Ўзбекистон | 21:55 / 22.04.2024
7663
5 дақиқада ўқилади

22 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

37 миллиондан ошган аҳоли сони, прокурорлар учун қимматбаҳо iPhone, Сижжакда ағдарилган Trailblazer, ижарага берилаётган пойтахт парклари ва қисқа таътилга чиққан президент — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

37 миллиондан ошган Ўзбекистон аҳолиси

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллионга етди. Статистика агентлиги ҳисоблагичида ушбу кўрсаткич 22 апрел куни соат 03:24 ҳолатида қайд этилган.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, эркаклар сони 18,5 миллион, аёллар сони эса 18,3 миллионни ташкил этмоқда.

Ҳудудлар кесимида доимий аҳоли сони бўйича Самарқанд вилояти етакчилик қилмоқда – 4,2 млн киши.

Умуман, Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси тез ўсаётгани маълум қилинди. 

Прокурорларга қимматбаҳо iPhone

Прокуратура органлари ва бир қатор давлат идоралари қимматбаҳо смартфонлар сотиб олгани маълум бўлди.

Масалан, Самарқанд вилояти прокуратураси 445 млн сўмга 22 дона iPhone 14 Pro Max, Республика маънавият тарғибот маркази Тошкент вилояти бўлими эса 51 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro Max харид қилган.

Самарқанд вилояти прокуратураси 2023 йил 28 декабр куни ҳар бирининг нархи қарийб 20 млн сўм, хотираси 1 ТБ бўлган 21 дона iPhone 14 Pro Max телефонини харид қилган. Шунингдек, яна бир iPhone 14 Pro Max 1 ТБ 25,3 млн сўмга харид қилинган.

Мажбурий ижро бюроси берган маълумотларга кўра, вилоят прокуратурасининг жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 10,5 млрд сўм қарзи бор. 

Кун факти

Хитойнинг Yupont Group Ltd. компанияси томонидан Тошкент шаҳридаги йирик саноат корхоналарига умумий қуввати 100 МWʼга тенг қуёш панеллари ўрнатиш орқали уларни яшил энергияга ўтказиш борасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Сижжакда Trailblazer ағдарилиб кетди

Сижжакда тоғли ҳудуднинг автомобил учун мўлжалланмаган қисмида ҳаракатланган Trailblazer йўлнинг торлиги оқибатида ағдарилиб кетган.

Воқеа жорий йил 21 апрел куни соат тахминан 17:00 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Сижжак қишлоғи яқинида рўй берган.

Маълум қилинишича, тоғли ҳудуднинг автомобил учун мўлжалланмаган қисмида ҳаракатланган 40 ёшли ҳайдовчи эҳтиётсизлиги ва йўлнинг торлигини инобатга олмагани сабабли Trailblazer машинасида ағдарилиб кетган.

Ушбу ҳодиса оқибатида ҳайдовчи туман марказий шифохонасига олиб борилиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. 

Тошкентнинг парклари ўзгаради

Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий ва Дўстлик боғлари қайта таъмирланадиган бўлди. Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг қарори билан бу икки боғ Ўзбекистон–Сингапур қўшма корхонасига 49 йилга ижарага берилди.

Масъулларга кўра, Абдулла Қодирий боғи «тинч-сокин жой сифатида» қайта таъмирланади, у ерда аттракционлар бўлмайди. Дўстлик боғида кўпи билан 10 та аттракцион бўлиб, яшилликни кўпайтиришга урғу берилади. Қурувчи ташкилот боғларни узоғи билан 3 йилда аҳолига қайтаришни режалаяпти. 

18 минг инглиз тили ўқитувчиси тайёрланди

АҚШнинг ESN дастури Ўзбекистонда 18 минг нафар инглиз тили ўқитувчисини тайёрлади

Инглиз тилида сўзлашувчи миллат (English Speaking Nation – ESN) дастури доирасида 2019 йилнинг ноябридан буён Ўзбекистон бўйлаб 18 мингдан ортиқ инглиз тили ўқитувчиси ўқитилиб, бу орқали мамлакатнинг ўрта мактаб ўқувчилари учун инглиз тили кўникмалари кучайтирилди ҳамда юқори сифатли таълим таъминланди.

АҚШ элчихонаси хабарига кўра, тўрт йил давом этган, қиймати 7 миллион доллар бўлган ушбу дастур шанба куни Тошкентда байрамона ёпилиш маросими билан якунланди. 

Президент таътилга чиқди

Президент Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Таътил 2024 йил 22 апрелдан бошланади.

Бундан олдин президент 2023 йил 4 декабр куни қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан эди. Умуман, Шавкат Мирзиёев президент лавозимидаги фаолияти даврида бешинчи марта расман меҳнат таътилига чиқмоқда. 

Об-ҳаво маълумоти

«Ўзгидромет» ҳафта давомида ҳарорат фони ўзгармаслиги, айрим жойларда ёмғир ёғишини хабар қилди.

22-26 апрел кунлари учун берилган об-ҳаво прогнозига кўра, республиканинг катта ҳудудларида ёғингарчилик рўй бермайди. Фақат тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Шунингдек, бу ҳудудларда сел хавфи сақланиб туради.

24–25 апрелда шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда шамол кучайиб, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Ҳарорат асосан кечалари +13...+18 даража, кундуз кунлари +24...+29 даража атрофида бўлади.

Эртага, 23 апрел куни ҳаво ҳарорати +29 даражагача кўтарилади, жанубий вилоятларда 34 даражагача иссиқ бўлиши мумкин. Куннинг иккинчи ярмида айрим ҳудудларга ёмғир ёғиши мумкин.

Мавзуга оид