Жамият | 14:56 / 27.04.2024
16909
4 дақиқада ўқилади

ДХХга ёлғон хабар берган шахс 3 йилга қамалди

У Қўқонда новвойчилик билан шуғулланувчи таниши ва бошқа шахсларнинг экстремистик оқимга аъзо экани, Ўзбекистонда ўта оғир жиноятларни содир этишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёлғон маълумот берган. Судланувчи судда ушбу ёлғонни ўйлаб топишидан асосий мақсади қарзларидан қутулиш бўлганини билдирган.

Фото: РИА Новости

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида ёлғон хабар бериш билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1990 йилда Марғилон шаҳрида туғилган Нуруллоҳ Мавлонов ўзининг новвой таниши ва бошқа бир нечта шахслар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёлғон хабар берган.

У 2023 йил 15 декабр куни ДХХ Фарғона вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаролар Б.Ибрагимов, А.Мамажонов ва бошқа шахсларнинг турли хилдаги тақиқланган диний уюшмаларга аъзолиги, улар одамларни “жиҳод” қилиш, “шаҳид” бўлиш каби ҳаракатларга ундаётгани ҳамда Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятларни содир этишга тайёргарлик кўраётганини билдирган. 

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Н.Мавлоновнинг аризасида кўрсатилган ҳолатлар ёлғон хабар экани аниқланган.

Нуруллоҳ Мавлонов ўз аризасида 2023 йилнинг сентябр ойида Марғилон шаҳрида яшовчи, новвойчилик билан шуғулланувчи Б.Ибрагимов билан танишганини, ушбу шахс уни аста-секинлик билан диний амалларни бажаришга даъват қила бошлаганини, октябр ойида Ибрагимов ўзини Фарғона шаҳрида жойлашган хонадонлардан бирига таклиф қилиб, Марғилон шаҳрида яшовчи А.Мамажонов ҳамда Қўқон шаҳридан бўлган Анвар ва Тошлоқ туманидан бўлган Акмал исмли шахслар билан таништирганини, шундан сўнг ушбу шахслар билан Марғилон шаҳридаги “Аср”, “Янги давр” ва “Шарқ” чойхоналаридаги диний йиғилишларда қатнашганини келтирган.

Шунингдек, у 2023 йил октябр ойида Б.Ибрагимов даромадли иш борлигини айтиб, уни Фарғона шаҳри Абдулла Қодирий мавзесида жойлашган хонадонлардан бирига олиб келгани ва қора рангли қопга ўралган 2 та ўқотар қуроллар – “ПМ” тўппончаси ҳамда “Калашников” автоматини олиб чиқиб, тўппончани унга берганини, Ибрагимовдан ушбу қуроллар нима мақсадда сақланаётганини сўраганида, 2023 йил 29 декабр куни Тошкент шаҳрида амалга оширилиши кутилаётган қўпорувчилик ҳаракатларида фойдаланилиши режалаштирилаётганини маълум қилганини баён этган. 

Бундан ташқари, у аризасида Б.Ибрагимов Суриядаги халқаро террористик ташкилотлар сафига Ўзбекистон фуқароларини жўнатиш билан шуғулланиб келишини, унинг топшириғига биноан 2023 йил 1 декабр куни Фарғона шаҳри марказида наманганлик Беҳзод исмли ҳамда Тошкент шаҳридан бўлган шахслар билан учрашиб, уларни Тошкент шаҳрига жўнатиб юборганини, ушбу шахслар “Тошкент-Россия-Туркия-Сурия” йўналишидаги авиарейслар орқали учиб кетиб, Суриядаги террорчи ташкилотлар сафига қўшилгани ҳақида маълумот берган.

Судда судланувчи аризасида кўрсатиб ўтилган ушбу ҳолатлар бўлмаганини, яъни ёлғон эканини айтиб, айбига иқрор бўлган. У мазкур ёлғонни ўйлаб топишдан мақсади қарзларидан қутулиш бўлганини билдирган. Яъни Марғилон шаҳрида яшовчи бир нечта фуқароларнинг устидан ДХХга ёлғон маълумот берса, улар қарзларини сўрашмайди деб ўйлаган. 

Суд ҳукмига кўра, Нуруллоҳ Мавлонов Жиноят кодексининг 237-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Мавзуга оид