Шолц яна иттифоқчиларни Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришга чақирди
Германия канцлери Шолц ва НАТО бош котиби Столтенбергнинг фикрича, Украина Россия ҳужумларини қайтариш учун қўшимча Patriot тизимларига муҳтож.
Германия канцлери Олаф Шолц яна бир бор европалик иттифоқчиларни Украинани, жумладан, мамлакат ҳаво мудофаасини кучайтиришда фаолроқ қўллаб-қувватлашга чақирди. 26 апрел, жума куни Берлинда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашувда Шолц «керак бўлган нарсани қилишда давом этишимиз муҳим» деди.
Германия ҳукумати раҳбари шу муносабат билан АҚШнинг Украинага кўп миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарорини олқишлади. Шунингдек, у Германия ҳукумати томонидан эълон қилинган учинчи Patriot зенит-ракета мажмуасининг Киевга топширилишини ҳам эслатиб ўтди. «Фурсатдан фойдаланиб, европалик дўстларимиздан Украина ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун бу борада бирор нарса қила оладими ёки йўқми, шуни аниқлаш учун захираларини яна бир бор кўриб чиқишни сўрайман», деди Шолц.
Унинг таъкидлашича, Украина Россия ўзининг уруши билан хавф остига қўяётган Европа хавфсизлик архитектурасини ҳимоя қиляпти. «Биз Украинани керак бўлгунича қўллаб-қувватлаймиз», деб ишонтирди канцлер.
НАТО раҳбари: Иттифоқчилар Германиядан ўрнак олиши керак
Столтенберг яна бир Patriot тизимининг Украинага ўтказилишини «бошқа иттифоқчилар амал қилиши керак бўлган намуна» деб атади. У, шунингдек, Германиядан ташқари Британия, Нидерландия ва бошқа давлатлар томонидан эълон қилинган қўшимча қурол етказиб берилиши ҳақидаги баёнотларни олқишлади. «Бизнинг масъулиятимиз - бу мажбуриятларни тезда етказиб беришга айлантириш», деди НАТО бош котиби.
Унинг қайд этишича, Украина Россия ҳужумларидан ҳимояланиш учун еттита янги Patriot зенит-ракета тизимига муҳтож.
Мавзуга оид
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024