Ўзбекистон | 09:28 / 23.04.2024
7028
9 дақиқада ўқилади

Глобал тартиб, иқтисодий ҳамкорлик, таълим. Дэвид Кэмерон Марказий Осиё билан муносабатлардаги учта устувор йўналиш ҳақида

Буюк Британия ташқи ишлар вазири лорд Дэвид Кэмерон Ўзбекистонга ташрифи олдидан ўз мақоласида ҳамкорликни янги даражага кўтарадиган учта устувор йўналишлар ҳақида ёзди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири, собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонга ташриф доирасида Ўзбекистонга ҳам келиши кутилмоқда. Ташриф олдидан у ўз мақоласида ҳамкорликни янги даражага кўтарадиган устувор йўналишлар ҳақида ёзди.

Мен 2013 йилда Марказий Осиёга ташриф буюрган биринчи Буюк Британия бош вазири бўлган эдим. Қозоғистоннинг Остона ва Ўтрор шаҳарларида қадим маданиятга эга бўлган ушбу ёш мамлакат ўз иқтисодиёти ва жаҳондаги ўрнини қанчалик тез ўзгартираётгани мени ҳайратга солган эди. Ва мен мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қарор қилдим.

Бу ҳафта мен Марказий Осиёнинг барча бешта давлати ва Мўғулистонга ташриф буюрган илк Буюк Британия ташқи ишлар вазири бўламан — «Катта еттилик»ка кирувчи ҳамкасбларим орасида ҳам бундай миқёсдаги ташрифни амалга оширганлар кўп эмас.

Ўзига хос ноёб меросга эга ушбу олтита мамлакат ҳозир ҳам жадал ўзгаришларни бошдан кечиришда давом этмоқда. Улар ўз суверенитети ҳимоя қилинишини ва чегаралари дахлсизилиги ҳурмат қилинишини истайдиган мустақил давлатлардир. Мен уларнинг ҳар бири билан барчамизга фойда келтирадиган янада мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишни истайман.

Ҳамкорлигимиз доирасида кўплаб ютуқларга эришганмиз. Инглиз тили, ҳуқуқи ва таълим тизими Остона Халқаро молия маркази ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети каби муваффақиятли муассасаларнинг асосида турибди.

«Rio Tinto», «Shell» ва «BAE» каби компанияларнинг сармоялари йирик лойиҳаларга ҳисса қўшиб, иш ўринлари яратди ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирди. Биз Марказий Осиё тоғларидан Покистонга гидроэнергетика олиб келишга ёрдам бермоқдамиз. Улан-Батордаги тўртта буюк ижодкорларни улуғлайдиган «The Beatles» ҳайкали олдида ўн йиллар олдин мўғул ёшлари тўпланишарди, дастлаб бу ерда тақиқланган ғарб поп мусиқаси муҳокама қилинган бўлса, кейинроқ демократия томонга бурилиш шу ерда бошланган.

1990 йилларда ушбу минтақадан Буюк Британияга етиб борган энг эсда қоларли «экспорт», ўша пайтдаги бош вазиримизга меҳр билан совға қилинган, кейинчалик пойга ва кўргазма отига айланган Максат туркман айғири эди. Бугунги кунга келиб, ўтган йилнинг ўзида Марказий Осиёдан ўн минглаб одамлар бизнинг кенгайтирилган Мавсумий ишчилар дастуримиз бўйича Буюк Британияга ишлаш учун кетишди. «Air Astana», «Uzbekistan Airways» ва «Turkmenistan Airlines» ҳар ҳафта Лондонга бир нечта рейсларни амалга оширади. «Мўғул Хони» спектакли эса Лондоннинг «West End» театрида томошабинларни ҳайратда қолдирди.

Ҳозир эса яна олдингга қадам ташлаш вақти келди. Биз ҳозирда хавфлироқ ва ноаниқлик кучайган бир дунёда яшаяпмиз. Катта геосиёсий рақобатлар дунёнинг ушбу қисмидаги мамлакатлар учун маълум бир муаммоларни келтириб чиқаради. Қозоғистон ва Мўғулистондаги кучли сув тошқинлари — сўнгги йилларда чўлда тез-тез учрайдиган қурғоқчиликдан катта фарқ қиладиган манзаралар — иқлим ўзгаришининг ортиб бораётган хатарлари ҳақида эслатиб туради. Глобал технологик ва иқтисодий ўзгаришлар эса барчамиздан ёшларимизнининг фаровонлиги учун уларни керакли кўникмалар билан таъминлашимизни талаб қилмоқда.

Ҳеч биримиз ёлғиз ҳолда бу қийинчиликларни енгиб ўта олмаймиз. Буюк Британия ҳам худди Ўзбекистон каби бугунги ноаниқликларга тўла дунёда халқаро ҳамкорликни диверсификация қилишнинг аҳамиятини яхши тушунади.

Шунинг учун мен ушбу ташрифни амалга оширяпман, ва минтақадаги ривожланиш дастурларимизни уч баробарга оширилишини эълон қиляпман. Бундан мақсад биргаликда фуқароларимиз учун хавфсизроқ ва яхшироқ шароитлар яратишдир. Муносабатларимизни янги даражага олиб чиқиш учун учта устувор йўналиш мавжуд.

Биринчидан, глобал тартиб. Барчамиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг асосий тамойилларига ишончимизда якдилмиз. Суверенитет. Ҳудудий яхлитлик. Биз бутун дунёда ушбу тамойилларни ҳимоя қилиш учун биргаликда ишлашимиз лозим. Акс ҳолда, биз ўз суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимиз таҳдид остида қолиш хавфи билан тўқнашишимиз мумкин.

Коррупцияга қарши кураш ва минтақа санкцияларни четлаб ўтиш учун платформа бўлмаслигини таъминлаш — амалий ҳамкорликка мисоллардан биридир.

Шу билан биргаликда, биз ривожланиб бораётган хавфсизлик бўйича ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашимиз керак, мулоқотимизни чуқурлаштириб, хавфсизлик кучлари билан машғулотларни кенгайтиришимиз керак. Бу бизга Буюк Британия томонидан бутунлай қоралаган, яқинда Москвада содир этган даҳшатли ҳужумни амалга оширган «ИД-Хуросон» (ИДХВ) томонидан кучайиб бораётган таҳдидга қарши курашишга ёрдам беради.

Иккинчидан, иқтисодий ҳамкорлик. Буюк Британия компаниялари ушбу минтақадаги мамлакатларда нефть, газ ва бошқа табиий ресурслар салоҳиятини очишда катта роль ўйнашган. Эндиликда Буюк Британия кам углеродли, энергия тежамкорлиги баландроқ иқтисодиётлар учун зарур бўлган технология ва сармояларни жалб қилишда ёрдам бериши мумкин.

Ташрифим чоғида минтақадаги юқори салоҳиятли компанияларга сармоя киритиш учун Марказий Осиёда биринчи кичик ва ўрта хусусий капитал/венчур капитал фонди ташкил этилади. Биз Марказий Осиё компанияларини қўллаб-қувватламоқчимиз. Аммо Британия компаниялари ва тажрибалари учун ҳам муҳим рол бор.

Бутун минтақага хизмат кўрсатиш учун Бишкекда завод очаётган Уэльс компанияси «Concrete Canvas»ни олайлик. Уларнинг рулонли бетон технологияси бетонни арзонроқ ишлаб чиқариш, осонроқ ўрнатиш, жараённи тезроқ якунлаш имконини беради, ва бунинг ҳаммаси билан бир қаторда камроқ СО2 ҳосил қилинади. Бундай технологиянинг Марказий Осиёга кириб келиши суғориш каналларини таъмирлашни сифат жиҳатдан ўзгартириб, сизларнинг энг асосий ва муҳим ресурсларингиздан бири — сувни анча тежаш имконини яратади.

Ёки Остона Халқаро молия маркази мисолини олайлик. Мустақил инглиз судьялари билан халқаро умумий ҳуқуқ судларини жорий этиш орқали у мингдан ортиқ бизнесни жалб қилди ва бир неча йил ичида икки мингдан ортиқ низоларни муваффақиятли ҳал қилди. Очиқлик ва қонун устуворлиги инвестицияларни жалб қилади. Мен минтақадаги бошқалар ҳам шунга ўхшаш моделга қизиқиш билдираётганидан хурсандман.

Ниҳоят, таълим. Биз бу ерда янада кўпроқ инсонлар Буюк Британиянинг жаҳон миқёсида тан олинган университетларидаги таълим билан шахсан танишишлари учун «Chevening» стипендияларини молиялаштиришни икки баравар оширмоқдамиз. Шу билан бирга биз минтақанинг ўзида ҳам имкониятларни қўллаб-қувватлаяпмиз.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли ОТМларида Британиянинг ўнта таълим муассаси Буюк Британия дипломларини тақдим қилмоқда. Ковентри университети Остонада янги кампус очишга ва Бельфастдаги Қиролича университети эса янги икки даражали таълим дастурини йўлга қўйишга қарор қилди. «British Council», «Pearson» ва «Cambridge Education» каби гуруҳлар инглиз тилини ўқитиш стандартларини кўтаришга ёрдам бермоқда — бундай лойиҳалар, масалан, инглиз тилини иккинчи расмий тил даражасига кўтариш қарорига келган Мўғулистонда муҳим аҳамиятга эгадир.

Бизнинг мақсадимиз — барча фуқаролар, жумладан, аёллар ва қизлар учун таълим сифатини оширишдир. Бу уларнинг салоҳиятини тўлиқ очиш, шу орқали жамиятингизнинг тўлиқ салоҳиятини амалда қўллаш учун жуда муҳимдир.

Мен ушбу учта соҳани Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қилишни интиқлик билан кутяпман. Тошкентга ташриф буюришимдан ва бугунги Ўзбекистонни кўриб туриш насиб қилганидан мамнунман. Олдимизда катта имкониятлар турибди. Биз улардан биргаликда фойдаланишимиз керак.

Мавзуга оид