Жамият | 16:08 / 24.04.2024
76380
3 дақиқада ўқилади

“Уч тирранча бир буюк санъаткорни лойга чаплаяпти” – Озодбек Назарбеков Қодиров ва Жўраевлар можароси ҳақида

Марҳум санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг фарзандлари ва Ботир Қодиров ўртасидаги можарога маданият вазири Озодбек Назарбеков муносабат билдирди. У марҳумнинг бундай ишларга лойиқ эмаслигини, мавзунинг муҳокамага қўйилишига қарши эканини айтди.  

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризасини киритгани ҳақидаги хабарларга Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўз муносабатини билдирди. Унинг айтишича, марҳумнинг тириклик вақтида ҳам, оламдан ўтганидан кейин ҳам уни муҳокамага қўйишга на Ботир Қодировнинг ва на Шоҳжаҳон, Зоҳиршоҳ Жўраевнинг ҳақи бор.  

“Бу гапни Жўраевларга, Зоҳирга ҳам айтдим. Хуллас, нима бўлганда ҳам уч тирранча бир буюк одамни муҳокамага қўйиб, ўлимидан олдин ҳам қилиқлари билан қанча муҳокамаларга сабаб бўлиб, энди ўтганидан кейин шу инсонга нисбатан [ҳаракатларнинг такрорланишига] биронтангнинг ҳаққинг йўқ эди. 

Нима бўлган тақдирда ҳам, бир буюк одамни уч тирранча ўзининг нафси, мақсади йўлида лой билан қориштириши, ҳар хил сабаблар бўлиши... Бу масалада менинг учаласига ҳам эътирозим бор. Мен учун [Шерали Жўраев] устоз ўзбек миллатининг маънавий бойлиги, бутун хонанда зотининг устози, ўзбек халқининг қаҳрамони сифатида бу одам бундай ишларга лойиқ эмасди”, – дейди у. 

Шунингдек, вазир Жўраевларга бундай масалаларда эҳтиёт бўлиш кераклигини тушунтирганини айтган. 

“Булар қилиб турган ишлар... Булар ҳозир эҳтиёт бўлиши керак: қиладиган ишим, айтадиган гапим, қилган хатти-ҳаракатим отамга “минус” бўлмайдими деб. Ҳаммасига айтяпман, ҳали сенлар обрў топиб, бир нарсани қойиллатганларинг йўқ. 

Отанг учун ҳурмат қиляпти [Жўраевлар назарда тутиляпти], ким ҳурмат қилаётган бўлса, отангнинг ортидан. Шундан фойдаланиб туриб, у одамнинг лойга чапланишига сабаб бўлиши керак бўлса, бу мавзунинг қўзғалишида табиийки, учала йигитнинг ҳам улуши бор. Бу одам бундай ишларга лойиқ эмасди, шунинг учун мен бунга қаршиман”, – деган у. 

Бундан ташқари, изоҳининг сўнгида Назарбеков Ботир Қодировнинг отаси ким эканига оид маълумотларни билмаслигини таъкидлаган.

Мавзуга оид