Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўқувчилар йўлларда қурбон бўлмоқда: қоидабузар “қотил”ларга қачон жазо кучайтирилади?
Йўлларимиздаги ўлимлар ҳеч камаймаяпти. Жиззахда икки ўқувчи машина уриб кетиши натижасида ҳалок бўлганини эшитиб, кўнглимиздаги хижиллик тарқамасдан, Қашқадарёда ҳам 1-синф боласи шошқалоқ ҳайдовчининг қурбонига айланганини эшитдик.
Ўқувчиларнинг ўлими
Жиззахнинг Ғаллаорол туманида содир бўлган воқеада, Chevrolet Gentra автомашинасининг бахмаллик 26 ёшли ҳайдовчиси 2023 йилнинг декабр ойидан буён белгиланган тезликни ошириш билан боғлиқ 11 та қоидабузарлик содир этгани эътиборга молик.
Шунга қарамасдан, у Оқтом маҳалласи ҳудудидан ўтган, тезлик соатига 70 километр билан чегараланган Ўсмат-Бахмал автомобил йўлида қоидаларга зид равишда тезликни 100 km/h’гача оширган ва машина бошқарувини йўқотиши туфайли йўл четидан мактабга кетаётган икки нафар ўқувчини уриб юборган. Оқибатда 5- ва 7-синфларда ўқийдиган ўқувчилар оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этган.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида содир бўлган воқеада Damas уриб юборган ўқувчи ҳалок бўлган. 1-синф ўқувчиси, мактабдаги машғулотларини якунлаб, ўз уйи яқинидаги пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда юқори тезликда келаётган Damas машинаси уни уриб юборган.
Жарималар таъсирсиз
Аслида, менинг фикримча, айнан жарималарнинг ва белгиланган жазоларнинг етарли эмаслиги йўллардаги ўлим миқдорини камайтирмаяпти. Ўпкасини қўлтиқлаб газни босадиган ҳайдовчиларни ҳовуридан тушира олмаяпти.
Йўлда чекланган тезликдан ортиқ ҳайдаб, одам ўлимига сабаб бўлган айрим ҳайдовчилар қамоқ жазосидан ҳам қутулиб қолишяпти. Бу эса бундай мудҳиш авариялар аслида арзимаган бахтсиз ҳодиса, деган тушунча шаклланишига олиб келмоқда.
Самарқанднинг Тойлоқ туманида содир бўлган воқеага эътибор беринг. Ёш ҳайдовчи «зебра» устидан юриб ўтаётган кекса одамни машинасида уриб ўлдиряпти. Судда марҳумнинг қариндошлари «ўлган ўлди, ёш йигитнинг умри қамоқда хазон бўлмасин», деб даъвоси йўқлигини билдирган. Суд ҳайдовчига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаган. Анави йигит 6 ойдан сўнг яна бир одамни машинасида уриб ўлдирган.
Агар у биринчи қилмишидаёқ қамалганида, яна бир одам ўлиб кетмас эди.
Айни пайтда Жиноят кодексининг 266-моддасининг 1- ва 2-қисмида назарда тутилган қилмиш эҳтиётсизлик орқасидан содир этилган жиноят сифатида қаралади. Шу боисдан ҳам, уларга белгиланган жазолар нисбатан енгил.
Кодексга маст ҳолда автомобил бошқариб, одам/лар ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган жиноятни содир этса буни «қасддан содир этилган» қилмиш сифатида малакалашни назарда тутувчи ўзгартириш киритиш керак.
Ҳозир Тезликни оширганлик учун маъмурий жарималар ҳам кам. 20 km/h’гача оширганлик учун (ҳали бунинг +5 «бонуси» ҳам бор) 240 минг сўм жарима белгиланган. Бу қоида неча марта бузилса ҳам шу жарима тўланади, боз устига жарима 15 кун ичида тўланса — 50 фоизли, 30 кун ичида тўланса 30 фоизли «чегирма» ҳам белгиланган. Яъни жарима миқдори 170 минг сўм. Бундайроқ бир тушликнинг пули.
Бир пайтлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тезликни энг кам миқдорда ошириш бир йил ичида такрорий содир этилса орттирилган миқдорда жарималар белгиланган эди. Қандайдир қилиб, шу тартиб йўқ бўлиб қолди. Бинобарин, ҳайдовчиларимиз радарга тушишдан қўрқмай қолишди.
Тескари тарғибот
Шунча тарғибот, ташвиқот қилинаётгани, оширилган тезликни ўлчовчи радарлар қўйилаётганига қарамасдан йўллардаги ҳалокатлар камаймаяпти. Бу эса айрим ҳайдовчиларда радарларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқлиги, шунчаки ҳайдовчиларнинг чўнтагини қоқиштириш воситаси эканлиги тўғрисида нотўғри хулосалар беришига ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳайпга ўч айрим автоблогерлар ҳам бу тезисни бот-бот оммалаштиришмоқда.
Яъни уларга кўра, “йўлларда одамларнинг ўлиши қочиб ёки камайтириб бўлмайдиган нарса, радарлардан воз кечиш керак, ҳайдовчиларга аҳоли пунктлари ичида тезроқ ҳайдаб юришга қўйиб бериш керак”.
Ҳайдовчиларимиз тезликни ошириб ҳайдаш учун турли қинғирликлардан ҳам фойдаланишмоқда. Ҳозир масалан, Тошкентга қатновчи, хусусан Сурхондарё ва Қашқадарё таксилари ўртасида авторақамни радардан яшириб ҳайдаш авжига чиққан.
Автоблогерларимиз антирадар, авторақамни осон ечиб оладиган, яширадиган қурилмаларни реклама қилиш билан банд. Буларнинг барчаси қоидабузарликни камералар нигоҳидан яшириб, жаримадан қутулиб қолиш учун қилинаётган найранглар. Ҳаттоки, радарга тушганда жарима солиш тўғрисидаги қарорни суд орқали қандай бекор қилиш мумкинлигини ўргатувчи автоблогерлар ҳам кўпайиб кетди. Улар фуқароларга нотўғри ва чалғитувчи маълумот беришмоқда.
Йўллардаги ўлимларда уларнинг ҳам қўли борлигини билишармикан ўшалар?
Энг қизиғи, қоидабузарликни очиқча тарғибот қилаётган бундай автоблогерларга Ички ишлар вазирлиги ҳеч қандай чора ҳам кўрмайди. Нега бундайлиги ҳақида турли шубҳали тахминларга борасан, киши.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳам йўллардаги инсон ўлими билан боғлиқ автоаварияларни яширишга интилишади. Қайтага, тезликни оширишнинг оқибатларини кўрсатиб, ҳар бир ҳолатни ёритиш ўрнига. Чунки ҳайдовчиларнинг оғир қоидабузарлик содир этаётганини улар ўз вазифасини пухта бажара олмаётгани сифатида қабул қилишади. Юқорида турувчи идоралардан гап эшитишдан чўчишади. Шунинг учун «бизда ҳаммаси жойида» қабилида, хабарларни оммага чиқаришмайди.
Юқорида зикр этилган Қашқадарёдаги воқеани олайлик. Қашқадарё вилояти ИИБ ва ЙҲХБ ахборот хизматлари бу воқеа ҳақида умуман маълумот бермаган. Шаҳрисабзда содир бўлган ҳодиса ҳақида ҳам вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат берган.
Аввалроқ, Деҳқонобод туманида содир бўлган одам ўлими билан боғлиқ авария ҳақида ҳам Қашқадарё эмас, Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берган эди.
Менимча, асло бундай бўлмаслиги керак. Ўлим билан якунланган ҳар бир автоҳалокат ҳақиқий фожиа сифатида қабул қилиниши, одамларни ҳушёрликка чорлаш учун уни келтириб чиқарган сабаблар санаб ўтилиб, тарғиб қилиниши керак. Машина пачақ бўлди эмас, одам ўлди ахир!
Жазо кучайтирилиши лозим
Йўллардаги потенциал қотиллар учун жазо қатъийлаштирилиши керак. Юқорида таъкидлаганимдек, машинасида одам ўлдиришдан ҳайдовчилар чўчимай қолган. «Қариндошларини амаллаб рози қилсам, қамалмайман» ёки «қамалсам ҳам узоғи 1–1,5 йилда чиқиб келаман», деган юпанч уларда асло бўлмаслиги керак.
Бундай дейишимизга асос бор. Gazeta.uz сайти қизиқ маълумот билан бўлишди. Ўзбекистондаги йўл-транспорт ҳодисаларнинг тенг ярми пиёдаларни уриб кетиш билан боғлиқ экан. Журналист бу борада 50 та тасодифий суд ҳукмлари билан танишиб, ҳаттоки йўловчи вафот этган ҳолатда ҳам ҳайдовчиларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмаганига гувоҳ бўлган.
Қоидани бузиб, айтайлик, йўлни светофорнинг қизил чироғида кесиб ўтиб, белгиланган тезликни ошириб, носоз автомобил ҳайдаб одам ўлимига сабаб бўлдими, ҳайдовчи муқаррар озодликдан маҳрум этилиши билан бир қаторда, автоматик тарзда умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилиши керак.
Боз устига, бир йил давомида уч марта тезликни меъёридан оширган ҳайдовчи қисқа муддатга (2-4 йилгача) ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиши лозим.
Қоидабузар ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилиши ҳақида хўб ва кўп гапирилди. Қандайдир режалар ҳам қилинди. Лекин уни амалиётга жорий этиш пайсалга солиб келинмоқда.
Шундай йўл тутиш керакки, йўлларда фақат қоидаларга сўзсиз риоя қиладиган ҳайдовчилар қолсин.
Йил давомида тўпланган жарима балларига қараб, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси миқдори ҳам ошириб бориши керак. Ошганда ҳам дадилгина ошиши керак. Ҳозирги 40-60 минг сўмнинг икки баробари миқдорида ошириш иш бермайди, энг камида 50 баробари миқдорида ошириш одамларни ўйлашга мажбур қилади.
Бу ҳолда фақат сўнгги йилларда қоида бузмасдан, «тоза» ҳайдаш билан суғурта жарималарини камайтириш мумкин бўлсин. Айтайлик, биринчи йилда устама жарима 25 фоизга, иккинчи йилда 50 фоизга, учинчи йилда 75 фоизга ва фақат тўртинчи йилга келиб ҳайдовчи ундан буткул халос бўлсин. Ўртада яна жарима баллари тўпласа яна суғурта миқдори ошаверади.
Сўнгсўз ўрнида
Тўғри, катта шаҳарларимизда тиқилинч туфайли машиналар шундоқ ҳам илдам ҳаракатлана олмаяпти. Боз устига, шаҳар ва шаҳарчаларда тезликка ҳам соатига 60 километр лимит қўйилгани нохуш хабарлар сонини анча камайтирди. Эътибор бераётган бўлсангиз, мақола бошида тилга олиб ўтилган ҳар икки фожиа ҳам қишлоқлар ичидаги ички йўлларда рўй берган.
Демак, вилоятлардаги узоқ қишлоқларимизда ҳам тезликни тартибга солиш бўйича амалий чоралар кўриш фурсати етиб келган. Бу мактаблар олдига светофорлар, «ётиқ дўнглик» қўйиш билан, аҳоли пунктларига радарлар қўйиш билан амалга оширилиши керак.
Ички ишлар вазирлигининг ДЙҲХ бошқармаси эса йўллардаги фожиаларни яширмасдан, тарғибот масаласига алоҳида урғу беришлари лозим. Уларнинг ўзи бош вазифаси ҳам шу-ку?
Депутатларимиз эса жазо ва жарималарни қатъийлаштириш ҳақида ўйлаб кўришлари керак. Токи халқимизнинг норасида фарзандлари аллақандай қоидабузарнинг қурбонига айланмасин.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
14:01 / 24.05.2025
Ўзбекистонда болалар сайёҳлик дастури доирасида 1 млн ўқувчи мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши мумкин
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
13:58 / 29.04.2025
Хоразмда мактаб директори сочини ўрмаган ўқувчи қизни калтаклади
12:03 / 19.04.2025