Ўзбекистон | 10:34 / 23.04.2024
1810
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Британияда янги туризм йўналиши сифатида оммалашмоқда

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британиянинг Jules Verne сайёҳлик компанияси бошқарувчи директори Дебби О'Нилл ва лойиҳа менежери Тее Кроуфорд билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" хабарига кўра, мулоқот давомида Британия томонига мамлакатда туризм йўналишини ривожлантириш, мавжуд ва янги барпо этилаётган сайёҳлик мажмуалари, хорижий сайёҳлар учун таклиф этилаётган дастурлар, виза тартибини соддалаштириш тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Томонлар Буюк Британиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, бой туристик имкониятлар ва янги сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Дебби О'Нилл Ўзбекистон қадимий шаҳарлари, меъморий обидаларига бўлган қизиқиш ҳамда мавжуд визасиз тизим сабабли йил сайин хорижий сайёҳлар, хусусан британияликлар орасида оммалашиб бораётганини таъкидлади.

Музокаралар натижасида Jules Verne компанияси билан ҳамкорликда жорий йил давомида 500 дан ортиқ сайёҳларни мамлакатга юбориш ва компания расмий сайти орқали  Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этиш учун Uzbekistan your destination номли янги рукн очиш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид