Зеленский: Россия глобал тинчлик саммити ўтказилишига халақит бермоқчи
Украина президенти хорижий давлатларга Москванинг Швейцариядаги тинчлик конференцияси иштирокчилари сонини қисқартириш режалари ҳақида улар билан разведка маълумотларини алмашишга ваъда берди.
Россия июн ойида Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилган Глобал тинчлик саммити ўтказилишига халақит бериш ниятида. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 24 апрел, чоршанба куни Украинада аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, Украина хорижий дипломатик муассасалари раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтди.
«Бизда разведкадан аниқ маълумотлар бор, Россия нафақат Тинчлик саммитини бузмоқчи, балки аниқ режаси бор: буни қандай қилиш керак, мамлакатлар иштирокини қандай камайтириш лозим, тинчлик бўлмаслиги учун қандай ҳаракат қилиш талаб этилиши борасида. Биз сиз билан, азиз ҳамкорлар, дипломатик даражада, разведка даражасида Россиянинг режалари бўйича маълумот алмашамиз ва биз бунга биргаликда қарши туришимиз керак - адолатли дунё учун бирликда ҳаракат қилишимиз шарт», дея Украина президенти сайтида Зеленскийнинг сўзлари келтирилган.
Украина давлати раҳбари Швейцарияда Украинадаги урушни тугатиш имкониятларини муҳокама қилиш бўйича саммит бу йўналишдаги «биринчи ҳақиқий дипломатик қадам» бўлишини таъкидлади. «Ва мен бу шунчаки уриниш эмас, балки ҳақиқий натижа бўлишини жуда хоҳлайман», деб таъкидлади Володимир Зеленский.
Саммит Киевнинг «тинчлик формуласи»га асосланади
Украина президенти матбуот хизмати Глобал тинчлик саммити Киев таклиф қилган «тинчлик формуласи» асосида ўтказилишини эслатди. Ушбу режа ўн банддан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида ишчи гуруҳ ишлайди, дейилади пресс-релизда. Хусусан, гап Россия қўшинларини Украинанинг бутун ҳудудидан олиб чиқиб кетиш, Киевга товон пули тўлаш ва Россия расмийларини судлаш учун махсус трибунал ташкил этиш ҳақида бормоқда.
Украинага қарши урушни тугатиш имкониятлари муҳокама қилинадиган Швейцариядаги саммитга Россия таклиф қилинмади. Москва, ўз навбатида, Россия Федерацияси иштирокисиз бундай учрашувнинг мантиқий бўлмаслигини таъкидлади.
Тинчлик конференцияси 15-16 июн кунлари Люцерн яқинида жойлашган Бюргеншток курортида бўлиб ўтиши ва унда 80-100 та давлат иштирок этиши кутилмоқда. Саммит 2023 йилда Дания, Саудия Арабистони ва Малтада, 2024 йил 14 январда Давосда бўлиб ўтган Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича тўртта олдинги конференцияга ўхшаш бўлиши керак. ОАВ маълумотларига кўра, Украина Бюргенштокдаги учрашувга Хитой раҳбари Си Жинпингни ҳам таклиф этган.
Мавзуга оид
08:31
AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024