Жаҳон | 10:12 / 24.04.2024
1815
3 дақиқада ўқилади

Москва суди Эван Гершковични ҳибсга олиш муддати узайтирилганини тасдиқлади

Апелляция суди Москва шаҳар судининг америкалик журналист Эван Гершковични ҳибсга олиш муддатини 2024 йил 30 июнгача узайтириш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирди.

Фото: AP

23 апрел, сешанба куни Москвадаги апелляция суди жосусликда айбланган The Wall Street Journal газетаси америкалик журналисти Эван Гершковични ҳибсга олиш муддатини 30 июнгача узайтиришга қарши апелляциясини рад этди, деб хабар берди AFP. 

«Биринчи апелляция суди 2024 йил 26 мартдаги эҳтиёт чорасини узайтириш тўғрисидаги қарорни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор чиқарди», — деди судя Александр Пушкин. Шу тариқа, Гершкович 30 июнга қадар тергов изоляторида қолади. Учрашув чоғида Гершкович AFP мухбири унинг ҳол-аҳволини сўраганида, табассум қилди ва бош бармоғини кўрсатди, деб ёзади агентлик. 

Эван Гершкович иши

The Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович 2023 йилнинг 29 мартида Екатеринбургда қўлга олинган ва кейинчалик жосусликда айбланган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, журналист «Америка томонининг кўрсатмаларига биноан Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». Гершковичнинг ўзи ҳам, нашр ҳам айбловларни рад этади. Оқ уй уларни «бемаъни» деб атади. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен «Қўшма Штатлар Эван Гершковични ватанига қайтаришга содиқлигини» таъкидлади. «Бугунгача Россия оддий сабабга кўра қонунбузарлик ҳақида ҳеч қандай далил келтирмади: Эван ҳеч нарса қилмаган», - дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

«Биз Россиянинг америкаликлардан савдолашиш воситаси сифатида фойдаланишга бўлган даҳшатли уринишларини қоралашда давом этамиз ва бундай уринишларни жазолашда давом этамиз. Эркин жамиятнинг устунлари - матбуот ва журналистларга ҳужум қилиш ёки таъқиб этишга интилаётган ҳар қандай шахсга кескин қаршилик кўрсатишда давом этамиз», - деди АҚШ президент Жо Байден Гершкович ишига изоҳ бериб.

Гершковични Вадим Красиковга алмаштириш муҳокамаси 

Жорий йилнинг феврал ойида Россия президенти Владимир Путин билан интервюда америкалик журналист Такер Карлсон унга Гершковични «яхши ният белгиси сифатида» озод қилишни таклиф этди, шунда Карлсон уни Қўшма Штатларга олиб кетиши мумкин бўларди. Бунга жавобан Путиннинг айтишича, Россия шунчалик кўп хайрихоҳлик кўрсатганки, у «барча лимитни тугатганга ўхшайди». Шунга қарамай, Путин Гершковични алмашиш вариантини рад этмади. 

The Wall Street Journal 2023 йил сентябрида Путин Россия махсус хизматлари ходими экани айтилаётган Вадим Красиковни озод қилишга шахсан буйруқ берганини ёзган эди. Красиков Германияда чечен бўлгинчиларининг собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. WSJ маълумотларига кўра, Красиковнинг исми Россияда жосусликда айбланиб судланган АҚШ фуқаролари Пол Уилан ва журналист Эван Гершковични алмашиш бўйича музокаралар чоғида тилга олинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид