Жаҳон | 10:25 / 23.04.2024
1487
2 дақиқада ўқилади

Киев хорижда эркаклар учун консуллик хизматларини бекор қилади

23 апрелдан бошлаб хорижда яшовчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган украиналикларга консуллик хизматлари кўрсатилмайди, дея хабар беради Украинанинг «Зеркало недели» нашри.

Фото: РИА Новости/Макс Ветров

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг барча консулликларига хорижда бўлган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркак фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни вақтинча тўхтатиб туришни топширди. Бу ҳақда Украинанинг «Зеркало недели» нашри 22 апрел, душанба куни Украина ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Андрей Сибиганинг таҳририятга тушган хатига таяниб хабар берди. 23 апрелдан бошлаб барча консуллик хизматлари, Украинага қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришдан ташқари, ишламайди, дейилади хатда. Ҳозирча Украина расмийлари бу маълумотни расмий тасдиқлагани йўқ. 

Консуллик хизматларидан фойдаланишни чеклаш «Россия Федерациясининг Украинага қарши давом этаётган қуролли ҳужуми» муносабати билан ва Украина фуқароларининг «ҳарбий рўйхатга олиш масаласини ҳал қилиш масъулиятидан» қочишига йўл қўймаслик учун киритилмоқда, дейилади хатда. Ташқи ишлар вазирлигининг буйруғи май ойидан кучга кирадиган сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун қўлланиши бўйича «қўшимча тушунтиришлар олинмагунча» амал қилади. 

Украинада сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун 

11 апрел куни Украина Олий радаси сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги мунозарали қонун лойиҳасини иккинчи ва якуний ўқишда қабул қилди. Ҳужжатни ёқлаб 450 нафар депутатдан 283 нафари овоз берди. Беш кундан кейин қонунни Украина президенти Володимир Зеленский имзолади. 

Ҳарбий хизматга мажбур бўлган Украинанинг барча фуқаролари қонун матни эълон қилинганидан кейин 60 кун ичида ҳарбий рўйхатга олиш маълумотларини янгилашлари керак. Бу ҳудудий шакллантириш марказида (ҲШМ) ёки шахсий электрон кабинет орқали амалга оширилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид