Иқтисодиёт | 15:15 / 23.04.2024
5863
3 дақиқада ўқилади

Uzcard ва Humo терминаллари интеграцияси тест режимида ишга туширилди

ERA дастурий таъминотига эга 250 дан ортиқ Uzcard терминаллари Humo карталарини ҳам қабул қила бошлаган. Айрим супермаркетларда Humo пин-падлари Uzcard карталарига ҳам хизмат кўрсатяпти. 2023 йил охиригача якунланиши керак бўлган интеграция жараёни қачон охирига етиши маълум эмас.

Фото: Uzcard

2024 йил 1 апрелдан эътиборан айрим Uzcard терминаллари Humo банк карталарини ҳам қабул қила бошлади. Бу ҳақда Uzcard матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозирда ERA дастурий таъминотига эга 250 дан ортиқ онлайн касса терминаллари (Pax A930, оқ рангли) Humo карталарини ҳам қабул қила бошлаган.

“Навбатда – мамлакат бўйлаб яна ўн минглаб қурилмалар”, – дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Humo тўлови тизими берган хабарга кўра, айрим савдо нуқталарида ўрнатилган Humo пин-падлари орқали Uzcard карталари билан тўловларни амалга ошириш бошланган.

“Айни пайтда ушбу имконият синов тартибида Makro'нинг Тошкент шаҳридаги барча супермаркетларида, шунингдек “Korzinka – Salom" супермаркетида ишламоқда ва тез орада бутун тармоқ бўйлаб босқичма-босқич татбиқ этилади”, – дейилади Humo ахборотида.

Бу лойиҳанинг ишга туширилиши тўловларни қабул қилиш жараёнини оптималлаштиради ва хизмат вақтини қисқартиради.

Humo ва Uzcard тўлов тизимларини интеграция қилиш ўтган йили март ойида қабул қилинган президент қарорида белгиланган эди. Қарорга кўра, 2023 йил май ойига қадар банкоматлар, 2023 йил якунига қадар эса терминаллар интеграциясини якунлаш вазифаси қўйилганди.

Амалда эса банкоматлар интеграцияси 2023 йил 1 июндан бошланиб, бир ой давомида бу борадаги ишлар 92 фоизга якунланди. Терминаллар интеграциясининг синов жараёни эса 2024 йил апрелига келиб бошланди.

2024 йил январ ойида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев бу кечикишни “техник жараён” деб изоҳлаган, интеграция жараёни “биринчи чорак охиригача якунига етиши”ни айтганди.

  • Humo расмий сайтидаги маълумотларга кўра, тўлов тизими 200 мингдан ортиқ терминал, 5750 дан ортиқ банкомат ва 23 миллиондан ортиқ картани ўз ичига олади. 50 минг сўмгача бўлган контактсиз тўловлар учун PIN-код талаб этилмайди.
  • Uzcard расмий сайтида келтирилишича, тармоқдаги терминаллар сони 1815 тани, банкоматлар сони 6 мингдан ортиқни ташкил этади.

Мавзуга оид