Ўзбекистон | 21:30 / 25.04.2024
17215
6 дақиқада ўқилади

“Боғлар халққа қайтарилиши керак” — фаоллар Тошкентда яна иккита боғ инвесторга берилганидан норози

Тошкент шаҳри ҳокими “Дўстлик” (собиқ Бобур) ва Абдулла Қодирий боғларини 49 йилга BMP Smart Decision компаниясига ижарага бериб юборгани кўплаб жамоатчилик фаолларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Инвестор “Дўстлик” боғида ўнга яқин аттракционлар, Абдулла Қодирий боғида эса ресторанлар қурмоқчи.

“Дўстлик” боғида шовқин-суронли аттракционлар ва бошқа қурилишлар бўлишига қарши чиқаётган аҳоли вакиллари петиция тайёрлаб, имзо тўплашни бошлаб юборган.

“Ҳозирги парк бизга маъқул. У тинч ва сокин, майсада ётсанг ҳам бўлади, болалар бехавотир дам олиб, самокат учиши мумкин, – деган Gazeta.uz билан суҳбатда яккасаройлик Аида. — Бизга мусиқий фаввора ва муз майдончасининг мутлақо кераги йўқ, чунки бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда бошқа кўнгилочар парклар бор. Афсуски, бу ерда шундоқ ҳам уйлар қуриб ётишибди, қурилишлар боғимизни қуршаб оляпти. Тақдимотнинг ўзидан кўриниб турибдики, биз камида 30 фоиз дарахтдан айриламиз. Агар давлат ёрдам бермоқчи бўлса, суғориш учун пул ажратсин, чунки орада ўзимиз челакда сув ташиб, дарахтларга қуйдик”.

Davletovuz Telegram-канали муаллифи ҳозиргидек оғир экологик шароитда ижтимоий неъмат бўлмиш боғлар хусусийлаштирилмаслиги, хусусий қўлларга турли номлар остида берилмаслиги кераклигини айтди.

“Агар ташландиқ бўлиб қолган бўлса, унинг ечими хусусий секторга беришда эмас. Атайин қаровсиз қолдириб, молиявий ресурс ажратмасдан ташландиқ ҳолга келтириб, кўзни шамғалат қилишдан бошқа нарса эмас бу. Баландпарвоз ваъдаларга ишонмаслик лозим”, – дея ёзди блогер.

Davletovuz канали айни шу инвесторга берилган Ғафур Ғулом парки “бошдан-охир тадбиркорга пул келтирадиган тижорат масканига” айланганидан ёзғирган. “Ҳар бир қаричида пул келтирадиган матоҳлар ўрнатилган. Халқ ҳатто у ердаги дарахтлар соясидан ҳам қарийб мосуво бўлиб улгурган. Халққа тўртта-бешта скамейка, 300-400 метр пиёда юришдан бошқа бепул ҳеч нарса қолмаган”, – дейди жамоатчилик фаоли.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам боғларнинг инвесторларга берилишини қоралаб чиқди. У боғлар халққа қайтарилиши кераклигини айтиб, “шаҳарнинг ўпкаси бўлган боғлар тақдирини хавф остида қолдириш жиноят билан тенг” деган фикрни билдирди.

“Одамларга тинч ва сокин, ҳеч қандай аттракционсиз, ҳеч қандай шовқин-суронсиз, ҳеч қандай дўконлар-у, савдогарларсиз боғлар керак. Бундай боғлар билан таъминлаш давлатнинг мажбурияти. Янада аниқроқ айтсак, шаҳарларда бу мажбуриятни шаҳар ҳокимлиги таъминлаб бериши шарт”, – деган ҳуқуқшунос.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг фикрича, давлат олдида “Дўстлик” паркини инвесторга бериш ва бермасликдан ташқари учинчи йўл – уни худди Экопарк каби аттракционларсиз, Япон боғи каби шовқин-суронсиз, сокин хиёбонга, эҳтимол, улардан-да яхшироқ жамоат маконига айлантириш имкони бор.

“Тошкент ичида аттракционли-кўнгилочар парклар қуриш, мавжуд паркларни савдо мажмуасисифат маконларга айлантириш амалиётини тўхтатиш шарт. Шаҳар бетартиб қурилишлар, тартибсиз реклама, умуман, тартибсизлик ва шовқиндан ёрилай деяпти. Бундай шаҳарда яшовчи одамлар учун сокин маконлар – ҳаётий зарурат”, – дея таъкидлади у.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга кўра, шаҳардаги яшил боғлар тижорий мақсаддаги кўнгилочар маконга айланиши – иқтисодий жиҳатдан ҳам хато бўлади.

“Дунёдаги барча нормал шаҳарларда: Парижда ҳам Диснейленд Люксембург боғининг ичида қилинмаган, шаҳардан 50 кмда қурилган ёки Токиода ҳам император боғини қуритиб, Диснейленд қуришмади – қўшни шаҳар Чибада қуришди. Бундай рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Хоҳлаган яхши шаҳарингизда шундай тўғри қарор қабул қилинган. Ҳатто Москвада ҳам, 90-йилларда паркларнинг ичида сал бетон қилиб, аттракцион қилинганидан кейин, ҳукумат ақлини йиғиб олиб, паркларни шаҳарга, одамларга қайтарган. Биз ҳам 90-йиллардаги Москванинг хатосини қилмоқдамиз”, – деб ёзади Ҳошимов.

Яна бир иқтисодчи Ботир Қобилов боғларни маҳаллий бюджетда пул йўқлиги учун инвесторга бериш мантиққа тўғри келмаслигини, шаҳар аҳолиси солиқларни инфратузилма учун тўлаётганини эслатиб ўтади.

“Бу лотерея эмас, жамоат боғлари бу ижтимоий товар ва уларни давлат ўз қарамоғида қолдириши шарт. Агар шаҳар бу иш билан яхши шуғуллана олмаётган бўлса, демак муаммо шаҳарда ва у иш билан яхшироқ шуғулланиш керак. Боғга қарайдиган кадр йўқ, пул йўқ дейиш мантиққа тўғри келмайди, шаҳар аҳолиси солиқларни айнан шунинг учун ҳам тўлайди. Шаҳар бошқарувчилари, яъни хизматчилари қачондир алмашади, бу табиий жараён, лекин аҳоли қолади. Боғ ҳам аҳолида қолиш керак”, – деган иқтисодчи.

“Адолат” ва Экология партиялари ҳам бу борада ўз муносабатини билдирди. Депутатлар масъулларни бундай қарорлар чиқаришдан олдин жамоатчилик билан ҳисоблашиш, реконструкция жараёнида дарахтларга зиён етказилишига йўл қўймасликка чақирди.

“Истироғат боғлари халқники бўлиши керак!” – дея таъкидлайди “Адолат” партияси ўз баёнотида.

“Шаҳар марказларида яшил боғларни барпо этиш ҳаётий зарурат ва дунё трендига айланган. Аттракционли кўнгилочар парклар эса асосан шаҳарлар ташқарисида жойлаштирилади”, – дея қайд этган Экопартия.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши раиси Фурқат Маҳмудхўжаев Kun.uz'нинг инвесторга берилган боғларнинг ҳозирги номи ўзгармай қоладими деган саволига жавобан бу масалада Топономик комиссия билан маслаҳатлашилишини айтганди.

Мавзуга оид