Ўзбекистон | 22:03 / 01.05.2024
7933
6 дақиқада ўқилади

1 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Жамоатчилик муҳокамасига ташланаётган қарор, Бухоро ва Андижондаги янги ҳокимлар, бемор болалар учун платформа, Бухорода талон-торож қилинган маблағлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Эътирозли қарор жамоатчилик муҳокамасига ташланади

Яширин иқтисодиёт бўйича қарор лойиҳаси таклифлар асосида қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Мазкур қарор лойиҳаси жорий йил 27 апрел куни Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида атрофлича муҳокама қилинган ва Кенгаш аъзолари томонидан л/*ойиҳа бўйича концептуал таклифлар билдирилган.

Қарор лойиҳаси кенгаш йиғилишида билдирилган ҳамда идора ва вазирликлар томонидан берилган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин белгиланган тартибда фикр-мулоҳозаларни ўрганиш ва таклифларини олиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Аввалроқ, яширин иқтисодиётга қарши курашиш дастури доирасида Солиқ қўмитаси яна картадан картага ўтказмаларни назорат қилишга уринаётгани танқидларга сабаб бўлганди. Шунингдек, лойиҳадан нақд пулда харид қилган фуқароларга кешбэк бермаслик, ҚҚСни қайтариш муддатини узайтириш ва солиқ органларига тадбиркорнинг ҳудудига кириш ваколатини бериш каби таклифлар ҳам ўрин олган. 

Янги тайинловлар

Бухоро шаҳрига янги ҳоким тайинланди. Шаҳарнинг шу кунгача ҳокими бўлиб ишлаётган Жамол Носиров соғлиги ёмонлашгани муносабати билан лавозимидан озод этишни сўраб, ариза билан мурожаат қилган.

Қурилиш вазирлигида бошқарма бошлиғи бўлган Қурбон Турсунов шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.

Кун давомида Андижон вилоятининг учта туманига янги ҳокимлар ҳам* тайинланди.

Тўрт йилдан буён Марҳамат тумани раҳбари бўлиб ишлаган Бобур Йўлдошев Андижон тумани ҳоким лавозимида иш бошлади.

Шунингдек, вилоятнинг Булоқбоши ва Марҳамат туманларига янги раҳбарлар тайинланганди. Хусусан, Булоқбоши туманига 7 йил ҳокимлик қилган Ўткирбек Маъмуров Марҳамат тумани ҳокими лавозимига ўтказилди. Булоқбоши туманига Фурқатбек Бўтахонов янги ҳоким бўлди. Бўтахонов аввал шу туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Кун давомида Сирдарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар ҳам тайинланди. Бунгача Сардоба тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Акмал Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди

Бемор болалар учун платформа

Ўзбекистонда болалар орасида саратон касаллигини даволаш бўйича янги келишув имзоланди.

.78/о5шкент шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ССВ томонидан Ўзбекистоннинг Болаларни саратон касаллигидан даволаш учун дори воситалари билан таъминлаш бўйича глобал платформасида иштирок этиши тўғрисидаги келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Унга асосан 14 та тиббиёт муассасаси саратон касаллигига чалинган болалар учун сифатли дори воситаларини узлуксиз қабул қилиши ҳамда уларни бу йўналишда ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши кўзда тутилган. 

Бухорода бюджет маблағлари талон-торож қилинди

Бухорода ёдгорликларни таъмирлашга ажратилган 3,3 млрд сўм талон-торож қилингани маълум бўлди.

Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Улар тарихий объектларни реставрация қилиш учун ажратилган катта миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилишда гумонланмоқда.

Ҳолат Бош прокурор ўринбосари Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.

Ўрганишда бажарилган иш ҳужжатларига сохта ёзувлар киритиш йўли билан “Хўжа Калон” масжидида 731 млн сўм, “Хусайни” мадрасасида 216 млн сўм ҳамда “Нодир Девонбеги” мадрасасида 90 млн сўм маблағ талон-торож қилингани аниқланган. Шунингдек, Бухоро шаҳри тарихий маркази ҳудудида жойлашган 74 та объектга манзил кўрсаткич белгилари ўрнатиш учун ажратилган 50 млн сўм бюджет маблағи ҳам талон-торож қилингани маълум бўлган.

Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари томонидан 2,3 млрд сўм бюджет маблағи товар-моддий бойликлар сотиб олиш учун сарфлангани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, амалда маблағлар талон-торож қилинган. 

Прокурор ўринбосари 2 минг доллар пора билан ушланди

Фарғона вилояти Қўштепа тумани прокурори ўринбосари 2 минг доллар олаётганда ушланди. У суд иш юритувидаги жиноят иши бўйича айбдорга жазо қўлланишида енгиллик қилишни ваъда бериб, пул олган.

2024 йил 27 апрел куни соат 18:00 ларда Фарғона вилояти прокуратураси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан фирибгарлик ва 28, 211- (пора беришда иштирокчилик) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Об-ҳаво маълумоти

Ҳафта ичидаги об-ҳаво кутилмалари ҳақида таништирамиз.

2-3 май кунлари республиканинг деярли барча ҳудудларида қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати кундузи +26...+29 даража, баъзи жойларда +30...+32 даражагача бўлади.

3 майда республиканинг жануби-ғарбида, 4-5 май кунлари аксарият вилоятларда, 6 майда шарқий ҳудудларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ёмғир пайтида ҳарорат +20...+25 даражагача пасаяди.

3-6 май кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

1−8 май кунлари Тошкент вилоятидаги Чотқол тизмаси тоғлари ҳудудларида қор кўчиш хавфи мавжуд.

Умуман, май ойи биринчи ўн кунлигининг охирида, шунингдек, иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳаво ҳарорати +23...+28 даражадан +30...+35 даражагача, баъзи жойларда +38 даражагача ўзгариб туради.

Мавзуга оид