Вазирнинг “дакки”си, бу ишлардан зериккан Жўраевлар оиласи ва Ботир Қодировнинг иқрори – санъаткорлар нимани талашмоқда?
Хонанда Ботир Қодиров ва марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг фарзандлари ўртасидаги можаро яна кун тартибига чиқди. 5 йил олдин Шерали Жўраев унинг отаси эмаслигини айтган Ботир Қодиров оталикни белгилашни сўраб судга даъво аризаси киритди. Маданият вазири эса бу ишларни қоралаб чиқди.
Судга киритилган даъво
Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш даъвоси билан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво аризаси киритди. Марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг фарзандлари Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраев суд ишида жавобгар сифатида иштирок этмоқда.
Kun.uz’га маълум қилинишича, Ботир Қодировнинг даъво аризаси судга 2024 йилнинг 19 март куни келиб тушган. Ишни кўриш 15 апрелга белгиланган. Жавобгар вакили иш билан танишиш учун ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўрагани сабабли навбатдаги суд мажлиси 23 апрелга қолдирилган.
23 апрел кунги суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни, жумладан фотосуратлар, далолатнома ёзуви ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхасини талаб қилиб олиш учун ишни кўриш 2 майга қолдирилди.
“Оиламиз бу ишлардан зерикди”
Ботир Қодиров оталикни белгилаш ҳақида судга даъво аризаси киритгани ОАВда эълон қилингач, бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz билан боғланган Зоҳиршоҳ Жўраев оиласи бу ишлардан зерикканини билдирди.
“Бир одамнинг ўтиб кетган отаси руҳини безовта қилиш шартми? Суддан кейин аниқ фактлар билан чиқарилса, тўғри бўлади. Мен отамнинг хотирасини ҳурмат қилишлари тарафдориман. Отамиз ўтиб кетганидан кейин ҳам номини қоралаб қилинаётган пиардан оиламиз зерикди. Иложи борича отамнинг хотираси булғанадиган нарсага йўл қўйманглар.
Бу боланинг оиламизга мутлақо алоқаси йўқ, отамнинг фарзанди эмас. Унинг мақсади отамиздан қолган меросга даъво қилиш бўлмоқда”, деди у Kun.uz журналисти билан суҳбатда.
Kun.uz билан боғланган Зоҳиршоҳнинг адвокати Ботир Қодировнинг даъво талабларини рад этувчи далиллар етарли эканлигини, аммо касб этикаси ва судга таъсир ўтказмаслик заруратидан келиб чиқиб, буларни оммага ошкор қилмаслигини маълум қилди.
“Уч тирранча буюк санъаткорни лойга чаплаяпти”
Ботир Қодиров ва марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг ўғиллари ўртасидаги можарога Маданият вазири Озодбек Назарбеков муносабат билдирди. Вазирга кўра, марҳумнинг тириклик вақтида ҳам, оламдан ўтганидан кейин ҳам уни муҳокамага қўйишга йигитлар ҳақли эмас.
“Бу гапни Жўраевларга, Зоҳирга ҳам айтдим. Нима бўлганда тақдирда ҳам бир буюк одамни уч тирранча ўзининг нафси, мақсади йўлида лой билан қориштириши, ҳар хил сабаблар бўлиши... Бу масалада менинг уччаласига ҳам эътирозим бор. Мен учун устоз ўзбек миллатининг маънавий бойлиги, бутун хонанда зотининг устози. Ўзбек халқининг қаҳрамони сифатида бу одам бундай ишларга лойиқ эмасди.
Булар қилиб турган ишлар... Булар ҳозир эҳтиёт бўлиши керак: қиладиган ишим, айтадиган гапим, қилган хатти-ҳаракатим отамга “минус” бўлмайдими? Ҳаммасига айтяпман, ҳали сенлар обрў топиб, бир нарсани қойиллатганларинг йўқ.
Отанг учун ҳурмат қиляпти ким ҳурмат қилаётган бўлса. Шундан фойдаланиб туриб, у одамнинг лойга чапланишига сабаб бўлиши керак бўлса, бу мавзунинг қўзғалишига табиийки уччала йигитнинг ҳам улуши бор. Бу одам бундай ишларга лойиқ эмасди, шунинг учун мен бунга қаршиман”,– деди Озодбек Назарбеков.
Бундан ташқари, изоҳининг сўнгида Назарбеков Ботир Қодировнинг отаси ким эканига оид маълумотларни билмаслигини, фақат миш-мишлардан хабардорлигини таъкидлаган.
“Менинг отам Шерали Жўраев эмас”
Ботир Қодировнинг ўзи 2019 йилда Milliy TV’нинг “Нишонда” кўрсатувига берган интервюсида Шерали Жўраев унинг отаси эмаслигини айтган эди.
У журналистнинг “Сиз ўзи Шерали Жўраевни ота деб биласизми?” деган саволига бу мавзу у билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган.
“Мен бу саволга жавоб беришни хоҳламайман. Сабаби бу мавзу мен билан боғлиқ эмас. Мен ўзимни бу мавзуга боғлиқ шахс деб билмайман ва бу мавзу умуман менга бегона. Мен Ботир Қодировман, менинг отам Шерали Жўраев эмас”, деган у.
Хонанда бўлиб ўтаётган ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказмоқчи эканлигини билдирган.