Жаҳон | 13:10 / 27.04.2024
9738
7 дақиқада ўқилади

Фаластинни тан олган Ямайка, Украина вокзалларига зарба ва криптовалютани тақиқлаётган Россия — кун дайжести

Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Фаластин мустақиллигини тан олган мамлакатлар яна биттага кўпайди. Кариб ҳавзасида жойлашган давлатлардан Барбадосдан сўнг Ямайка ҳам Фаластинни тан олди.

Ямайка Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин давлатини расман тан олиши тўғрисидаги баёнот билан чиқиш қилди ҳамда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш, сектор аҳолисига инсонпарварлик юкларини етказишга чақирди.

Ғазода урушга оид яна бир статистика эълон қилинди. 2023 йилнинг 27 октябрида Ғазода бошланган ерусти операцияси давомида ўзиникини ўзи отиб ўлдириб қўйган исроилликлар сони 41 нафарга етган. Яна 630 нафар аскарлар ўз сафдошлари томонидан ярадор қилинган.

АҚШда аксилисроил намойишлар

АҚШнинг Колумбия университетида Ғазо ҳимоясига ташкиллаштирилган норозилик акциялари бир ҳафтадан буён ўтказилмоқда.

Ню-Йоркдаги Колумбия университетининг маъмурияти ва талабалари ўртасидаги таранг қарама-қаршиликлар содир бўлаётганига 7 кун бўлди. Университет кампусидаги талабалар Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумига норозилик билдириб келишмоқда.

Жанубий Калифорния университетида эса Ғазони қўллаб-қувватлаб ўтказилган норозилик намойишларида иштирок этган мусулмон талаба ушланиб, унинг қўлларига полиция томонидан кишан урилган. У қўллари орқасига қилиб кишанланган ҳолда намоз ўқиган.

Талаба рўза тутгани маълум бўлгач, унинг дўстлари полициядан унинг ифторлик қилишига ёрдам бериб юборишни сўрашган.

Аввалроқ АҚШнинг кўплаб университет ва коллежлари, жумладан, Ҳарвард университетида ҳам профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар Исроилнинг Ғазога ҳужумини қоралаб норозилик акцияси ўтказаётгани маълум қилинган эди. Талабалар кампусларга чодир тикиб, ўтириб олишган. Намойишни тарқатиш учун полиция жалб қилинган ва юзлаб одамлар ҳибсга олинган.

Хитойга санкция таҳдиди

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Хитойдан Россияга маҳсулотлар етказилаётгани учун Си Жинпингга санкциялар қўлланиши билан таҳдид қилди.

Хитойга ташрифи доирасида АҚШ давлат котиби Хитой раиси Си Жинпинг ва ХХР ташқи ишлар вазири Ванг И билан учрашган. Учрашувлар асносида Блинкен Хитой томонига Пекиннинг Москвани қўллашни рад этмаётгани президент Жо Байден маъмуриятининг «сабр косаси тўлаётгани»ни тушунтирган, деб ёзади Politico нашри. Блинкен Хитойдан Россияга қўш мақсадли товарлар етказиб бериши туфайли «Европа давлатларига Россия томонидан таҳдид» ошиб бораётганини таъкидлаган.

«Биз 100 дан ортиқ Хитой корхоналарига санкция жорий этиб бўлдик. Биз яна қўшимча қатъий чоралар кўришга тўлиқ тайёрмиз», — дея таъкидлаган Блинкен.

Россиянинг Украинага янги зарбаси

Россия ғарб давлатларининг ҳарбий ёрдамига халақит бериш учун Украинанинг темирйўлларига зарба бера бошлади. Россия мудофаа вазири АҚШнинг фронтга кўмаги қайталанганидан сўнг зарбаларни кучайтириш борасидаги ваъдасидан сўнг, Украинанинг уч ҳудудида темирйўл объектларига зарба берди.

Россия қўшинлари Донецк областининг Удачне посёлкасидаги темирйўл вокзалини ракета билан нишонга олган ва унда «Укрзализница»нинг уч ходими ҳалок бўлган.

Иккинчи зарба билан Харкив областининг Балаклея шаҳридаги вокзал нишонга олинган: уч темир йўлчи ва ўн фуқаро жароҳатланган.

Шунингдек, Черкасск областидаги Смеле шаҳарчасидаги темирйўл инфратузилмаси ҳам нишонга олинган. Олти киши жабрлангани айтилмоқда.

Украинадаги уруш

АҚШнинг Украинага 61 млрд долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети Россия қўшинларининг илгарилашини тўхтатиш ва фронт чизиғидаги вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади. Бу «мудофаа пакети» бўлиб, оккупация қилинган ҳудудларни озод қилиш учун бу ёрдам етарли эмас, деб ҳисобламоқда ҳарбий экспертлар.

Экспертларга кўра, Украина Россия устидан ғалаба қозонишини таъминлаши мумкин бўлган узоқ муддатли нуқтайи назар ҳамон йўқ, шу сабабли Киевни тегишли қурол-яроғлар билан таъминлаш режаси ҳам ҳозирча кўринмаяпти.

Украинага зарар қарши ҳужум салоҳиятини яратиш учун 2026–2027 йилгача вақт керак бўлади, деб ёзмоқда The Economist нашри вазиятдан хабардор манбага таяниб.

2023 йилда барбод бўлган қарши ҳужум билан боғлиқ муаммолардан бири, гарчи ўн минглаб аскарлар ғарб ҳарбий базаларида тайёргарликдан ўтган бўлса ҳам, Украина қуролли кучлари умумқўшин операциялар ўтказишни ўргана олмагани бўлган. Профессионал бўлмаган аскарлар учун 5 ҳафталик машғулотлар етарли бўлмагани ойдинлашган, боз устига уларнинг кўпчилиги шунча вақтдан буён ҳалок бўлишган. Сафарбарлик орқали янги тўпланганларни эса яхшилаб ўқитишга тўғри келади.

Урушда барибир тирик жонлар ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Вазир ўринбосарининг қасри

Пора олгани учун ишдан бўшатилган Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов Волга дарёси бўйида 2 млрд сўмлик қасрга эгалик қилиши маълум бўлди. Қарийб 3 минг метр квадрат майдонга эга уй Твер областининг Панкратово қишлоғида жойлашган.

Формал жиҳатдан кўчмас мулк ва у жойлашган ер Ивановга яқин инсон Сергей Бородин раҳбарлик қиладиган «Оборонспецстрой» компаниясига ёзилган. У ҳам иш юзасидан ҳибсга олинган. 2020 йилда «Оборонспецстрой» ва «Олимпситистрой» қаср қурилиши учун 800 млн рубл сарфланган экан.

XVIII аср қасрлари услубида барпо этилган кошона 8 гектар майдонни эгаллаган. Волга дарёси бўйида қурилиш тақиқлангани сабабли, маҳаллий депутатлар бош режага ўзгартириш ҳам киритишган.

Россия криптовалютани тақиқламоқчи

Россияда сентябр ойигача криптовалюталарнинг муомаласини тўлиқ тақиқлаш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

Россия Давлат Думаси Россиядаги майнингни тартибга солиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг янги таҳрири тайёрлаган. Унга кўра, 2024 йилнинг 1 сентябридан бошлаб криптовалюталар муомаласини тўлиқ тақиқлаш назарда тутилади. Фақат Россия Марказий банки томонидан расман қад этилган майнерлар ва лойиҳалар бундан мустасно бўлади.

Амалдаги қонунга кўра, мамлакат ҳудудида криптовалюталарда ҳисоб-китоб қилиш тақиқланган, бироқ унинг муомаласига тақиқ йўқ. Яъни рақамли валютани бир эгадан бошқасига ўтказиш тақиқланмаган.

Қонун лойиҳасида рақамли валюталар рекламаси ва уларнинг муомаласини ташкиллаштиришни ҳам тақиқлаш назарда тутилган.

Ўзбек мигрантининг қаҳрамонлиги

Ўзбекистонлик меҳнат мигранти Россияда ёнаётган уйдан инсонларни қутқарган.

Санкт-Петербург шаҳридаги турар жой биноларидан бирида ёнғин содир бўлган. Офатдан қутулиш учун уйдаги одамлар деразалари рахига чиқиб олиб, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчиларни кутаётган чоғда жасур мигрант учинчи қаватга тирмашиб чиқиб, ёнаётган квартирадаги одамларни қутқаришга ёрдам берган.

Унинг ўзи Ўзбекистонда «десант қўшинларида хизмат қилгани» шу сабабли яхши жисмоний тайёргарликка эга экани ва дарҳол ишга киришганини сўзлаб берган. Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғиндан ўн киши қутқарилганини маълум қилган.

Мавзуга оид