Жаҳон | 17:06 / 22.04.2024
8060
8 дақиқада ўқилади

Волгоградда мактаб ўқувчилари автоматдан отиш ва дрон учиришни ўрганмоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 788-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • АҚШ Сенати Украинага ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини 23 апрел куни кўриб чиқади.
  • The New York Times нашри АҚШдан қуролларнинг илк партияси Украинага қонун лойиҳаси қабул қилинганидан бир неча кун ўтиб етиб боришини ёзди.
  • ISW экспертлари тахмин қилишича, россиялик ҳарбийлар Украина АҚШ ёрдами етиб келгунига қадар кучсизлигидан фойдаланиб қолиш учун ўз ҳужумларини кучайтиради.
  • Politico нашри АҚШ Украинага қўшимча ҳарбий маслаҳатчилар юбориш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди.
  • Аннексия қилинган Севастопол маъмурияти россиялик ҳарбийлар ўз кемаларидан бирига уюштирилган ҳужумни қайтаргани ҳақида маълум қилди. Украина ҳарбий-денгиз кучларига кўра, ҳужум вақтида РФ Қора денгиз флотининг «Коммуна» номли қутқарув кемаси шикастланган.
  • РФ мудофаа вазирлиги Россия қўшини Донецк областидаги Богдановка қишлоғини эгаллаганини маълум қилди.

Донецк областида Украина гаубицаси

Украинага ғарблик иттифоқчилар етказиб берган қуроллар рўйхатида 155-мм калибрли M777 гаубицаси ҳам бор. Украина қуролли кучлари бу қуролдан фронтнинг барча участкаларида, жумладан Донецк областида ҳам фойдаланади.

M777 гаубицалари Украина ҚК Десант-штурм қўшинлари 148-алоҳида артиллерия бригадаси ихтиёрида ҳам мавжуд
Serhii Nuzhnenko / Radio Free Europe / Radio Liberty / Reuters / Scanpix / LETA
148-алоҳида артиллерия бригадаси 2015 йилда тузилган (ўшанда у Украина қуролли кучларининг алоҳида гаубицали-артиллерия дивизиони деб аталган). Унинг жангчилари Донецк аэропорти учун кечган жангларда ҳам қатнашган
Serhii Nuzhnenko / Radio Free Europe / Radio Liberty / Reuters / Scanpix / LETA
Ҳозирда 148-бригада ҳарбийлари, Украина қуролли кучларининг бошқа бўлинмалари қатори, РФ қўшини юриш қилишга уринаётган Донецк областида мудофааланмоқда
Serhii Nuzhnenko / Radio Free Europe / Radio Liberty / Reuters / Scanpix / LETA

Харкив областида украин-исроил кўнгиллилар ташкилоти фаолияти

Украинанинг фронт ёқасидаги ҳудудларида, мунтазам отишмаларга ва инфратузилмалар вайрон бўлганига қарамай, одамлар яшашда давом этмоқда. Уларга ёрдам кўрсатиш учун Украина ва Исроил ташаббускорлигида FRIDA Ukraine номли шифокор кўнгиллилар ташкилоти тузилган. FRIDA полякларнинг НКО Polska Misja Medyczna ташкилоти билан биргаликда мобил клиникалар фаолиятини йўлга қўйган, уларда шифокорлар кўнгилли асосда урушдан жабрланган аҳоли яшаш манзилларини айланиб чиқмоқда.

FRIDA Ukraine иштирокчиларидан бири Богдан Авраменко 2023 йил кузида RFI учун интервюсида кўнгилли шифокорларнинг фронт чизиғи яқинидаги ишини шундай тасвирлаганди: «Биз доимий равишда вайрон бўлган касалхоналарда беморларни қабул қилдик. У ерларда фақат биринчи қават қисман ва шифохоналар ертўлаларидаги бомбапаналар ёки уй атрофидаги қайсидир жойлар бутун қолган бўлиши мумкин. Одамлар одатда шундай ерларда яшашади». 2024 йил апрел ойи ўрталарида олинган суратда FRIDA Ukraine шифокорлари Харкив областининг Слатино қишлоғида акс этган
Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ddp / Vida Press
Слатино Украинага кенг кўламли босқин бошида Россия қўшини томонидан эгаллаб олинган ва фақат 2022 йил баҳорида озод этилган. «Бу ерда босқинга қадар яшаган 6,5 минг кишидан ҳозирда фақат 200 га яқин киши қолган», — деб хабар берган ўшанда Харкив области раҳбари Олег Синегубов. У «душман бой посёлкани харобазорга айлантиргани»ни қўшимча қилган. Синегубовнинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон урушини бошдан кечирган вокзал ҳам вайрон бўлган. 2024 йил 16 апрелда олинган фотода Слатинодаги вокзал акс этган
Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ddp / Vida Press
«Одамлар кўп вақт бошпанада қолади, улар кунлаб, ҳафталаб у ердан чиқишмайди. Шундан кейин улар тиббий ёрдам олишмайди ва касалликлар кучаяди. Тиббиётчилар бундай ҳолатда „декомпенсацияланган пациентлар“ иборасини ишлатишади. Яъни оддий касалликлар, масалан, артериал гипертензияга чалинган беморлар. Аммо керакли ёрдамсиз касаллик ривожланиб, у оғир аҳволга тушиши мумкин», — дейди Богдан Авраменко озод этилган аҳоли яшаш пунктларидаги иш ҳақида. 2024 йил 16 апрел куни олинган фотода FRIDA Ukraine шифокорлари қабулига киришни кутаётган слатиноликлар акс этган
Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ddp / Vida Press
FRIDA Ukraine даволанишга муҳтож бўлган аҳоли вакилларини эвакуация қилиш билан ҳам шуғулланади. Аммо, Авраменконинг қайд этишича, одамларни, айниқса «кекса ёшли» беморларни уйларини тарк этишга кўндириш қийин. «Тушунтириш ишларидан кейин пациентлар одатда рози бўлишади, аммо уларни кўндириш учун жуда кўп вақт ва куч кетади. Улар уйга қайта олмасликларидан, кимдир уйларини тунаб кетишидан, душман зарбаси келиб тушиши ва ҳеч нарсасиз қолишидан қўрқишади», — дея ҳикоя қилган у
Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ddp / Vida Press

Волгограддаги «ВОИН» марказида машғулотлар

Россия ҳукумати Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан кейин мактаб ўқувчилари ва талабаларни «ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш»га киришган. Хусусан, 2023 йил майидан РФнинг 12 регионида «ВОИН» номли Ёшларни ҳарбий спортга тайёрлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш маркази ишламоқда. Ташкилот сайтида айтилишича, марказ Россия жанг санъатлари иттифоқи кўмагида ташкил этилган, уни тузиш ғоясини РФ президенти қўллаб-қувватлаган. «ВОИН» бўлимлари бошқа регионларда ҳам, жумладан Волгоград областида очилган.

Апрел ойида Волгоградда совет иттифоқи қаҳрамони А.М. Числов номидаги «Ёш лочин» спорт мактаби базасида «ВОИН» бўлими очилди
Кирилл Брага / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
Марказ сайтида айтилишича, машғулотлар дастурида — «пилотсиз учиш аппаратларини бошқариш, алоқани ташкиллаштириш, биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмалари, ёнғин асослари, тактик ва муҳандислик тайёргарлиги, Россия миллий хавфсизлиги асослари» ўрин олган.
Кирилл Брага / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
«Машғулотларни аксари ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиси бўлган инструкторлар олиб боради. Уларнинг барчаси махсус касбий қайта тайёрлаш дастурини ўзлаштириб, керакли малакага эга бўлишган», — дейилади Волгограддаги бўлим очилиши ҳақидаги хабарда
Кирилл Брага / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
«ВОИН»дагилар ҳисоблашича, Ёшларни ҳарбий спортга тайёрлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш марказида олинган билимлар «қандай касбни танлашдан қатъи назар керак бўлади»
Кирилл Брага / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
«Владимир Владимирович Путин вазифа қўйган — янги авлод ватанпарварларини тарбиялашни — биз уни бажаряпмиз», — деган 2024 йил апрел ойида «ВОИН» марказининг Волгограддаги бўлими директори Игор Воробёв
Кирилл Брага / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид