Жаҳон | 07:59 / 30.04.2024
8872
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ҳаага судининг Исроилга нисбатан терговига қарши чиқяпти

Аввалроқ Исроил ОАВ Бинямин Нетаняҳу ХЖС уни ҳибсга олиш учун ордер беришидан хавотирда экани ҳақида хабар қилган эди.

Фото: Reuters

Вашингтон ХЖС томонидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Исроилнинг бошқа юқори мартабали амалдорларини ҳибсга олишга ордер берилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга бироз тушунарсиз жавоб қайтарди. Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер 29 апрел, душанба куни АҚШ терговни қўллаб-қувватламаслигини, шунингдек, Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд бундай юрисдикцияга эга эмаслигига ишончи комил эканлигини айтди. У бу саволга батафсил жавоб бермади.

Олдинроқ Исроил ОАВ Нетаняҳу ХЖС уни, шунингдек, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ва бош штаб бошлиғи Герци Ҳалевини ҳибсга олиш учун ордер беришидан хавотирда эканини хабар қилган эди. Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд 2021 йилдан буён Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар содир этганлик эҳтимоли бўйича ҲАМАС ва Исроилга қарши тергов ўтказмоқда. Шунингдек, Ғарбий соҳилда исроиллик кўчманчилар томонидан содир этилган зўравонлик ҳаракатлари бўйича суриштирув олиб борилмоқда. 

ХЖС юрисдикциясини қабул қилган давлатлар ордер берилган шахслар ушбу мамлакатлар ҳудудида бўлса, уларни ҳибсга олиши ва Ҳаагага топшириши шарт. АҚШ каби Исроил ҳам Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди. 

АҚШ Исроил ҳарбийларини Ғарбий соҳилда инсон ҳуқуқларини бузганликда айблади 

Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати Исроил армиясининг бир нечта бўлинмаларини Ғарбий соҳилда «инсон ҳуқуқларини жиддий бузганликда» айблади. Давлат департаментининг таъкидлашича, тергов натижаларига кўра, беш армия бўлинмаси фаластинликларга қарши бу қоидабузарликларни содир этган. 

Инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига оид бу «саноқли ҳодисалар» 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан олдин содир бўлган, деди вазирлик матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател. Унинг таъкидлашича, тўртта бўлинма аллақачон АҚШ санкцияларидан қочиш учун «тузатиш чораларини» кўрган, Исроил ҳукумати билан бешинчи бўлинма бўйича эса музокаралар давом этмоқда.

Мавзуга оид