Жаҳон | 08:39 / 20.04.2024
2319
2 дақиқада ўқилади

Тбилисида «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши намойиш бўлиб ўтди

Тбилисида Европа тарафдорлари намойиши бўлиб ўтди. Юзлаб ёшлар Гуржистоннинг Европа Иттифоқига йўлини мураккаблаштириши мумкин бўлган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишига қарши чиқди. Икки кун давом этган норозилик намойишларида 40 киши қўлга олинган.

Фото: AP

19 апрел, жума куни Тбилисида Европа тарафдорлари намойиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда AFP. Гуржистон парламенти 17 апрел, чоршанба куни биринчи ўқишда маъқуллаган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги мунозарали қонун лойиҳасига юзлаб ёшлар норозилик билдирди

Намойишчилар мегафон орқали «Қаерга кетяпмиз?» дея берилган саволга жавобан бир овоздан «Европага!» деб бақирди, дея хабар беради AFP. Агентлик намойишчилардан бири Георгий Торочелидзенинг сўзларидан иқтибос келтиради: «Биз уларни нафақат бу қонундан воз кечишга мажбурлаймиз, балки Гуржистондаги россияпараст ҳукуматга ҳам тоқат қилмаймиз». 

Гуржистонда «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 

«Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунчилиги билан солиштирилмоқда. Брюсселнинг таъкидлашича, ҳужжат «Европа Иттифоқи асосий меъёрлари ва қадриятларига мос келмайди», оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти эркинлигини чеклаш учун хавф туғдиради ва агар қонун қабул қилинса, Гуржистоннинг Европа Иттифоқига йўли хавф остида қолиши мумкин. Мамлакат президенти Саломе Зурабишвили баҳсли қонун парламент томонидан учинчи ўқишда қабул қилинса, унга вето қўйишга ваъда берди. 

16 апрелдан бери Гуржистонда «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши намойишлар давом этмоқда - ўша куни Тбилисидаги парламент биноси яқинида 15 мингга яқин одам йиғилган ва полиция уларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Гуржистон ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаурининг хабар беришича, 16-17 апрел кунлари Тбилисида полиция 40 нафар намойишчини қўлга олган. Намойишчилар билан тўқнашувлар чоғида бир неча полициячи яраланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир, дея қўшимча қилди Гомелаури. 

Мавзуга оид