Жамият | 08:30 / 01.05.2024
4714
2 дақиқада ўқилади

Кинотеатрда филм овозини телефонга ёзиб, интернетга тарқатган фуқаро жаримага тортилди

Ҳолливуд филмларидан рухсатсиз фойдаланган фуқаро жаримага тортилди.

Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ эгасининг мурожаатини кўриб чиқиш давомида фуқаро Т.Б. томонидан “Вонка” ва “Аквамен и потерянное царство” филмларининг овози улар кинотеатрда намойиш этилаётган вақтда уяли телефонга ёзиб олингани маълум бўлди

Натижада ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда шартнома тузмасдан филмнинг овози ва видеотасвири бирлаштирилиб, интернет орқали барчанинг эътиборига етказилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан фуқаро Т.Б.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, жавобгарлик масаласини кўриб чиқишлик учун тегишли судга юборилди.

Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун жарима жазоси тайинланди.

“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун 65-моддасига мувофиқ ҳуқуқ эгаси зарарлар етказилиши фактидан қатъий назар, ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид