Британия ҳукумати мамлакат мудофаа саноатининг уруш режимига ўтганини эълон қилди
Келгуси 6 йил ичида Британия ўзининг мудофаа саноатини ривожлантиришга қўшимча маблағ ажратади, шунингдек, Украинага мудофаа ёрдами учун молиявий харажатларни оширади.
Буюк Британиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси уруш режимига ўтказилмоқда. Бу ҳақда Британия бош вазири Риши Сунак Полшага амалий ташрифи чоғида айтиб ўтди, унинг сўзлари ҳақида Iteria хабар берди.
«Биз Британия мудофаа саноатини уруш режимига ўтказамиз», деди у брифингда.
Бош вазир сўзларига кўра, келгуси 6 йил ичида Британия ўзининг мудофаа саноатини ривожлантиришга қўшимча маблағ ажратади, шунингдек, Украинага мудофаа ёрдами учун молиявий харажатларни оширади.
«Биз мудофаа харажатларини 2030 йилга бориб ЯИМ 2,5 фоизигача оширамиз. Дунё Совуқ Урушдан кейинги энг хавфли даврга кирганида Британия хотиржам бўлолмайди. Душманларимиз яқинлашганда, ўз манфаатларимиз ва қадриятларимизни ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак. Биз ҳозирги вазиятни танлаганимиз йўқ, лекин бунга жавоб беришимиз керак», деди Сунак.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин Украина билан чекланиб қолмайди. Украинани қўллаб-қувватламасликнинг оқибатлари Путин ҳаракатларини кечиктириш оқибатларидан аянчлироқ бўлади.
Қайд этилишича, Лондон Киевга қўшимча 618 миллион доллар бериш, шунингдек, 400 бирлик техника, 400 миллион ўқ-дори ва Storm Shadow ҳаво мудофаа тизимини юбориш мажбуриятини олади.
Мавзуга оид
19:02
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
00:46
Британияда одамларнинг ДНК маълумотларини сақлаб келган компания изсиз йўқолди
18:17 / 08.11.2024
АҚШ ортидан Британия ҳам Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясига қарши санкция киритди
22:11 / 07.11.2024