Жаҳон | 13:19 / 22.04.2024
9302
8 дақиқада ўқилади

Эрдўғаннинг Ғазо бўйича баёнотлари, босимга дош бераётган Украина ва Хитойга таҳдид қилаётган АҚШ — кун дайжести

Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил агрессиясининг Ғазодаги қурбонлари сони 34 мингдан ошди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар сони 34 минг 49 кишига етган. Уларнинг камида 14 минг 685 нафари вояга етмаган болалар, камида 9670 нафари аёллардир. Ярадорлар сони 76 минг 901 кишини ташкил этмоқда.

Сўнгги сутка ичида Исроил ҳужумлари туфайли 37 киши ўлдирилган, 68 киши яраланган.

Бу орада Барбадос Фаластин давлати мустақиллигини тан олиш истагини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Керри Симмондс баёнот берган. Бу амалга ошса, Фаластиннинг мустақиллигини тан олган ва у билан дипломатик алоқа ўрнатган БМТга аъзо давлатлар сони 139 тага етади. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

АҚШ Вакиллар палатаси Исроилга 26 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Фаластин президенти матбуот котиби Набил Абу Рудайна Фаластиндаги тинчлик минтақа ва дунёда барқарорликка олиб келадиган ягона йўл эканини таъкидлади.

«АҚШнинг Исроилга бераётган ёрдами Фаластин халқига қарши зулмни янада авж олдириш ва тажовузни ифодалайди, Исроилга минтақадаги барча мамлакатларни қамраб олиши учун уруш кўламини кенгайтиришда яшил чироқ ёқади», — деган Рудайна.

Туркия Яқин Шарқ ҳақида

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳанияни қабул қилди. Эрдўған Ҳания билан Исроилнинг Фаластин ерларига ҳужумини муҳокама қилган.

Учрашувда Эрдўған Исроил фаластинликларга қилаётган зулми учун куни келиб албатта жавоб беришини таъкидлаган. Шунингдек, Туркия томони Исроилга бир қатор санкцияларни қўллагани айтиб ўтилган. Эрдўған адолатсиз уруш чоғида фаластинликларнинг бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилиши муҳим омил эканлигига урғу берган.

Туркия жаҳон ҳамжамияти эътибориини фаластинликларга нисбатан қўлланаётган зулмга қаратиш борасида дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришини билдирган.

Anadolu агентлигига кўра, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания жанговар ҳаракатлар тугагач, Ғазо сектори фаластинликлар томонидан бошқарилишини таъкидлаган ва Фаластин ички сиёсатини ислоҳ қилиш режаси билан бўлишган.

«ҲАМАС Ғазо секторини якка ўзи назорат қилишни талаб қилмайди. Бироқ биз Фаластин халқининг бир қисмимиз ва ҳамкорликка асосланган миллий бирлик ҳукуматини тузиб, Ғазо секторини бошқариш бўйича келишиб олишимиз мумкин. Бу бизнинг муаммоларимиз. Биз оккупантлар ёки бошқаларнинг Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ёки иккаласидаги вазиятни тартибга солишига рухсат бермаймиз», — деган Ҳания.

Ҳания Ғазо секторини бошқаришнинг бир қанча муқобил вариантлари таклиф қилингани, бироқ улар муваффақиятга эришмаганини таъкидлади.

«Биз Фаластиннинг ички сиёсатини тартибга солиш учун икки босқичли режа ишлаб чиқдик. Биринчи босқич фаластинликларнинг барча гуруҳларини ўз ичига оладиган Фаластинни озод қилиш ташкилотини қайта ташкил этишдир. Иккинчи босқич Ғазони қайта тиклаш, Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги сиёсий институтларни бирлаштириш, шунингдек, президентлик сайловларини ўтказишни таъминлайдиган миллий ҳукуматни яратишдан иборат», — деган Исмоил Ҳания.

Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий билан Истанбулда учрашган.

Шукрий Исроил ва Эрон ўртасида таранглик кучайиши ва можаро кенгайиши хавфи борлигини айтиб ўтган. Шунингдек, бу икки давлат ўртасидаги можаро жаҳон ҳамжамиятининг Ғазо секторидаги фожиадан эътиборини чалғитганига урғу берилган.

Хоқон Фидан эса Исроил томонидан Фаластин ерларининг оккупация қилиниши — Ғарб давлатлари томонидан Яқин Шарқда яратилган беқарорлик билан боғлиқ муаммоларнинг асосий сабабларидан бири эканлигини қайд этиб ўтган.

Украинадаги уруш

Россия 9 майга қадар Бахмутдан ғарброқда жойлашган Часив Яр шаҳарчасини ишғол этишни мўлжалламоқда. Июн ойида эса қарши ҳужумни бошлайди, деган Украина президенти Володимир Зеленский.

«Мен қурол-яроғлар бизга вақтида етказилади ва босимга дош бера оламиз, деб ҳисоблайман», — деган президент.

Зеленскийга кўра, агар Украина урушда енгилса Россия қўшинлари Болтиқбўйи давлатларига бостириб киради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта сўнгида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ниҳоят Украина, Исроил ва Тайванга 95 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Бу пулларнинг 61 млрд доллари Украина учун мўлжалланган.

Германияликлар эса АҚШ томонидан тасдиқланган ёрдам Украинага етказиладиган сўнгги ёрдам бўлишидан хавотирда.

«Бу АҚШнинг узоқ вақтдан буён берган ёки умуман сўнгги ёрдами ҳам бўлиши мумкин», — деган Бундестагдаги Европа қўмитаси раҳбари Антон Ҳофрайтер.

Сиёсатчининг қайд этишича, Американинг Украинага қўллови ёрдам пакети боши берк кўчага кириб қолгани инобатга олинса, унинг яна давом этиши ниҳоятда ноаниқ.

Айни пайтда Украинанинг Россияга яқин жойлашган еттита ҳудуди русларнинг ракета зарбаларидан кўпроқ жабр кўрмоқда. Булар Харкив, Одесса, Херсон, Запорижжя, Чернигив, Суми ва Днипропетровск областларидир.

Россия ракета зарбаларини қайтариш учун Украинага чуқур эшелонланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак.

«Биз ҳамкорларимиз, жумладан, АҚШдан ёрдам келишидан жуда умид қилиб турибмиз», — деган Украина қуролли кучлари ҳаво қўшинлари спикери Иля Евлаш.

АҚШнинг Хитойга таҳдиди

Вашингтон Россияга технологиялар етказиб бераётгани учун Пекинга нисбатан санкциялар қўллаш билан таҳдид қилди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен токи Хитой Россияга қўш мақсадли технологияларни етказиб беришдан бош тортмас экан, Вашингтон Хитойга нисбатан санкциялар жорий қилишга тайёр, деб ёзмоқда Financial Times. Блинкен 24–26 апрел кунлари Хитойга боради ва буни хитойлик ҳамкасблари билан юзма-юз учрашувларда ҳам айтади.

Нашр манбаларидан бирига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Пекиннинг Москвага ҳамма нарса — чиплардан тортиб, ракета двигателларигача етказиб беришни тўхтатишни рад этганига ортиқ чидай олмайди. Блинкен бу масалани Хитой ташқи ишлар вазири Ванг И билан учрашувда ҳам кўтаради.

Лекин Вашингтоннинг айнан қандай чораларни қўллаши очиқланмаяпти. Айрим манбаларга кўра, АҚШ Хитой молиявий муассасаларига нисбатан санкциялар жорий этишни кўзламоқда.

АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Курт Кэмпбеллнинг фикрича, Европа билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларини кучайтиришга интилаётган Хитой Россияга қўш мақсадли технологияларни етказиб бериш билан Европа хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Қорабоғдан Украинагами?

Россия Қорабоғ ҳудудидан чиқарилган қўшинлар ва ҳарбий техникаларни Украинадаги урушга йўналтириши мумкин. Бу ҳақда BILD нашрининг ҳарбий таҳлилчиси Юлиан Рёпке таъкидлаб ўтган.

2020 йилнинг кузидан бошлаб Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудига жойлаштирилган тинчликпарвар кучларини Россия шу ҳафтадан бошлаб чиқара бошлаган. Ҳарбий контингент 2 минг аскардан иборат бўлган. Уларга бириктирилган оғир ҳарбий техникалар ҳам Доғистон орқали Озарбойжондан олиб чиқиб кетилмоқда.

Рёпкенинг қайд этишича, бу контингент ўзларига бириктирилган янги БТР-82А зирҳли техникалар билан тўғри Украинага йўл олиши мумкин.

Мавзуга оид