Гуржистон парламентида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун туфайли муштлашув юз берди
Гуржистон парламенти қўмитаси «чет эл агентлари» тўғрисидаги мунозарали қонунни иккинчи ўқишда қабул қилди. Тбилисида ҳукумат тарафдорларининг митинги бўлиб ўтди, унинг иштирокчилари мамлакат бошқа вилоятларидан автобусда олиб келинган.
Гуржистон парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси деярли 10 соат давом этган йиғилишдан сўнг «чет эл агентлари» ҳақидаги баҳсли қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлади. 29 апрел, душанба кунги муҳокама чоғида икки депутат ўртасида яна муштлашув содир бўлди. Мухолифат вакили Хатия Деканоидзе ҳукмрон «Гуржистон орзуси - Демократик Гуржистон» партияси депутатларини Россияга яқинликда айблади ва оғзаки жанжал пайтида депутат Гурам Мачарашвилини сув идиши билан урди.
Воқеадан кўп ўтмай мажлиснинг расмий жонли эфири узилиб қолган. Маҳаллий ОАВ қўмита раиси Анри Оханашвили регламентни бузгани учун 14 мухолифат депутатини йиғилишдан четлатганини хабар қилди. 30 апрел куни «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламент ялпи мажлиси муҳокамасига киритилади.
Тбилиси марказида ҳукумат тарафдорларининг митинги
Парламент қўмитасидаги баҳс-мунозаралардан сўнг Тбилиси марказида ҳокимиятни қўллаб-қувватловчи митинг бўлиб ўтди. Руставели шоҳкўчасидаги митингга тайёргарлик эрталабдан бошланган, марказий кўча тўсиб қўйилган ва муниципал хизматлар бир кун аввал бўлиб ўтган «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши намойишлар изларини олиб ташлаган. DW мухбирининг сўзларига кўра, митингда 100 мингдан ортиқ одам иштирок этди, уларнинг аксарияти ўрта ва кекса ёшдагилардир. Шу билан бирга, қўшни кўчалар Гуржистоннинг бошқа вилоятларидан намойишчилар олиб келинган автобуслар билан тўлиб-тошган.
Митингда Тбилиси мэри Каха Каладзе ва бошқалар сўзга чиқиб, гўёки ғарб пуллари ҳисобига уюштирилиши мумкин бўлган инқилоб эҳтимоли ҳақида эълон қилди. Саҳнадаги иштирокчилар вақти-вақти билан қарсаклар билан нотиқларни қўллаб-қувватлади, аммо шундан сўнг улар яна чиқиш қилаётган шахс сўзларига қизиқишни йўқотган, деб хабар беради DW мухбири. Бундан ташқари, митингда «Гуржистон орзуси»нинг фахрий раиси, миллиардер Бидзина Иванишвили, партия етакчилари Мамука Мдинарадзе ва Ираклий Гарибашвили сўзга чиқди.
«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши намойишлар
Гуржистон пойтахти Тбилисида 29 апрелга ўтар кечаси парламент биноси ёнида Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуни ўхшаши бўлган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарши бўлиб ўтган минглаб кишиларнинг намойишида вазият кескинлашди. Бир неча юзлаб полициячилар таёқ ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиб, намойишчиларни қўлга олишни бошлади.
Гуржистонда сўнгги бир неча кун ичида мухолифат кучлари парламент томонидан «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишлари ўтказиб, уни Гуржистон парламентидан чақириб олишни талаб қилмоқда.
ЕИ Тбилисини баҳсли қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирди
Европа Иттифоқи Гуржистон ҳукуматини «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирмоқда. Бу ҳақда Европарламент минбарида 23 апрел куни бўлиб ўтган дебатлар чоғида инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич айтди. «Бу қонун лойиҳаси Европа меъёрлари ва қадриятларига тўғри келмаслиги аниқ, агар у қабул қилинса, Гуржистоннинг келажакдаги Европа йўлини хавф остига қўяди», деди Европа комиссари.
Гуржистон парламенти қонун лойиҳасини 17 апрел куни биринчи ўқишда қабул қилди. «Чет эл агентлари» қонунига кўра, молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари хорижий манфаатларни олға сурувчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.
Мавзуга оид
14:23 / 21.11.2024
Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади
13:53 / 20.11.2024
Зурабишвили сайловлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди
07:50 / 19.11.2024
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
22:49 / 18.11.2024