Жамият | 19:42 / 19.04.2024
20615
2 дақиқада ўқилади

Сартарош 10 суткага қамалди

Тошкент туманида мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган сартарош суд қарори билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Жараённи видеотасвирга олган унинг тенгдошига эса жарима жазоси қўлланган.

Тошкент туманида мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган сартарош ҳамда ҳолатни тасвирга олган тенгдошининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи матбуот котиби Бобур Тўлаганов хабар берди.

Маълум қилинишича, сартарошнинг ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб, эътирозларга сабаб бўлгач у ва ҳолатни тасвирга олган тенгдоши ИИБга чақирилиб, профилактик суҳбат ўтказилган.

“Ҳолат шу вақтнинг ўзида ИИББ томонидан ўрганилди. Аниқланишича, мазкур воқеа 2022 йилнинг октябр ойида содир бўлиб, бугунги кунга қадар ички ишлар органларига мурожаат ёки шикоят аризаси келиб тушмаган.

Ҳозирда сартарошлик билан шуғулланувчи 34 ёшли шахс ва воқеани видеотасвирга олган унинг тенгдоши туман ИИБга олиб келиниб, профилактик суҳбат ўтказилди ҳамда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди”, дея таъкидлаган Бобур Тўлаганов.

Қўшимча қилинишича, бугун жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судида суд мажлиси ўтказилган. Суд қарори билан сартарошга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (майда безорилик) асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Жараённи видеотасвирга олган фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш)га кўра жарима жазоси қўлланган.

Тошкент туманида сартарошлик фаолияти билан шуғулланадиган фуқаро Маъмуржон Турғунов мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган. Ҳолатни эса тенгдоши видеотасвирга олган. Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, сартарош қилган ишидан пушаймон эканини айтиб, узр сўраб чиқди.  

Мавзуга оид