Ар-Риёдда форум: АҚШ-Хитой тирашуви ва Яқин Шарқ инқирози диққат марказида
Жаҳон иқтисодий форуми – глобал миқёсдаги иқтисодий-сиёсий масалалар муҳокама қилинадиган етакчи платформалардан. Саудия пойтахти Ар-Риёдда бўлиб ўтган навбатдаги форум Ғазодаги уруш фонида Энтони Блинкеннинг Яқин Шарқдаги амалдорлар билан учрашувлари ва АҚШ–Хитой зиддияти борасидаги фикрлар билан ёдда қолди.
“Геосиёсат” 28–29 апрел кунлари бўлиб ўтган глобал анжуман атрофидаги саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Ҳамза Болтаевга юзланди.
— Жаҳон иқтисодий форумининг аҳамияти ва унда қандай асосий мавзулар муҳокама қилинди?
Ҳамза Болтаев: — Дунё иқтисодиёти, тараққиётининг кейинги босқичлари қандай бўлиши ҳақидаги саволлар фикр алмашинувларнинг марказида бўлди. Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги вазият, АҚШ ва Хитой қарама-қаршиликлар, фикр, ғояларнинг ҳар хиллиги ва ўша ҳар хилликни қандай нейтраллаштириш ҳақидаги мулоқотлар ҳам асосий масалалардан бўлди.
Камолиддин Раббимов: — Бу форумни халқимиз DAVOS Иқтисодий форуми сифатида билади, ҳар йили январ ёки феврал ойида Швейцариянинг Давос шаҳрида бир неча кунлик халқаро иқтисодий форум бўлади. У ерга 3 хил шахслар таклиф этилади: давлат арбоблари, йирик иқтисодчилар, журналист ва жамоат арбоблари. Бу йил ҳам Давос Иқтисодий форуми бўлганди. Ар-Риёд шаҳрида бўлган форумда иқтисодий масалалардан ташқари йирик геосиёсий лойиҳалар ҳақида гап кетяпти. АҚШ давлат котиби, ташқи ишлар вазири, Туркиянинг ташқи ишлар вазири, Яқин Шарқ бўйича асосий ўйинчилар иштирок этди. Глобал ва минтақавий мавзулар ҳам муҳокама қилиняпти, Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам бор, ЕИ ташқи ишлар вазири ҳам бор. Асосан 2 та масала кўриляпти. Саудиянинг олдиндан режалаштирган стратегиялари бор, у минтақада энг катта иқтисодиёт бўлмоқчи. Минтақада кучли 20 таликка кирувчи давлатлар бор, шу фонда рақобат ҳам кетяпти. Саудия минтақада тинчлик орқали инвестицион жозибадорликни оширмоқчи, лекин асосий фокус Фаластинга қаратилган.
Ҳамза Болтаев: — Иқтисодий форум бу. Келажакда иқтисодиётнинг тараққиёт соҳалари қандай бўлиши керак, қайси соҳаларга эътибор бериш, рақобат қилиш, ҳамкорлик қилиш каби масалалар бўляпти, сунъий идрок масаласи ҳам кўриляпти, бу бўйича Хитой ва АҚШ етакчи. АҚШ бу борада Хитой билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиряпти.
Лекин Ғазо фожиаси асосий масала бўлиб қолмоқда. АҚШнинг вакиллари Яқин Шарққа борганда ҳар сафар вазиятни 7 октябрдан бошлайди. Лекин унгача бўлган вазият ҳам бор, Фаластин ерларини тортиб олиш, Исроил ноҳақликлари бор, тарих 7 октябрдан бошлангани йўқ. ҲАМАС ҳужум қилгани, Исроил ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини гапиради. Менимча, бу нотўғри ёндашув. Ғазода тинчлик ўрнатишга энг катта тўсиқ ҲАМАС, деяпти Блинкен. Айтишича, Исроил музокараларга таклиф этаётганлар энг яхши вариант бўлиб, ҲАМАС эса кўнмаяпти экан. Ҳар сафар турлича нарративлар билан келяпти.
— Блинкен ҳам Яқин Шарқнинг бир қатор етакчилари билан музокаралар ўтказди, бу учрашувлар бирор натижа берадими?
Камолиддин Раббимов: — АҚШ олдида оғир вазифа турибди. Бир томондан Исроил давлатчилигини сақлаб қолиш, бир томондан АҚШ ва Ғарбга салбий муносабат сабаби ҳалигача мустақил Фаластин давлати ташкил топмагани. Минтақада, мусулмон дунёсида АҚШга нисбатан тарихий адолатсиз давлат деган тасаввурлар шаклланган.
Глобал майдонда кўп қутблилик шаклланиши бошланган. Шу фонда араб ва умуман, 2 млрддан ортиқ мусулмон дунёси масаласи турибди. АҚШ Исроилни деб ўзининг стратегик ва тарихий имкониятини қурбон қилиш манфаатларига тўғри келмайди. Яҳудий лоббиси кучли бўлса ҳам, энди танлаши керак.
Расмий баёнотлар йўқ, лекин ОАВда сиздирилди. Яъни АҚШ Исроилга 1967 йилги чегараларга қайтасан, босиб олинган ерларни тозалаб, Фаластинга қайтарасан, Фаластин тозаланади, террорчилар бўлмайди, араб давлатлари хавфсизликни таъминлайди, шу билан бирга Исроил давлатини тан олади, деган келишув таклиф этиляпти. Бундан олдин 2000 йиллар бошида Саудия подшоҳи шу таклифни берганди АҚШ орқали, лекин ўшанда Исроил рози бўлмаган. Бугунги контекст фарқли, Исроил тарихий жиноятлар қилди. АҚШ университетларида аксилисроил кайфияти юқори чўққига чиқди. Жамоатчилик фикри ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди. New York Тimes ёзишича, БМТ Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни жиноий жавобгарликка тортишга ордер бермоқчи, бундан Нетаняҳу қаттиқ хавотирда. Аслида, гап Нетаняҳуда эмас, Исроил давлатчилигида, чунки у ердаги ўйин қоидасига кўра, ўз хавфсизлигини катта репрессия, қурбонлар эвазига таъминлайди, яъни қўрқитиш орқали, қўрқитиш эса террор дегани. Жазога тортилмайди, хоҳлаган ишини қилади, АҚШ эса уни ҳимоя қилади, деган позиция шаклланган эди. Лекин АҚШ ҳам энди Нетаняҳу хатти-ҳаракатларини қизил чизиқ сифатида кўряпти.
— АҚШ ва Исроил ўртасидаги келишмовчилик, Фаластин давлатини ташкил этишга илк қадамларгача бўлган турғунлик қанча давом этиши мумкин?
Ҳамза Болтаев: — Ғарбдаги асосий ОАВлар чалғитувчи иш тутяпти, яъни ҳамма айб Нетаняҳуга ағдарилибди, аслида, Исроилда институционал тарзда мустақил Фаластин давлатини ўзига таҳдид сифатида кўриш бор, Нетаняҳуга боғлиқ нарса эмас бу. АҚШда Фаластинни қўллаган талабаларни ўқишдан, профессорларни ишдан четлатиш каби нодемократик жараёнлар ҳам бўляпти, лекин ёритилмаяпти бу, чунки Исроил лоббиси кучли.
Ростдан ҳам АҚШ олдида катта дилемма турибди. Исроилни қўллаб бошқа манфаатларини қурбон қилади ёки Фаластин давлатини ташкил топтириб, ўз мавқеини сақлаб қолади. Бу борада демократлар ва республикачилар позицияси икки хил, демократлар икки давлат тамойилини қўллайди, лекин чўзиб юрибди, республикачилар эса қарши. Агар Трамп сайланса, Нетаняҳу ҳаракатлари янада авж олиши мумкин. Шунинг учун Фаластин давлати ташкил топишини АҚШ амалда қўллайди, деган фикрларга қўшила олмайман.
Камолиддин Раббимов: — АҚШда Яқин Шарқ бўйича тафаккур ўзгаряпти, республикачиларда ҳам. Трамп ўз президентлик даврида Исроилни, Саудияни қўллади, Эронга қарши турди. Лекин Трампнинг сўнгги баёнотларида Исроилни танқид қилиш ҳам бўляпти. Бунча қурбонлардан сўнг, жамоатчилик фикрини инкор қилиб, Исроил ёнини ололмайди.
АҚШда мусулмонлар ҳам кўпаймоқда. Яҳудий лоббиси қудратли АҚШда, лекин демографик жараён ўз ишини кўрсатади, у ердаги мусулмонлар кўпайиб боради ва уларнинг АҚШ сиёсатига таъсир потенциали ошиб боради.
АҚШдаги университетларда, интеллектуал марказларда кўпроқ сўллар фаолият олиб боради, АҚШ сиёсий тизимига танқидий қаровчи экспертлар жуда ҳам кўп. Ҳамма биладики, Исроил халқаро қонунчиликни энг кўп бузган агрессор давлат. АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашида ишлатган ветоларининг 80 фоизи Исроилни ҳимоя қилиш учун, фақат Обама даврида бир марта ҳимоя қилмади, Обаманинг Исроилга танқидий муносабати ва Байден унинг вице-президенти бўлганини ҳам эслаб ўтиш керак.
АҚШдаги протестантлар Исо туғилган Исроил давлатини ҳимоя қилишимиз керак, деган диний қарашда эди. Исроилни ҳимоя қилиш керак деган протестантлар 80 фоиз бўларди одатда, ҳозир 15 фоизга тушди бу. АҚШнинг ўзидаги Исроилга салбий қараш ошиб боряпти. ЕИ жамияти аллақачон тўлақонли Фаластин томонида.
Ҳамза Болтаев: — АҚШ ташқи сиёсатида прагматизм кучаймоқда. Америкашунослар айтишича, АҚШ прагматик сиёсат олиб борувчи бўлиб кўринса ҳам, таг моҳиятда идеология ётади. Ҳалигача сиёсий элитанинг катта қисми Исроилни қўллаш тарафдори.
БМТ Хавфсизлик кенгашида Россия ва Хитойнинг Фаластин давлати ташкил топиши бўйича резолюциясига АҚШ вето қўйди. Сабаблар кўп, лекин фундаментал сабаб АҚШ ташқи сиёсатига Исроил лоббиси таъсири кучлилиги.
Камолиддин Раббимов: — АҚШ бирор лойиҳага вето қўймоқчи бўлса, ўз иттифоқчиларини ҳам шунга чақиради. Лекин бу сафар Британия, Франция каби иттифоқчилари бетараф қолди. Бу шуни билдирадики, Исроилни АҚШнинг ўзи ҳимоя қилди. Бу орқали АҚШ битта мен қолдим ҳимоячи, шунинг учун шартларимга кўн, деган сигнал бор ҳам дейиляпти.
Ҳамза Болтаев: — АҚШда ўзгаришлар даврида ўзи танлаган позиция муваффақиятсиз бўлса, бошқа позицияга ўтиб, ўз манфаатларига йўналтириш тенденцияси бор. Ҳозир ҳам шундай бир вазият.
— АҚШ ва Хитой зиддияти форумда қандай нуқталари билан ёдда қолди?
Ҳамза Болтаев: — АҚШ ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршилик олдиндан бор, тарихий жараёнларда турли шаклларда бўлган ва ҳозир энг чўққисида.
Иккита сабаби бор деб ўйлайман. Биринчиси — икки давлат ўртасида ишонч йўқлиги. Иккинчиси — АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларда икки тараф бир-бирига муносабатни турлича қабул қилади. АҚШнинг ташқи сиёсатда, Хитойга нисбатан ҳар қандай хатти-ҳаракатларини Хитой томони «АҚШ бизнинг ривожланишга бўлган ҳақ-хуқуқимизни поймол қиляпти ва унга қарши, бизнинг тараққиёт йўлимизни қабул қилолмайди” деган тушунча билан қабул қилади. АҚШда эса Хитой ривожланишига нисбатан шубҳа бор. Агар Хитой ривожланиб, соҳаларни эгалласа, бизга «нон қолмайди” деган тушунчада. Масалан, АҚШ молия вазири Хитойга борганда Хитой керагидан ортиқ ишлаб чиқаряпти, деган фикрни айтди. АҚШда Хитой тахдидини бартараф этиш бўйича ёндашув хато деб ўйлайман.
Форумда Блинкен биз Хитойга нисбатан куч позициясидан бошлаганмиз ва буни хато деб ўйламаймиз, деди. Хитой эса АҚШ Хитой билан куч билан муносабат қилишга тарихан ҳам, ҳозир ҳам ҳаққи йўқ, дейди. Бу ўзаро ишончсизлик ва қўрқувларнинг оқибати деб ўйлайман.
Камолиддин Раббимов: — Блинкен Хитойда бўлди, у сўраган нарсаларга йўқ деб жавоб берилган дипломатик тилда. Хитой Россия билан алоқаларни пасайтирмоқчи эмас. 90-йилларда Ғарб экспертлари Хитой бойиб боряпти, ўрта синф шакллангач, демократик бўлади ва демократик Хитой Ғарбга яқинлашади, АҚШга иттифоқчи бўлади, деб таҳлил қилар эди.
Учта нарсада Ғарб экспертлари алмашгани кўриняпти. Хитой бойиган сари авторитар бўлиб, ташқи дунёда ҳам авторитаризмни қўллаяпти; этник, диний камчиликларга эркинлик бериш ўрнига, ассимиляция қиляпти; коллектив Ғарбнинг позицияларига бемалол йўқ дейдиган, вето қўядиган ташқи сиёсат юритиш кучайяпти. 80-90 йилларда Хитой АҚШ таклифларига вето қўймас эди, лекин бугун вето қўйиши одатий ҳолга айланган. Бу эса АҚШнинг глобал ҳокимиятига соя солади. Бир қозонда икки қўчқор калласи қайнамайди, дегандек уларнинг муносабати.
21-асрда глобал майдонда ким асосий қудрат бўлади, АҚШ ёки Хитой, ўртасидаги зиддият қандай ечилади, деган масала турибди, жавоб бериш имконсиз.
Обама давридаги совуқ муносабатлар секин савдо иқтисодий урушга кўчиб борди. Трамп келиши билан Хитой маҳсулотларига қўшимча солиқлар жорий қилинди. Ўртада оғриқли нуқталар бор. Расмий Вашингтон доим сиз юанингизни ўзингиз қадрсизлантиряпсиз, дейди. Юан нархи арзон бўлгач, Хитой кўпроқ товар сотади, яъни товар сотиб олиш арзон бўлади. Долларга нисбатан арзон бўлгач, халқаро бозорда жозибаси ортиб боради. АҚШнинг классик талаблари бор, лекин ўртадаги зиддият кучайиб боряпти.
Ҳамза Болтаев: — АҚШ ва унинг ҳамкорларида Хитой бўйича позициялар ҳар хил, Германия, Франция, Британия ўз қарашларига эга. АҚШ биз Хитой билан келишадиган нуқталарда келишамиз, қолганларида рақобатчи бўламиз, дейди. Хитой эса биз ҳамкор бўлишимиз керак, шунда икки томон ҳам ютади, дейди. Икки цивилизациянинг қарашлари бошқача. Хитойда коммунизм бўлса ҳам, таг моҳиятда конфуцийлик, лаоцизм кабилар бор. Ғарбда эса Макиавелли таълимотига асосланади, яъни ҳамма нарсалар рақобат бўлиши керак, деган каби.
Хитой бир неча минг йиллик цивилизацияга эга. Уларнинг ўзи ҳам мулоқотларда бизга 20-асрда ташкил топган давлат сифатида қараш нотўғри, катта давлатчилик тарихимиз бор, дейишади.
АҚШ Хитой ЖСТга кирмасдан олдин глобаллашув, импорт товарларига божларни олиш кабилар ҳақида гапирган. Лекин ўзлари қўллаган ғояларга ўзлари болта уряпти. Кимнинг тараққиёт йўли кўпроқ манфаат келтиради, деган нуқтаи назардан мен Хитой ўсиши Марказий Осиё учун ҳам бир имконият деб ўйлайман. Ундан қандай фойдаланиш сиёсатимизни, ташқи сиёсатимизни қай даражада оқилона йўлга қўйишимизга боғлиқ.
Камолиддин Раббимов: — Хитойни тарозига солганимизда, унинг иккита палласи бор. Дунёнинг йирик иқтисодий қудрати ёнимизда бўлиши ижобий таъсир қилади, катта лойиҳалари бор.
Лекин масаланинг иккинчи томони бор. Биз — Марказий Осиё шарқдан Хитой, шимолдан Россия билан чегарадошмиз. Тарихан бизга бостириб келган, мустақиллигимизни олиб қўйган давлатлар айнан мана шу иккаласи. Хитой таркибида ҳали ҳам катта туркий халқлар ва уларнинг ерлари мавжуд. Улар 2017 йилдан бошлаб ўта агрессив ассимиляция қилиняпти. Халқаро инсон ҳуқуқлари, Ўзбекистон қонунчилигидан келиб чиқиб айтсак, бу қилинаётган ишлар — тарихий жиноятлар. Геосиёсий нуқтаи назардан Хитой ўсиши бизнинг олдимизга баъзи масалаларни қўяди. Марказий Осиё давлатлари ҳали Хитой борасида алоҳида ёки бирлашган стратегияга эга эмас. Геосиёсий, иқтисодий, ҳарбий жиҳатдан қудратли Хитойга нисбатан 21 аср давомида қандай позицияда бўлиш ҳақида яхлит стратегия йўқ ва бу, албатта, ишлаб чиқилиши керак. Вазият зиддиятли, фақат ижобий ёки фақат салбий эмас.
Ҳамза Болтаев: — АҚШ билан унинг иттифоқчилари ва Хитой манфаатлари кесишадиган нуқталар юзага келяпти Марказий Осиёда. Нафақат Марказий Осиё давлатлари, бутун дунёга хавф солаётган муаммолар бор: сув етишмаслиги, трансчегаравий дарёларнинг сиёсий манфаатлар йўлида ишлатилиши, қурғоқчилик оқибатида келиб чиқадиган замонавий қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга эҳтиёж кабилар. Мана шу соҳалар Марказий Осиёда Хитой ва АҚШ манфаатлари уйғунлигини кўрсатади, деган фикрга келиняпти. Марказий Осиё қайсидир томонда бўлиши эмас, ҳар икки томон манфаатларини уйғунлаштириши мумкин бўлган соҳаларга эга.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:52
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
11:15 / 21.11.2024