариб ҳайдалиши керак. Қодиров Доғистон раҳбариятига мурожаат қилиб, «айбдорларга нисбатан чора кўришни», чунки улар «ҳуқуқ посбони формасини кийишга ва ифлос қилишга ҳақли эмаслиги»ни айтган.
Генерал Алихана Цакаевнинг машинаси 14 апрел куни Чеченистон билан чегарадаги «Герзел кўприги» назорат ўтказиш пунктида тўхтатилган. Версиялардан бирига кўра, маст генерал йўл-патрул хизмат ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, уларнинг устига машинасини ҳайдаган. Натижада генерал куч ишлатиб ушланган. Генералнинг машинаси ҳам Канададан ўғирлаб келтирилгани ва қидирувда экани ойдинлашган.
Кейинроқ, кўп ўтмасдан «Ахмат» махсус хизмат жангарилари Цакаевни доғистонлик полициячилардан қутқариб олиб кетишган.
Мавзуга оид
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024
Ғазодаги касалхоналарга ҳужум, ҳусийчиларнинг огоҳлантириши ва Трампдан умид қилаётган Гуржистон — кун дайжести
13:12 / 07.11.2024
Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести
14:30 / 06.11.2024