Байден Миср ва Қатарни ҲАМАСга босим ўтказишга чақиряпти
Исроил томонидан ҲАМАСга таклиф қилинган келишув жангчилар қўлида бўлган барча гаровга олинганларни озод қилиш эвазига 40 кунлик ўт очишни тўхтатишни назарда тутади.
АҚШ президенти Жо Байден Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар доирасида ҳамасчилар қўлида қолган гаровга олинганларнинг озод этилишига эришиш учун Миср ва Қатарни ҲАМАСга босим ўтказишга чақирди. Бу ҳақда 29 апрел, душанба куни Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Жо Байден Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Тани, шунингдек, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан телефон орқали мулоқот қилган. Гаровга олинганларни озод қилиш масаласи «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо сектори тинч аҳолисининг аҳволини юмшатиш йўлидаги ягона тўсиқдир», деди Америка давлати раҳбари ҳар бир етакчи билан мулоқот чоғида.
АҚШ, Қатар ва Миср Исроил ҳамда ҲАМАС ташкилоти ўртасидаги можарода муҳим воситачилар ҳисобланади, деб эслатади AFP.
29 апрел куни Қоҳирада Миср, Қатар ва ҲАМАС вакиллари музокара ўтказди, бироқ ҳалигача ҲАМАС уларнинг натижаларига ҳеч қандай муносабат билдирмади. AFP агентлигининг манбаларга таяниб ёзишича, ҳамасчилар вакиллари аллақачон Миср пойтахтини тарк этиб, ҲАМАСнинг «сиёсий бюроси» жойлашган Доҳага йўл олган. Ташкилотнинг жавоби «имкон қадар тезроқ» бўлиши керак, деди агентлик суҳбатдоши.
Блинкен Исроил таклифини «жуда саховатли» деб ҳисоблаяпти
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 29 апрел куни айтганидек, у ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилишни назарда тутувчи келишувга рози бўлишига «умид билдиряпти». Исроил томонининг таклифи «жуда саховатли», деди Давлат департаменти раҳбари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда.
Айни пайтда, Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Исроил томонидан таклиф қилинган келишув 40 кунлик оташкесимни, шунингдек, Исроил қамоқхоналаридаги «минглаб фаластинлик маҳбусларни» озод қилиш эвазига исроиллик гаровга олинганларни қўйиб юборишни назарда тутади, деб тушунтирди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
05:07 / 18.11.2024
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
12:44 / 17.11.2024
«Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз». Байден ва Жинпинг Перуда учрашди
22:56 / 15.11.2024
Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
09:31 / 15.11.2024