Жаҳон | 22:46 / 22.04.2024
15174
2 дақиқада ўқилади

Эронликлар 9 йил ичида биринчи марта Умра зиёратига йўл олишди

Ўтган йили Эрон ва Саудия Арабистони ўзаро алоқаларни тиклашга ва тўққиз йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ўз элчихоналарини қайта очишга келишиб олган эди. Муносабатлар яхшиланиши фонида эронликларга Умра зиёратига яна рухсат берилди. 

Фото: IRNA News Agency

 

Эронлик зиёратчиларнинг сўнгги тўққиз йил ичидаги биринчи гуруҳи Саудия Арабистонига кичик исломий зиёратни амалга ошириш учун йўл олди, деб хабар берди Эрон матбуоти. 

«Умра зиёратчиларининг биринчи гуруҳи Теҳрондаги Имом Ҳумайний аэропорти орқали Эрондан Саудия Арабистонига учиб кетди», деб хабар берди IRNA давлат ахборот агентлиги. 

Ўтган йили Теҳрон ва Ар-Риёз Хитой воситачилигида алоқаларни тиклашга ва тўққиз йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ўз элчихоналарини қайта очишга келишиб олган эди. Муносабатлар яхшиланиши фонида эронликларга Умра зиёратига яна рухсат берилди. 

Эронликларга ўтган йили Ҳажга қайтишга рухсат берилган эди, аммо умра улар учун шу пайтгача ёпиқ эди. 

2016 йилда Эрондаги намойишчилар Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонаси ва Машҳаддаги консуллигига ҳужум қилганидан кейин икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар узилган эди. 

IRNA хабарига кўра, жорий йилда жами 5720 нафар эронлик умра зиёратчиси Саудия Арабистонига бориши режалаштирилган. 

Мусулмонлар қамарий тақвим бўйича маълум саналарда бўладиган Исломнинг беш арконидан бири бўлган Ҳаждан фарқли ўлароқ, йилнинг исталган вақтида Маккада умрани адо этишлари мумкин.

Мавзуга оид