Жаҳон | 09:34 / 19.04.2024
2893
4 дақиқада ўқилади

Зурабишвили: Гуржистон октябрда муҳим танловни амалга ошириши керак

Парламент сайловларида гуржилар Гуржистон Россия ёки Европа билан бирга бўлиши ҳақида қарор қабул қилиши керак, деди DW нашрига мамлакат президенти Саломе Зурабишвили.

Фото: AP

Октябр ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида гуржистонлик сайловчилар муҳим танловни амалга ошириши керак, деб ҳисоблайди Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили. Улар Гуржистон «Европа ёки Россия билан бўлиши керакми» деган аниқ саволга жавоб бериши лозим бўлади, деди у 18 апрел, пайшанба куни DW нашрига берган интервюсида

Зурабишвили парламент томонидан бекор қилиниши кутилаётган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасига вето қўйиш ниятида эканлигини тасдиқлади. Фақат фуқароларнинг норозиликлари ва уларнинг октябрдаги сайловларда билдирадиган позицияси парламентарийларнинг режаларига халақит бериши мумкин, деди у. «Ва бу аҳоли, Гуржистон ва унинг ЕИга кириши учун асосий синов бўлади», - дея қўшимча қилди президент. 

Зурабишвили Россия босими ҳақида гапирди 

Зурабишвилига кўра, «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси бир неча йил аввал Россияда қабул қилинган худди шундай қонунни такрорлайди ва Гуржистонда мустақил давлат сифатида тарихининг бошидан буён мавжуд бўлган оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва халқаро ташкилотлар фаолиятини чеклашга қаратилган. Бундан ташқари, ушбу қонун лойиҳаси Гуржистоннинг демократия йўлидаги тараққиётини ва умуман, мамлакатнинг Европа ва евроатлантика интеграциясига интилишини чеклайди, деди у. 

Шу билан бирга, Зурабишвили Тбилиси жорий йил охиригача Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлаш имкониятига эга бўлишини кутаётганини эслатди. «Бу жуда муҳим қадам ва Россия бу йўлда босим ва тўсиқлар ўтказаётгани ажабланарли эмас. Шунинг учун бу масалада Россиянинг таъсири ҳақида саволлар пайдо бўлмоқда», - деди у. 

Гуржистонда «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 

Апрел ойи бошида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси бир йил аввал Тбилисида ўн минглаб одамлар иштирокидаги оммавий норозилик намойишларидан сўнг қайтариб олинган қонун лойиҳасининг ўзгартирилган вариантини яна овозга қўйиш ниятида эканлигини маълум қилди. Гуржистонда мунозарали «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига ўхшашдир. У 17 апрелда биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, маблағнинг камида 20 фоизини хориждан оладиган ташкилотлар тегишли органларда рўйхатдан ўтиши шарт. Агар қонуннинг дастлабки таҳририда бундай ташкилотлар «чет эл агентлари» деб таснифланган бўлса, ҳозирги лойиҳада гап «чет эл давлати манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар» ҳақида кетмоқда. Рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаш 25 000 лари (тахминан 9 минг евро) миқдорида жаримага сабаб бўлади ва такрорий жазолар қўлланиши мумкин. 

Гуржистон мухолифати қонун лойиҳасини кескин танқид қилиб, ҳукмрон партияни Россия учун ишлаётганликда айблади. 16 апрел куни парламент биноси яқинидаги оммавий намойишни тарқатиш учун махсус кучлар кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, шунингдек, намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан калтаклангани хабар қилинган. 11 киши қўлга олинган. Баҳсли қонун лойиҳаси Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ томонидан ҳам кескин танқид қилинмоқда. «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Гуржистонни Европа Иттифоқига қўшилишдан узоқлаштиради, деди Европа кенгаши раиси Шарл Мишел.

Мавзуга оид