Ўзбекистон | 09:23 / 26.04.2024
1955
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АЭХА кичик қувватли АЭСни яратиш лойиҳаси бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиради

Вена шаҳрида Ўзбекистон ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодиёт масалалар қўмитаси раиси Дурбек Аҳмедов ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан ташкил этилган "Иқлим бўйича қарорлар қабул қилиш ҳафталиги" сессиясидаги иштироки доирасида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори ўринбосари Михаил Чудаков билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Учрашувда Ўзбекистон ядро инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, муқобил энергиядан фойдаланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзаро ҳамкорлик, атом саноатини ривожлантиришда парламентнинг роли муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида томонлар ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли режаларини муҳокама қилди, ядровий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражасини тасдиқлади, шунингдек, янги лойиҳаларни, жумладан, кичик қувватли атом электр станцияларини яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришдан манфаатдорлик билдирди.

Алоҳида эътибор Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гроссининг "Нолсиз ядровий инновациялар" (Atoms4NetZero) ташаббусига қаратилди. Ушбу ташаббус аъзо давлатларни энергияни нол эмиссияга ўтишда атом энергиясидан фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларида қўллаб-қувватлайди.

Учрашувда Қарорлар қабул қилиш жараёнига жамоатчиликни фаол жалб этиш, бу борада шаффофлик ва жавобгарликни таъминлашнинг муҳимлиги қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид