АПЛда чемпионлик пойгаси. «Ливерпул» курашдан чиқмоқда
Ғалати гол ва вазиятлардан фойдалана олмаслик – «Ливерпул» мавсумни совринсиз якунлаши деярли аниқ.
Клопп жамоаси дербида «Эвертон»га ютқазди
«Эвертон» — «Ливерпул» 2:0
Голлар: Брэнтуэйт (27), Кэлверт-Люин (58).
«Эвертон» – Пикфорд, Годфри, Тарковски, Брэнтуэйт, Миколенко (Янг, 46), Ҳаррисон, Гуйе (Онана, 75), Дукуре, Гарнер, Кэлверт-Люин (Шермити, 90+4), Макнил.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд (Гомес, 84), ван Дейк, Конате (Куанса, 63), Робертсон (Цимикас, 84), Собослаи (Эндо, 63), Мак Аллистер, Жонс (Эллиотт, 63), Салоҳ, Диас, Нунес.
Огоҳлантиришлар: ван Дейк (37), Диас (90+3).
«Эвертон» Чемпионшипга тушиб кетиш хавфи остида қолганди. У ҳолда АПЛ Ливерпул дербисидан маҳрум бўлиб, кўп нарсани йўқотган бўларди. Шон Дайч жамоаси навбатдаги оғир мавсумни ўтказди – ўйинлардан ташқари FA қарорига кўра ҳам мунтазам очко йўқотди, аммо «Ливерпул»га қарши кечган ўйин «Эвертон» мухлисларининг кайфиятини кўтарди.
Биринчи бўлимнинг 30 дақиқаси давомида майдонда «Ливерпул»нинг борлиги сезилмади. Ва бу ўтган турдагидан фарқли ўлароқ, Муҳаммад Салоҳ ҳам, Дарвин Нунес ҳам, Алексис Мак Аллистер ва Доминик Собослаи ҳам бошланғич таркибда тушганида рўй берди. Олтинчи дақиқадаёқ ҳакам «Эвертон» фойдасига пеналти белгилади, аммо вазиятга VAR аралашиб, офсайд қайд этди. Кўп ўтмай Доминик Калверт-Люин қулай вазиятни йўққа чиқарди, бу эса ажабланарли эмас (у АПЛда бу мавсумда xG бўйича вазиятлардан фойдаланишда энг ёмон футболчи).
Ва 27-дақиқада «Эвертон» «Ливерпул» жарима майдони ичида юзага келган талатўп ва рикошетлардан фойдаланиб барибир ҳисобни очди. Жарима зарбаси ижро этилиши давомида Бен Годфри зарба берди – тўпни Эндрю Робертсон тўсди, аммо жарима майдони ичидан қайтиб чиқаётганида тўп Кертис Жонсга тегиб Алексис Мак Аллистер томонга борди, у эса тўпни узоқлаштира олмай, уни Жерред Брэнтуэйтнинг оёқлари остига ташлаб берди, ҳимоячининг зарбаси қадар кучли чиқмаган бўлса-да, Алиссон уни тўхтата олмади.
Фақат шундан кейингина «Ливерпул» уйғонди. Амалда бу ўйин Юрген Клоппнинг бу мавсумидаги бошқа ўйинларидан у қадар фарқ қилмайдиган тарзда бошланганди. Жамоа бу мавсумда ҳисобда ортда бора туриб қўлга киритилган очколар сони бўйича яққол етакчи бўлиб турибди. Бўлимнинг иккинчи қисмида Салоҳда яхши, Нунесда эса жуда қулай вазият юзага келди. Аммо унинг зарбаси Жордан Пикфорднинг ўзига борди.
Бўлим охирида эса Луис Диас ҳам қулай позицияда туриб тўпни Пикфордга қарата тепди.
Умуман олганда, ушбу дарвозабон биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам бир неча бор қутқарди. Англия миллий жамоаси дарвозабони – «Арсенал» вакили Давид Райяга «олтин қўлқоп» (у Англия чемпионатида энг кўп қуруқ ўйинлар ўтказган дарвозабонга берилади) учун курашдаги ягона рақобатчи.
«Ливерпул» вазият ортидан вазиятларни йўққа чиқараркан (Салоҳнинг ўзи ўйин давомида етти бор зарба берди), мезбонлар вақт чўзишга ўтишди ва тўпни жарима майдони атрофидан узоқлаштириш билан шуғулланишди. 58-дақиқада эса «Эвертон» иккинчи бор дарвозани ишғол этди. Ва буни мавсум омадсизидек кўринаётган Калверт-Люин амалга оширди. Ҳужумчи бош билан олис бурчакни аниқ нишонга олди. Ҳатто у ҳам гол урар экан, рақиб бундай ўйинни ютиши қийин эди.
«Ливерпул» жавоб қайтаришга ҳаракат қилди, Диаснинг зарбаси устунни титратди, Клопп футболчиларни алмаштириш орқали ўйинда бурилиш ясашга уриниб кўрди, аммо ҳисоб ўзгармай қолди – 0:2. Бу чемпионлик амбициялари учун катта зарба.
- «Эвертон» «Ливерпул»ни уйда сўнгги бор узоқ 2010 йилда мағлуб этганди – ўшанда ҳам 2:0 ҳисобида. Тим Кэйҳилл ҳисобни очган, «Арсенал»нинг бўлажак бош мураббийи Микел Артета ҳисобдаги фарқни оширган.
- Шундан кейин «Эвертон» АПЛ доирасидаги 12 та уй ўйинида қўшниларни мағлуб эта олмади (9 дуранг ва 3 мағлубият).
- «Эвертон» «Ливерпул»га 2021 йилдан буён илк бор гол урди. Бунга қадар тўртта ўйинда икки жамоа ҳам дарвозага йўл топа олмаган – 0:0 ва учта ўйинда 0:2 ҳисобида ютқазган. Узоқ кутилган уй ғалабаси 2021 йил февралидан буён илк ғалаба бўлди – «Эвертон» ўшанда «Энфилд»да 2:0 ҳисобида устун келганди.
«Ливерпул»да соврин учун имконият қолдими?
«Эвертон» эса жонбозлик кўрсатиб, ўзининг мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этди ва катта эҳтимол билан АПЛда қоладиган бўлди. Дайч жамоаси қолган тўрт турда саккиз очколик фарқни бой бериши даргумон. Турнир жадвалининг қуйидаги жамоалар қолган барча ўйинларда ижобий натижага эриша олмаслиги тайин, шундай экан, «Эвертон» қолган барча ўйинларда ютқазса ҳам, АПЛда қолади.
«Ливерпул»да мавсум якунига қадар тўрт ўйин қолди. Амалда жамоа учун мавсум тугади дейиш ҳам мумкин. Клопп шогирдлари Лига Кубоги, Англия Кубоги ва Европа Лигасини тарк этган. АПЛда эса ўйинлар сони тенг ҳолатда «Арсенал»дан уч очко ортда (очколар сони тенг келиб қолса ҳам тўплар нисбатига кўра устунлик лондонликларда), иккита захира ўйини бор «Манчестер Сити»дан эса атиги бир очко олдинда. Чемпионлик пойгасидаги бу икки рақобатчи ҳам қолган ўйинларда очко йўқотиши қийин. Шундай экан, Клоппнинг «Ливерпул»даги охирги мавсуми совринсиз якунланиши ойдинлашмоқда.
АПЛ финишида турнир жадвалидаги вазият:
«Ливерпул»ни «Вест Ҳэм» ва «Астон Вилла»га қарши қийин сафар ўйинлари кутмоқда, уйда «Тоттенҳэм» ва «Вулверҳэмптон» қаршилигини енгиш ҳам осон кечмайди.
«Арсенал» дастлаб ашаддий рақиби «Тоттенҳэм»га қарши сафар ўйинида қийин синовдан ўтиши керак, жамоаларнинг биринчи даврада «Эмирейтс»да кечган ўйинида кучлар тенг келганди (2:2). Кейин эса «Борнмут» (уй), «МЮ» (сафар) ва «Эвертон» (уй) билан ўйинлар белгиланган.
«Сити» пайшанба куни «Брайтон»га қарши сафар ўйинини ўтказади, яна бир захира ўйини ҳам сафарда «Тоттенҳэм» билан бўлиб ўтади. Қолган рақиблар: «Ноттингҳэм Форест» (сафар), «Вулверҳэмптон» (уй), «Фулҳэм» (сафар), «Вест Ҳэм» (уй).
Мавзуга оид
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
11:50 / 24.11.2024
«Сити» яна 4 та гол ўтказди, «Барса» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
11:13 / 10.11.2024