Ўзбекистон | 11:38 / 21.04.2024
5465
2 дақиқада ўқилади

Телеграм орқали фуқаролардан бирининг 50 млн сўм пулини ўзлаштирган шахс ушланди

Мазкур шахс интернет фойдаланувчиларига Телеграм орқали турли ҳавола жўнатиб, шу йўл билан банк карта маълумотларини қўлга киритган ва уларда сақланган пулларни ўғирлаб келган.

Фото: ИИВ Кибернетика маркази

Нукусда телеграм орқали фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ Кибернетика маркази хабар бермоқда.

Тошкент шаҳрида яшовчи 45 ёшли аёл С.А. ИИБга мурожаат қилиб, банк картасидан 50 млн сўм номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Нукус шаҳрида яшовчи 32 ёшли У.Н. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган У.Н. интернет фойдаланувчиларига Телеграм орқали турли ҳавола жўнатиб, шу йўл билан банк карта маълумотларини қўлга киритган ва уларда сақланган пулларни ўғирлаб келган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, У.Н.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид