Ўзбекистон | 15:31 / 19.04.2024
3780
2 дақиқада ўқилади

Норуда маҳсулотларининг ноқонуний қазиб олиниши ортидан табиатга 6,6 млрд сўм зарар етказилди – Эковазирлик

Чирчиқ дарёсида олиб борилган рейд тадбирларида дарёнинг муҳофаза қилинган жойидан шағал маҳсулоти ноқонуний қазиб олиб кетилаётгани аниқланган. Оқибатда табиатга 6 миллиард 635 миллион сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилган.

Экология вазирлиги томонидан Юқори Чирчиқ туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсида олиб борилган рейд тадбирлари давомида дарёнинг муҳофаза минтақасидан 1 дона юкловчи ва 2 дона “МАН” русумли юк ташувчи транспорт воситаларининг шағал маҳсулотини ноқонуний қазиб олиб кетаётгани аниқланган.

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг ёзишича, суриштирувда қум-шағал “Шарқ нефтгаз бизнес” МЧЖ раҳбари томонидан қаздирилгани маълум бўлган. Ўлчов натижасида табиатга етказилган зарар 6 миллиард 635 миллион 894 минг 160 сўмни ташкил қилган.

Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўришни таъминлаш мақсадида ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили дарё ўзанларида ноқонуний қазилма ишлари олиб борилгани, жойлардаги бетартиб тозаланишлар сабаб табиатга 61,5 млрд сўм зарар етказилгани, ҳолатлар ортидан жами 58 та жиноят иши очилгани маълум бўлганди.

Жиноятларнинг олдини олиш мақсадида 1 майдан бошлаб айрим дарё ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши белгиланган. Бу шу йил январдаги президент фармони билан мустаҳкамланган.

Мавзуга оид