Ўзбекистон | 21:36 / 01.05.2024
3713
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ Ўзбекистонда «яшил» шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади

Шунингдек, сув таъминоти, энергетика ва йўл инфратузилмаси лойиҳаларини амалга оширади.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни, Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи мажлиси арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида шерикликнинг юксак даражасига эришилгани, яқин ва самарали ҳамкорлик қилинаётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари портфели 4,4 миллиард евродан ошган, уларда хусусий сектор улуши 70 фоизга яқинлашган. Ҳамкорлик йўналишлари ва кўламини, энг аввало, кичик ва ўрта бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлиги, муқобил энергетика, рақамли технологиялар каби соҳаларда кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида янги Шериклик стратегияси қабул қилинган.

Банкнинг фаол кўмаги ва бевосита иштирокида давлат корхоналарини хусусийлаштиришга тайёрлаш тадбирлари олиб борилмоқда, банк-молия соҳасида йирик битимлар амалга оширилган, «яшил» энергетика, транспорт инфратузилмаси, экология, ва бошқа устувор йўналишларда меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Давлат раҳбари сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси, «яшил» шаҳарларни ривожлантириш борасида янги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Бўлажак Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисининг кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мавзуга оид