Британия ноқонуний мигрантларни Африкага депортация қилишни бошлайди
Баҳсли қонун лойиҳаси ҳукумат босими остида Лордлар палатаси томонидан маъқулланди.
Британия парламентининг юқори палатаси ҳукумат босими остида Британия ҳудудини ноқонуний кесиб ўтган мигрантларни Африканинг Руанда давлатига депортация қилиш ҳақидаги баҳсли қонун лойиҳасини қабул қилди. Қонун лойиҳаси 23 апрел куни Лордлар палатаси томонидан маъқулланди, деб ёзди Deutsche Welle.
Аввалроқ, Британия бош вазири Риши Сунак парламент 23 апрелгача қонунни маъқуллаши кераклигини таъкидлаб, «Ҳеч қандай «аммо, лекин» бўлмайди, бу рейслар Руандага жўнатилади», деган эди.
Парламентнинг ҳар икки палатасида аллақачон қабул қилинган қонун лойиҳаси Британия қироли Чарлз III томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.
Консерватив ҳукуматнинг умид қилишича, Марказий Африкага юборилиш истиқболи минглаб эҳтимолий ноқонуний мигрантларнинг Британияга қайиқ орқали келишига тўсқинлик қилади.
Қонун лойиҳасига кўра, Буюк Британияга ноқонуний кирган барча мигрантлар Руандага тижорат рейслари орқали депортация қилинади, улар у ерда бошпана сўраши мумкин.
Улар Буюк Британияга қайтарилмайди. Ҳукумат бу чоралар билан йилига ўн минглаб ноқонуний мигрантлар оқимини тўсиб қўймоқчи ва одам савдоси билан шуғулланувчи контрабандачилар бизнесини йўқ қилмоқчи.
Руандага ноқонуний мигрантларни депортация қилишни 2022 йилда Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Борис Жонсон таклиф қилган эди. Бу билан у Ла-Манш бўғози орқали ноқонуний мигрантларни ташиш бўйича бизнес моделни йўқ қилишни кўзлаган.
Шу билан бирга, Буюк Британия ва Руанда миграция бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади ва Лондон Руанда иқтисодиётини ривожлантиришга 120 миллион фунт стерлинг сармоя киритишга ва ноқонуний мигрантларнинг бу мамлакатда қолишини, уларнинг интеграциясини молиялаштиришга ваъда берди.
2023 йил ноябрида тегишли қонун лойиҳасининг қабул қилинишига Буюк Британия Олий суди томонидан тақиқ қўйилди. Суд Руандани мигрантлар учун хавфсиз мамлакат эмас деган қарорга асосланди.
Шундан сўнг, Сунак ҳукумати Руанда билан шартноманинг янги таҳририни имзолади. Унда Руанда томонидан ноқонуний мигрантларни ўз ватанига қайтариб юбормаслик кафолатлари бор.
Мавзуга оид
23:36 / 20.11.2024
Британиялик фермерлар янги мерос солиғи бекор қилинишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди
21:14 / 20.11.2024
Британияда 16 ёшгача бўлган болаларни ижтимоий тармоқлардан чеклаш масаласи кўриб чиқилади
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:53 / 20.11.2024