Ўзбекистон | 20:22 / 01.05.2024
8597
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз энергия тизимларини бирлаштириш ниятида

Уч томон «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбойжон орқали Европага экспортини ташкил этишни режалаштирмоқда.

Фото: ТАСС

Озарбойжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро энергетика тизимларини бир-бирига улаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжат 1 май куни Тошкентда уч давлат иқтисодиёт ва энергетика вазирларининг учрашуви якунлари бўйича қабул қилинди. Бу ҳақда Озарбойжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборовга таяниб Interfax хабар берди. 

Жабборов ижтимоий тармоқларда ушбу ҳужжатнинг амалга оширилиши уч томоннинг «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбойжон орқали Европага экспортини ташкил этиш, энергетика тизимлари интеграцияси ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланишни таъминлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини бериши ҳақида ёзди. 

Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳужжатга кўра, иштирокчилар Каспий денгизи туби бўйлаб юқори волтли кабел ётқизиш орқали энергия тизимларини улаш имкониятларини ўрганади. 

Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Сатқалиевнинг қайд этишича, аввалроқ Каспий денгизи туби бўйлаб чуқур денгиз кабелини ётқизиш бўйича техник шартлар лойиҳаси ишлаб чиқилган. 

«Техник топшириқлар доирасида халқаро узатиш йўлакларини ривожлантириш (молиялаштириш, даромадлар оқими ва эгалик қилиш) ва Европа Иттифоқи мамлакатларига яшил энергияни сотиш бўйича таклиф этилаётган бизнес модели ишлаб чиқилади. Шунга асосан Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш бўйича уч мамлакат энергетика вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаси ишлаб чиқилди», деди Сатқалиев. 

Қозоғистон Энергетика вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, бугун ушбу лойиҳани амалга оширишнинг асосий ёндашувлари муҳокама қилинган ва келишилган.

Мавзуга оид