АҚШда аксилисроил намойишлар, Украинага $6 млрдлик қўшимча ёрдам, Милейга қарши аргентиналиклар — кун дайжести
Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазода Исроил агрессияси қурбонлари сони ошишда давом этмоқда.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушнинг 202-кунига келиб, қамал қилинган эксклавда ўлдирилганлар сони 34 минг 305 кишига, ярадорлар сони эса 77 минг 293 кишига етган.
Сўнгги сутка ичида исроиллик ҳарбийлар 5 та оммавий қирғин уюштиришган ва унда 43 киши ҳалок бўлган, 64 киши яраланган.
7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлган журналистлар сони 141 кишига етган.
Сўнгги ҳалок бўлган журналист Фаластиннинг «Ал-Анн» ахборот агентлиги ходими Муҳаммад Бисам ал-Жамол бўлди. У ўзининг Рафаҳдаги уйига берилган Исроил армиясининг авиазарбаси туфайли ҳалок бўлган.
Қизил денгиздаги вазият
Ямандаги исёнчи ҳусийчиларнинг қуролли кучлари Адан қўлтиғида Исроилга тегишли иккита, Америкага тегишли битта кемага ҳужум қилишгани айтилмоқда.
Яманнинг ҳусуйчилар бошқаруви остидаги қисми қуролли кучларининг вакили, бригада генерали Яҳё Сариянинг баёнотига кўра, тўртта операция ўтказилган. Улар Исроилга тегишли MSC Darwin ва MSC GINA кемаларига зарба берган. MSC GINA иккинчи бор Адан қўлтиғида ҳусийчилардан зарба еган.
Шунингдек, Америкага тегишли MAERSK YORKTOWN кемаси ҳам нишонга олинган. Ундан ташқари Американинг бир ҳарбий кемаси ҳам ракета нишонига айлангани таъкидланмоқда.
Кемаларга денгиз ракеталари ва учувчисиз бошқариладиган парвоз қурилмалари билан зарба берилган.
Токи Ғазода ўт очиш тўхтатилиб, блокада ечилмагунча ҳусийчилар Қизил ва Арабистон денгизларида, шунингдек, Ҳинд океанида Исроил кемаларини қамалга олиш бўйича ўз ҳарбий операцияларини давом эттиравериши маълум қилинган.
Америкадаги аксилисроил намойишлар
Американинг бир қатор шаҳарларида талабалар Фаластинни қўллаб, Исроилга қарши намойишлар ўтказишган. Талабалар кампуслардаги ўтлоқларга чодир тикиб, ўтириб олиб ўз норозиликларини билдиришган.
Намойишлар тўлқини энг машҳур Ҳарвард университетига ҳам етиб борган. У ерда ҳам талабалар ўтириб норозилик билдиришга ҳаракат қилишган.
Полиция ушбу намойишларни тарқатиш учун куч ишлатишга мажбур бўлгани, Фаластинни қўллаб-қувватловчи юзлаб фаол талабалар, профессор-ўқитувчилар, ҳаттоки журналистлар ҳибсга олингани маълум қилинмоқда.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаяҳу ғарб давлатларидаги университетларда Фаластинни қўллаб-қувватлаш даражаси ошиб бораётганидан ташвишда эканини билдирган.
«Антисемит талабалар тўдалари етакчи университетларни эгаллаб олишди. Улар Исроилнинг йўқ қилинишини исташади. Улар яҳудий талабаларга ҳужум қилишмоқда. Буларнинг барчаси 1930-йилларда немис университетларида содир бўлган воқеаларни эслатмоқда», — дея бўғриққан Нетаняҳу.
Албатта, у бу норозиликларга асосий сабаб Ғазодаги тинч аҳолининг қирғин қилинаётгани экани ҳақида лом-мим демаган.
Украинага ёрдам
Америка эртага Украина учун 6 млрд долларлик улкан ёрдам пакетини эълон қилади, деб ёзмоқда Politico нашри.
У Ҳаво ҳужумидан ва ракета ҳужумини қайтарувчи Patriot тизимлари, артиллерия ўқ-дорилари, учувчисиз бошқариладиган парвоз қурилмалари, дронларга қарши воситалар, қирувчи самолётларга ўрнатиладиган «ҳаво-ҳаво» типидаги ракеталардан иборат бўлади.
Бу куни кеча президент Байден томонидан имзоланган 61 млрд долларлик ёрдам пакетидан ташқаридаги алоҳида ёрдам бўлади. Қурол-яроғлар ишлаб чиқарувчилардан босқичма-босқич харид қилиниб етказилади.
Украинадаги уруш
АҚШ Украинадаги фронтда яқин ҳафталар ичида тактик муваффақиятга эришиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу ҳақда Оқ уй вакили Жейк Салливан брифинг чоғида айтиб ўтган.
Унинг баёнотига кўра, Украина Америкадан ёрдам кечикиши оқибатларини ўз танасида ҳис қилиб кўрган ва бир қатор ҳудудларидан ажралган.
АҚШ Украинага ATACMS тактик ракеталарини етказиб беришда давом этади, деган Салливан ўз баёнотида. Киев ушбу ракеталардан Украинанинг ўзининг 1991 йилдаги чегаралари доирасида фойдаланишга Вашингтонни ишонтирган.
Шунингдек, Пентагон Украинага Қримдаги нишонларга зарба бериш учун ATACMS ракеталаридан фойдаланишга изн берди, деб ёзмоқда The New York Times нашри.
АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Пентагонда бўлиб ўтган брифинг чоғида узоқ масофадаги нишонларга зарба бериш қобилиятига эга янги тизимларнинг мақсади айни пайтда Россиянинг ҳарбий-ҳаво ва қуруқликдаги кучлари жойлаштирилган ва ўзини бирмунча хавфсиз ҳис қилиб турган Қримга босим уюштиришдан иборат.
Аввалроқ АҚШ сўнгги ҳафталарда Украинага 300 километр радиусда ҳаракатланувчи ATACMS ракеталарини яширинча етказиб бергани ва ўтган ҳафтада Украина уларни илк бор Қримда қўллагани хабар қилинган эди.
Путин Европа учун нолегитим
Европарламент Владимир Путинни Россиянинг ноқонуний президенти деб тан олган резолюцияни қабул қилди. Резолюцияга кўра, сайловлар қўрқув ва қатағон муҳитида, Украинадаги агрессив уруш фонида ўтказилган.
Резолюцияда, шунингдек, «Россия фуқаролик жамияти ва демократик мухолифатни фаол қўллаб-қувватлаши кераклиги» қайд этилган. Айбловга Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳам «сайлов» ўтказилгани сабаб бўлган.
«Парламент Россияда ва Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида ўтказилган ноқонуний президентлик сайловини қоралайди. 2024 йил 15–17 март кунлари Россияда бўлиб ўтган президентлик сайловидан сўнг, Европарламент аъзолари Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва халқаро ҳамжамиятни уларнинг натижаларини қонуний деб тан олмасликка чақирмоқда, чунки улар ноқонуний босиб олинган ҳудудларда ўтказилган. Сайлов Украинада ҳам, Россияда ҳам на эркин, на адолатли бўлди», дейилади баёнотда.
Европарламент депутатларига кўра, бу «бемаъни томоша»дан кўзланган ягона мақсад Владимир Путин учун сайловнинг қонунийлиги, унинг ички қатағон сиёсати ва энг муҳими, Украинага қарши тажовузкор уруши учун кўриниш яратиш эди.
Европарламент Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи позициясидан чекиниб, Владимир Путинни қайта сайлангани билан табриклаганидан «афсусда» эканини ҳам билдирган.
Резолюцияни 493 нафар депутат ёқлаган, 11 депутат қарши бўлган, 18 нафари бетараф қолган.
Аргентинада ислоҳотларга қарши намойишлар
Бутун Аргентина бўйлаб либертариан президент Хавиер Милей томонидан «фалаж қилиб даволаш» деб аталган, бюджетни қисқартириш бўйича кенг сиёсат доирасида таълим соҳасида давлат харажатларини кескин қисқартириш қарорига қарши энг йирик оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда.
Университетлар ҳукумат 2023 йилдан фарқ қилмайдиган 2024 йилги бюджетни тасдиқлагач, фавқулодда молиявий ҳолат ҳақида эълон қила бошлашди. Мамлакатда бу вақтда йиллик инфляция даражаси 240 фоизга яқинлашган, электр энергиясига ойлик харажатларнинг ошиши 500 фоизга етган. Хабар қилинишича, сўнгги 4 ойда ўқитувчиларнинг даромадлари 35 фоизга қисқарган, айрим ходимларнинг маоши 150 долларгача тушиб қолган.
Аргентинанинг янги етакчиси ўз лавозимида фаолият кўрсатишининг дастлабки ойларида нафақат Аргентина ичида талабалар ва ўқитувчиларнинг, шунингдек қўшни Жанубий Америка давлатларини ҳам ўзига қарши қилиб қўйган. Аввалроқ Венесуэла етакчиси Николас Мадуро Милейнинг мафкурасини «нацистик» деб атаган, Милейнинг ўзини эса қамал қилинган Ғазо секторида оммавий қирғинларни амалга ошираётган Исроилни қўллаб-қувватлагани учун «лаганбардор» деб атаган.
Бразилия ижтимоий коммуникациялар вазири Паулу Пимента эса Аргентина президенти Бразилия президентини ҳақорат қилгани учун кечирим сўраши кераклигини айтган. Колумбия президенти эса Милейнинг ғалабасини «жуда таассуфли» деб атаган.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024