Ўзбекистон | 13:39 / 26.04.2024
94634
5 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Ниғматилла Йўлдошев «қидирувда бўлган шахслар билан гаплашиб тургани» ҳақидаги видеога изоҳ берди

Интернетда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев қидирувда бўлган Шерали ва Абдували Абдуллаевлар билан гаплашиб тургани ҳақидаги видеоёзув чиқарилган. Бош прокуратура ушбу видео юзасидан изоҳ тақдим этди.

Фото: Видеодан кадр

2024 йилнинг 2-4 январ кунлари бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан Туркияга бориб, тиббиёт клиникасида даволаниш муолажаларидан ўтган. Туркияда унга аввалдан таниши бўлган Азим Жўрабоев ҳамроҳлик қилган

Бош прокурор Азим Жўрабоев билан клиникада гаплашиб турган вақтида, уларнинг олдига асли фамилияси Собиржанов (хабарда Шерали Абдуллаев деб кўрсатилган) бўлган Шерали исмли шахс келиб, ўзини таништирган. Шу вақтда улар клиникага келиши сабаблари ҳақида суҳбатлашган. Шерали Собиржанов клиникага фарзандини даволанишга олиб келганини айтиб, бош прокурорни таниб қолгани учун улар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёнига келганини тушунтирган. Видеода Бош прокурор ёнида турган икки шахснинг бири Шерали Собиржанов бўлса, иккинчиси Абдували Абдуллаев эмас, балки Азим Жўрабоев бўлган, дейилади маҳкама изоҳида. 

Маълумот берилишича, Абдували Абдуллаев томонидан 2018 йил 10 май куни Baxmal Juice Maste МЧЖга банкдан 1,1 млн АҚШ доллар кредит олиниб, кредит қарздорлигининг 633 минг АҚШ доллари қасддан қопланмаганлиги оқибатида, гаровдаги O’zengilulgurjisavdo МЧЖга тегишли мулк (маъмурий бино) банк тасарруфига ўтиб кетгани боис, жамият манфаатига катта миқдорда зарар етказилган. 

O’zengilulgurjisavdo МЧЖ таъсисчиларининг аризасига асосан 2021 йил 25 январ куни А.Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида айбланувчи А.Абдуллаевга Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айбланувчи қаерда экани номаълум бўлгани сабабли вақтинча тўхтатилган. 

Таъкидланишича, жиноят иши доирасида Абдували Абдуллаевнинг ўғли - Раҳматилла Абдуллаев ҳам айбланувчи (Жиноят кодексининг 168-, 233-, 184-моддалари билан айблов хулосаси тузилган) сифатида жалб қилинган. 2022 йил 13 июндаги Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра, Р.Абдуллаев Жиноят кодексининг 184-моддаси билан айбли деб топилган ва унга жарима жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 168- ва 233-моддалари билан эса айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган.  

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими билан юқоридаги суд ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой туман прокурорининг апелляция протести ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 февралдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган (иш Тошкент шаҳар прокурорининг протести ва фуқаровий даъвогарнинг шикояти асосида кўрилган). 

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилиниб, Р.Абдуллаев Жиноят кодекснинг 168- ва 184-моддалари билан айбли деб топилиб, 4 йил 6 ой озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 июндаги ҳукми бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган. Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 24 апрелдаги ажримига кўра, Яккасарой туман судининг 2022 йил 13 июнда дастлаб чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой туман прокурорининг Р.Абдуллаевни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 233-моддаси 1-қисми ва 184-моддаси 3-қисми билан айбли деб топиб, жазо тайинлаш ҳақидаги прокурор протести ва жабрланувчиларнинг шикоятлари рад қилинган.

Ҳозирда Бош прокуратура томонидан юқоридаги аппеляция ажримига нисбатан тафтиш тартибида прокурор протести келтириш масаласи кўриб чиқилмоқда. 

Шерали Собиржанов эса, Orental Fresh Food МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, банкка сохта контрактларни тақдим этган ҳолда ҳақиқий бозор нархи 494 минг 438 АҚШ долларлик музлатгич ва 430 минг 182 АҚШ долларлик қуритиш жиҳозлари учун жами 1 млн 597 минг 630 АҚШ долларини Хитой давлатига тўлаб бериб, 673 минг 010 АҚШ долларини талон-торож қилган.

Унга нисбатан 2019 йил 20 июл куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалар билан сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қидирув эълон қилинган.

Жиноят иши Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг иш юритувида бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Мавзуга оид