“Жиловланмаган асов йўрға” – дунёга машҳур Ford Mustang автомобили тарихи
Дунёдаги аксарият автоишқибозлар Ford Mustang номини эшитгандан бир энтикиб қўйишади. Чунки бу автомобил ташқи ва ички кўриниши ҳамда двигател қувватининг кучлилиги билан кўпчиликнинг кўнглидан жой олган. Бу йил Ford Mustang илк ишлаб чиқарилганига 60 йил бўлди. У ҳанузгача ишлаб чиқарилмоқда ва кўпчиликнинг орзусидаги автомобил бўлиб қолмоқда.
Гап автомобил саноатидан кетар экан, АҚШ автомобилсозларини эсламасдан иложи йўқ. 1890-йилларда Генри Форд океан ортида биринчи бўлиб автомобил ишлаб чиқарувчи компанияни очган эди.
1900-йиллар бошларида эса АҚШда автомобилларни конвейер усулида ишлаб чиқарувчи бир нечта компания ишларди. Уларда ўнлаб турдаги автомобиллар тайёрланарди.
1920-йилларда АҚШ автомобил бозорини учта компания - General Motors, Ford Motor Company ва Chrysler Corporation эгаллаб бўлган эди. “Катта Детройт учлиги” деб номланган бу компаниялар 1928-1932 йилларда АҚШда юз берган молиявий ва иқтисодий инқироздан ҳам амаллаб омон чиққан эди.
Ford Motor Company тарихи
Ford Motor Company компаниясини 1903 йилда АҚШнинг Детройт шаҳрида Генри Форд ташкил этган эди. Форд дастлаб беш нафар инвестордан олган 28 минг доллар билан иш бошлайди.
Компаниянинг биринчи автомобили “Модел А” деб номланарди. Дастлабки йилда ундан 1708 дона ишлаб чиқариб сотишади.
1904 йилда Форд Канадада ҳам автомобил ишлаб чиқарувчи корхонасини ишга туширади. 1908 йилда компания Европада биринчи бўлиб Парижда ўз савдо уйини ташкил этади.
Компанияни машҳур қилган модел 1907-1929 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган Ford Model T автомобили эди. Биргина 1909 йилда компания ундан 10 минг дона тайёрлаб сотади. Умумий ҳисобда Ford Motor Company Ford Model T автомобилидан 15 млн (!) дона ишлаб чиқарган.
Ford Motor Company 1913 йилдан бошлаб автомобилларни конвейер усулида ишлаб чиқара бошлайди. Натижада компания тайёрлаётган автомобиллар нархи сезиларли арзонлашади.
Масалан, 1909 йилда 950 доллар сотилган Ford Model T 1920 йилларда 250 долларгача арзонлаб кетади. Натижада компаниянинг савдо кўрсаткичлари кескин ошади.
Компания биринчи жаҳон уруши пайтида автомобиллардан ташқари авиация двигателлари, танклар ва қурол-яроқлар ишлаб чиқаради ва яхши фойда кўради.
1922 йилда компания АҚШдаги яна бир автомобилсозлик компанияси бўлган Lincoln Motor Company’ни сотиб олади.
1926 йилда Ford Motor Company ўзининг энг кўп сотилган Ford Model T автомобилини ишлаб чиқаришни тўхтатади ва унинг ўрнига янада замонавийроқ бўлган Ford Model A’нинг янгиланган русумини ишлаб чиқара бошлайди.
1928 йилда АҚШда иқтисодий ва молиявий инқироз бошланганда компания аввалига Британияда, сўнг Германия ўз заводларини очади.
Шунингдек, СССРда Ford Motor Company’га тегишли бўлган автомобилларни ГАЗ-А ва ГАЗ-АА номлари остида ишлаб чиқарилиши бўйича фойдали шартнома имзолайди.
Салмоқли сумма эвазига СССРга завод линиялари ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи ускуналар етказиб берилади. Компания ходимлари келиб ускуналарни ўрнатиб, заводни ишга тушириб бериб кетишади.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангач АҚШ Мудофаа вазирлиги Ford Motor Company’га жуда катта буюртмалар беради. Оқибатда компания жуда яхши фойда кўради.
Уруш тугагач компания ривожланишда давом этади. Корхоналар ва ишчилар сони кўпаяди. Фойда салмоғи ортади.
2022 йилда Ford Motor Company автомобил ишлаб чиқаришда АҚШда General Motors корпорациясидан сўнг иккинчи, жаҳонда эса Toyota, Volkswagen Group, Hyundai Motor Group, Stellantis ва General Motors’дан сўнг олтинчи ўринни эгаллайди.
2023 йилда компания 3,95 млн дона автомобил сотган ва бу кўрсаткич бўйича дунёда 8-ўринни эгаллаган. Компаниянинг автомобиллари орасида 1960-йилларда ишлаб чиқарилган Ford Mustang жуда машҳур. Компания бу автомобилни 60 йилдан буён ҳанузгача янгиланган кўринишда ишлаб чиқармоқда.
Ford Mustang тарихи
Ford Motor Company’нинг муваффақиятли лойиҳаларидан бири бўлган Ford Mustang автомобили лойиҳаси илк бор 1962 йилда тайёрланганди.
Бу автомобил спорт машиналари русумида бўлиб, унинг дастлабки варианти родстер (икки ўриндиқли автомобиллар шундай номланади) турига мансуб эди.
1964 йил 9 март куни компания конвейерларидан дастлабки Ford Mustang чиқади. Машина дизайни жуда чиройли бўлиб, ўшанда у дарҳол автоишқибозларнинг эътиборини тортади.
1964 йил 17 апрел куни Ню-Йоркда жаҳон саноат кўргазмаси бошланади. Ford Motor Company ўзининг янги автомобилини кўргазмада намойиш этгач, унга кўплаб буюртмалар тушади.
Йил охиригача Ford Motor Company 263 минг дона Ford Mustang тайёрлаб сотишга муваффақ бўлади. Ўша пайтда бу зўр кўрсаткич эди.
Кейинчалик компания Ford Mustang автомобилларининг дизайнини замонавийлаштириб, двигател қувватини ошириб бораверади.
1967 ва 1969 йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг кўриниши дастлабкиларидан бироз фарқ қиларди.
Биринчи авлод. Ford Motor Company томонидан ишлаб чиқарилган дастлабки Ford Mustang’лар биринчи авлод автомобиллари ҳисобланади. Улар 1964 йилдан 1973 йилгача ишлаб чиқарилган.
Автомобилга 102 от кучига эга бўлган 2,8 литр ҳажмли двигател ўрнатилган бўлиб, у соатига 150 километргача тез юра оларди.
Мижозларга Ford Mustang уч хил кузовда – купе, фастбек ва кабриолет кўринишида таклиф этилади. Автомобил 2 368 доллардан (ҳозир 18 500 доллар бўлади) сотувга чиқарилган.
Биринчи авлод машиналари 1973 йилгача ишлаб чиқарилган. 10 йил давомида компания ундан қарийб 3 млн дона сотишга муваффақ бўлади.
Иккинчи авлод. 1973 йилда компания Ford Mustang автомобилларининг иккинчи авлодини оммага тақдим этади. У дастлабки моделдан кузов ва салондаги ўзгаришлардан ташқари, двигател қувватининг оширилгани билан анча фарқ қиларди.
Иккинчи авлод машиналари тўрт хил двигател билан жиҳозланган ҳолда икки хил – икки эшикли купе ва уч эшикли хэтчбек кўринишида ишлаб чиқарилади.
Ушбу автомобиллардан 5 йилда 1,1 млн дона сотилади. Ўша пайтларда унинг нархи 3 134 доллар бўлган.
Учинчи авлод. 1978 йилда компания Ford Mustang автомобилларининг учинчи авлодини ишлаб чиқара бошлайди. Бу русумда автомобил кузови аввалги овалсимон кўринишдан қиррали қилиб ўзгартирилганди.
Учинчи авлод автомобиллари аввалгиларидан бироз узун эди. Улар 118 дан 203 от кучига эга бўлган 2,3 литр ҳажмли двигателлар билан жиҳозланган эди.
Компания учинчи авлод автомобилларини 1993 йилгача ишлаб чиқарган ва 15 йил давомида улардан 2,6 млн дона сотилган. Мазкур русум Америка бозорида бир муддат Mercury Capri номи остида сотилган.
1987 йилда компания учинчи авлод автомобилларини рестайлинг қилиб бироз ўзгартиради. 1990 йилдан бошлаб Ford Mustang автомобилларига хавфсизлик ёстиқчалари ўрнатила бошланади.
1984 йилда Ford Mustang ишлаб чиқарила бошланганига 20 йил тўлиши муносабати билан чекланган миқдорда Ford Mustang GT350 автомобили тайёрланади.
Хетчбэк ва кабриолет кўринишида чиқарилган 5 100 дона автомобил тез фурсатда сотилиб кетади. Чекланган миқдорда бўлгани учун Ford Mustang GT350 одатий русумлардан анча қиммат нархларда сотилади.
Тўртинчи авлод. 1993 йилда Ford Motor Company тўртинчи авлод автомобилларини оммага тақдим этади. Бу русумда компания қиррали кузовдан воз кечиб, автомобилларни яна аввалгидай четлари овалсимон кузовда чиқара бошлайди.
Тўртинчи авлод машиналари 3,8 дан 4,9 литр ҳажмли, 147 дн 193 от кучига эга бўлган двигателлар билан жиҳозланади. Mustang GT, Mustang Cobra ва Mustang Mach I русумлари эса 4,6 литр ҳажмли, 218 дан 243 от кучига эга бўлган двигателлар ўрнатилганди.
Бу русум автомобилларида салон унга ташқи шовқин ўтмаслиги учун янада кучлироқ жиҳозланади. 11 йилда тўртинчи авлод автомобилларидан 1,6 млн дона сотилади. Ўша пайтда унинг нархи 10 810 дан 13 365 долларгача бўлган.
Бешинчи авлод. 2004 йилда Ford Mustang автомобилларининг бешинчи авлоди сотувга чиқарилади. Бу русум бир қарашдаёқ аввалгиларидан анча замонавий кўринарди. Шунингдек, унинг салони ҳам замонавий тарзда жиҳозланади.
Бешинчи авлод автомобилларига 4,0 литр ҳажмдаги 231 от кучига эга ва 4,6 литр ҳажмли 304 дан 450 от кучига эга бўлган двигателлар ўрнатилганди. Махсус буюртмага кўра бешинчи авлод автомобиллари 5,4 ва 5,8 литр ҳажмли, 672 от кучига эга бўлган двигател билан ҳам тайёрлаб берилган.
Бешинчи авлод автомобилларининг нархи 19 000 доллардан бошланган. От кучи ошиб боргани сари унинг нархи баландлашган. Махсус буюртма билан чиқарилганлари қимматроққа сотилган.
Олтинчи авлод. 2014 йилдан бошлаб компания олтинчи авлод автомобилларини сотувга чиқаради. Ҳозирча бу русумни ишлаб чиқариш давом этмоқда.
Олтинчи авлод автомобилларининг оддий вариантига 2,3 литр ҳажмли, 317 от кучига эга бўлган турбо двигател, яна бир вариантига эса 5.0 литр ҳажмли, 421 от кучига эга двигател ўрнатилган.
Олтинчи авлод автомобиллари АҚШ бозорида энг арзони 25 минг доллардан бошланади. Европада эса 35 минг евродан (божлар ҳисобга олинган ҳолда) сотилмоқда.
Ford Motor Company’да ишлар яхшимас
2023 йил февралда Ford Motor Company йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, компания 2022 йилда 2 млрд доллар зарар кўрган. Ундан аввалги йилларда эса компания салмоқли фойда билан чиққанди.
Оқибатда компания 2023 йилда бир неча минг ходимни ишдан бўшатди. Катта эҳтимол билан бу жараён келажакда давом этади. Компаниянинг молиявий директори Жон Лоуер 2022 йилда 100 минг дона автомобил сотилмасдан қолиб кетганини маълум қилган.
Агар жаҳон бозорида гарчи янги бўлса-да, бир йил аввал ишлаб чиқарилган машиналарга талаб йўқлиги инобатга олинса, қолиб кетган машиналар утилизация қилинади.
Шу туфайли компания фойда ўрнига зарар кўради. Жон Лоуерга кўра компания жуда юқори харажатлар ва тизимнинг ёмон оптимизация қилиниши туфайли яна бир млрд доллар зарар кўрган.
Шунингдек, Хитойнинг ўз автосаноати ривожланиб, Ford машиналарига бўлган талабнинг кескин тушиб кетиши ҳам компанияга салмоқли зарар келтирган.
Бундан ташқари, хитойлик автомобилсозлар нафақат ўз бозорларидан, балки дунё бозоридан ҳам Ғарб автомобилсозлик компанияларини сиқиб чиқармоқда.
Оқибатда дунё бўйлаб Ғарб компанияларида ишлаб чиқарилган автомобилларининг савдоси пасайиб, Хитой автомобиллари сотув ҳажми ошиб бормоқда.
Турли мутахассисларга кўра, бундан буёғига Ғарб ва Хитой автомобилсозлик компаниялари ўртасидаги рақобат кучайиб бораверади. Арзон ишчи кучи ва нархларнинг бирмунча арзонлиги ҳисобига хитойликлар ютиб кетади.
Тўғри, ҳозирча Хитойда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сифат бўйича Ғарб компанияларида тайёрланаётган автомобиллар билан беллаша олмайди.
Бироқ бундан атиги 5-6 йил аввалги вазият билан таққослаганда Хитой автосаноати кескин ривожланди ва сифат ҳам янги даражага чиқди. Мутахасисилар яна 4-5 йилдан сўнг Хитой автомобилсозлари ҳатто сифат бўйича ҳам Ғарб автомобилсозларини қувиб етишини айтишмоқда.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, келажакда Ford Motor Company ва бошқа Ғарб компанияларига осон бўлмайди ва улар ишлаб чиқаришни қисқартиришда ва ходимларни ишдан бўшатишда давом этишади.
Ford Mustang ҳақида қизиқарли маълумотлар
Ford Motor Company икки кишилик спорт автомобили лойиҳасини тайёрлаётганда унинг ишчи номи Cougar бўлган. Бироқ Mercury компанияси отни қамчилаб қолади ва ўзининг янги русумдаги автомобилини Cougar деб номлайди. Шундан сўнг Ford ўз автомобилини Mustang деб ўзгартиришга мажбур бўлади.
Ford Mustang дунёдаги телевидениеда реклама бериш орқали сотилган илк автомобил ҳисобланади.
Ford Mustang тижорий автомобиллар орасида АҚШ президенти буюртма бериб сотиб олган биринчи автомобилдир. Жон Кеннеди вафотидан сўнг унинг ўрнига АҚШ президенти бўлган Линдон Жонсон 1964 йилда ўз ранчосида фойдаланиш учун Ford Mustang Convertible автомобилини буюртма қилиб сотиб олади.
Ford Mustang автомобиллари эскириб борган сайин қимматроқ нархга баҳоланади. Улардан бири 2020 йилда 3,4 млн долларга сотилди. 1968 йилда бу автомобилдан “Буллит” детектив филмида бош қаҳрамон фойдаланган.
Ford Mustang илк ишлаб чиқарилганида сотилиши бўйича иккита жаҳон рекорди ўрнатган. Автомобил савдога чиқарилгач 1 йил ичида (365 кунда) 418 минг дона, икки йилда (24 ойда) 1 млн дона сотилган. Жаҳондаги ҳеч бир автомобил бу кўрсаткичдан ўтиб кета олмаган.
Ford Mustang ҳар доим арзон нархларда сотилган. Илк савдога чиқарилган пайтда унинг нархи 2 368 доллар (ҳозирги пайтда бу сумма 21 672 долларга тўғри келади) сотилган. Ҳозирда эса бу автомобилнинг энг арзонлари 27 минг доллардан бошланади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
07:31 / 12.11.2024