Жаҳон | 12:09 / 26.04.2024
4420
3 дақиқада ўқилади

Украина агросиёсат вазири Солский қамоққа олинди

Николай Солский 7,35 миллион долларлик давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олганликда ва 4,8 миллион долларлик ерни олишга уринишда айбланмоқда. У айбини рад этди. 

Фото: РИА Новости

Украина суди давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олганликда айбланаётган мамлакат аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Николай Солскийни 24 июнгача ҳибсга олишга қарор қилди. Шу билан бирга, суд 75,7 миллион гривна (1,9 миллион доллар) миқдорида гаров белгилади. Солский 12 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин, деб хабар берди Reuters 26 апрел, жума куни. Вазир ўз айбини тан олмаяпти

Таъкидланишича, гап 2017 йилдан 2021 йилгача, яъни Николай Солский 2022 йил март ойида агросиёсат вазири лавозимига тайинланишидан олдин содир этилган бўлиши мумкин бўлган жиноят ҳақида кетмоқда. Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси маълумотларига кўра, Солский 291 миллион гривна (7,35 миллион доллар) қийматидаги давлат ерларини ноқонуний равишда эгаллаб олган ва қиймати 190 миллион гривна (4,8 миллион доллар)га тенг ерни олишга уринган. 

Жиноий схема доирасида икки давлат ширкатидан ерлар ноқонуний олиб қўйилган ва уруш фахрийларига айрим хусусий фирмаларга ижарага бериш шарти билан тақдим этилган, деб ҳисоблайди прокурор. Николай Солский ва унинг адвокати 25 апрел куни бўлиб ўтган суд мажлисида у бундай схемадан фойда олмаганини айтди. 

Солскийнинг истеъфога чиқиш аризаси 

Бир кун аввал Украина Олий радаси спикери Руслан Стефанчук Facebook’да Солский истеъфога чиққанини маълум қилган эди. Стефанчук фотонусхасини ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган ариза бўлажак ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилади, дейилади постда. 

Истеъфо Украина парламенти томонидан тасдиқланмагунча, Солский расман вазир лавозимида қолади.

Зеленскийнинг кабинетидаги коррупция можаролари 

Reuters хабарига кўра, Николай Солский Украина президенти Володимир Зеленский кабинетида коррупция иши бўйича гумонланувчига айланган биринчи вазир бўлди. 

2023 йилнинг ёзида Украинанинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Олексий Резников атрофида коррупция можароси авж олди. Хусусан, Украина ОАВ 2022 йил охирида мамлакат Мудофаа вазирлиги турк компанияси билан ҳарбий хизматчилар учун қишки кийим-кечак етказиб бериш бўйича шартнома тузгани, бироқ Украинага жўнатиш нархи уч бараварга ошгани ҳақида ёзган. Ўшанда Резниковнинг ўзи бундай маълумотларнинг тарқалиши «жамиятни чалғитиши» ҳақида айтди. 

Бундан олдинроқ, 2023 йил январида Украинадаги бир қатор юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ҳарбий хизматчилар учун озиқ-овқат супермаркетлардагидан 2-3 баравар қимматроқ нархда харид қилингани юзасидан журналистик суриштирувдан сўнг ўз лавозимларидан четлаштирилди. Резников ўшанда коррупцияга қарши кураш органлари фаолиятидаги «муваффақиятсизлик»ни тан олди. 

Мавзуга оид