Ўзбекистон | 18:39 / 19.04.2024
3056
3 дақиқада ўқилади

Қонун бузилиши сабабли қиймати 14 млрд сўмдан ортиқ давлат харидлари бекор қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 9 та ҳолатда давлат харидларида қонун бузилишини аниқлади. 

Умумий қиймати 14 млрд сўмдан ортиқ бўлган 9 та давлат харидида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди. 

Жумладан: 

- «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ буюртмачилигида 20 март куни Қашқадарё вилоятида пахта майдонларини томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш юзасидан ўтказилган 9,4 млрд сўмлик; 

- «Оқдарё туман йўллардан фойдаланиш» корхонаси буюртмачилигида 28 март куни қурилиш ишларида фойдаланиш учун тош сотиб олиш юзасидан ўтказилган 2,5 млрд сўмлик; 

- Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти буюртмачилигида 12 март куни 100 нафар талабага инглиз тилини ўргатиш хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 150 млн сўмлик давлат харидларида қонунчилик талабларига зид равишда аффилланган шахслар ғолибликни қўлга киритганлиги маълум бўлган. 

Шунингдек: 

- «Ҳудудгазтаъминот» АЖ буюртмачилигида 7 март куни солиқ маслаҳати хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 1,2 млрд сўмлик; 

- «Фарғонайўлкўкалам» УК буюртмачилигида 27 феврал куни 4 турдаги дарахтлар кўчатлари харид қилиш юзасидан ўтказилган 289,5 млн сўмлик; 

- Урганч давлат университети буюртмачилигида 6 март куни сузиш фанида фойдаланиш учун сузиш ҳавзаси хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 260,6 млн сўмлик; 

- Қўқон шаҳар ҳокимлиги буюртмачилигида 15 март куни республика, вилоят ва шаҳар миқёсида ташкил этиладиган тадбирларга бориб-келишда йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 212 млн сўмлик; 

- Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази буюртмачилигида 12 март куни ўтказилган ҳайвонларнинг идентификация рақами ташувчиларининг атрибутларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси миллий стандартини ишлаб чиқиш хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 120 млн сўмлик; 

- «Наманган йўл қурилиш-таъмирлаш» МЧЖ буюртмачилигида 14 март куни объектда йўл қуриш жараёнида сув ташиш ва сепиш хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 120 млн сўмлик давлат харидларида иштирок этган тадбиркорларнинг ҳужжатлари Харид комиссияси раиси ва аъзолари фойдаланган қурилма (IP-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланганлиги ва шу тариқа манфаатлар тўқнашуви ҳолатларга йўл қўйилганлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга Агентликнинг тақдимномалари киритилган ва тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. 

Агентликнинг тақдимномаларига биноан юқоридаги давлат харидлари бўйича харид комиссиясининг баённомалари бекор қилинган.

Мавзуга оид