Жаҳон | 22:11 / 29.04.2024
7597
2 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби эълон қилинмаган ташриф билан Украинага борди

Йенс Столтенберг НАТО давлатлари Украина олдидаги мажбуриятларини бажармаганлигини тан олди, аммо энди вазият ўзгарганига амин.

Фото: НАТО

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эълон қилинмаган ташриф билан Украинага борди. У Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди ва Киевда қўшма матбуот анжумани ўтказди.

У Киевга поездда етиб борди, бу унинг Украинага учинчи ташрифи. Сафар давомида бош котиб журналистлар билан суҳбатлашди ва НАТО давлатлари Украина олдидаги мажбуриятларини бажармаганлигини тан олиб, 6 ойга чўзилган АҚШ янги ҳарбий ёрдами тўғрисидаги келишувини, шунингдек, снарядларни жўнатиш билан боғлиқ муаммоларни эслатиб ўтди. Бироқ, Столтенберг энди вазият ўзгарганига амин.

«Украина ғалаба қозониши учун ҳали кеч эмас. Аммо шунинг учун НАТО иттифоқчилари ҳозир биз ваъда қилган нарсани қилиши ва биз бу мажбуриятларни ҳақиқий қурол ва ўқ-дориларни етказиб беришга айлантиришимиз жуда муҳим ва энди мен айнан шундай бўлишига ишончим комил», деди у.

Матбуот анжуманида Столтенберг НАТО ва Украина ўртасидаги ҳамкорлик алянсга қўшилиш йўлини «қайтиб бўлмас» қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, Киев Қўшма Штатлардаги ёзги саммит натижаларига кўра, Атлантика интеграциясига таклифнома олмайди, деди бош котиб, чунки бунга барча 32 аъзонинг консенсус қарори зарур.

The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ ва Германия ҳозир Украинанинг НАТО аъзоси бўлишига қарши. Уларнинг айтишича, жамоавий хавфсизлик келишувига кўра, бу алянсни «1945 йилдан бери Европадаги энг йирик қуруқлик урушига тортади». Украинанинг алянсга қабул қилинишини биринчи навбатда Шарқий Европа давлатлари қўллаб-қувватламоқда.

Мавзуга оид