Иқтисодиёт | 22:31 / 02.05.2024
6823
6 дақиқада ўқилади

“Саноат рақобатининг хавфли босқичидамиз” — Ар-Риёддаги форумда энергетика вазирлари нималар деди?

Саудия Арабистони пойтахтига, Халқаро иқтисодий форумга йиғилган қатор давлатларнинг энергетика вазирлари энергия борасидаги ечимлар устида қандай бош қотирилаётгани ва барқарор энергияга ўтиш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Xinhua/Wang Haizhou

Глобал исиш муаммоси жиддий даражада давом этяпти ва энергиядан фойдаланишдаги номутаносибликлар сақланиб қолмоқда. Мутахассислик барқарор ва кенг қамровли энергетикага ўтишни тезлаштириш зарурлиги борасида бонг уряпти.

Бу сафар барқарор энергияга ўтиш масаласи Халқаро иқтисодий форумнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Форум 28-29 апрел кунлари Саудиянинг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтди. Унда яшил энергетика, тенг ўсишни таъминлашга қаратилган молиявий, технологик ва сиёсий ечимларни аниқлаш учун етакчи энергетика экспертлари бир жойга йиғилди.

Шунингдек, тадбирда йигирмадан зиёд давлатларнинг энергетика вазирлари қатнашди. Форум сайтида вазирларнинг нутқларидан муҳим тезислар келтириб ўтилди.

Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд тенг ва молиявий жиҳатдан фойдали энергия алмашинувини илгари суриш зарурлиги ҳақида гапирди.

“Ҳеч ким, айниқса ривожланаётган мамлакатлар ортда қолмаслиги учун глобал ва универсал ёндашув зарур. Иқлим ўзгариши ва барқарорлик муаммоси – глобал муаммодир. Буни минтақавий миқёсда ёки кичикроқ ҳудудий масала сифатида кўриб бўлмайди. Бу глобал масала бўлиши керак”, – деди у.

Африка Иттифоқи комиссияси раҳбарининг инфратузилма, энергетика ва рақамлаштириш бўйича комиссари Амани Абу-Зейд Африканинг ривожланаётган бозорларида универсал энергиядан фойдаланиш зарурати ҳақида гапирди. У, шунингдек, биоёқилғи, водород ва уларнинг ҳосилалари каби янги ёқилғиларни топиш муҳимлигини таъкидлади.

“Биз ҳеч қандай ечимни эътиборсиз қолдира олмаймиз. Мавжуд барча ечимлар қитъа томонидан қўллаб-қувватланиши зарур”,– деди у.

Ички сиёсат ва геосиёсий тафовутлар савдо сиёсатига қандай таъсир қилишига бағишланган очиқ сессияда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Ан Дук-Гин ҳукуматлар бир-бири билан рақобатда саноат сиёсатидан фойдаланаётгани, бу айниқса сунъий интеллект ва яримўтказгич саноатида кўзга ташланаётгани ҳақида гапирди.

“Катта давлатлар стратегик аҳамиятга эга соҳани ривожлантириш учун давлатнинг катта ресурсларини сарфласа, бошқа кўплаб давлатлар ҳам шу тенденция ортидан эргашяпти. Биз саноат рақобатининг жуда хавфли босқичида турибмиз”, – деди у.

Панел сессиясида Европа Комиссиясининг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон Европанинг энергия манбаларини диверсификация қилиш – айниқса Россия Украинага бостириб кирганидан кейин – ҳамда шамол ва қуёш энергияси каби қайта тикланадиган энергия манбаларини адаптация қилишни тезлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида гапирди.

“Сўнгги икки йил қайта тикланадиган энергия бўйича рекорд йиллар бўлди. Европа бўйлаб янги шамол ва қуёш қурилмалари минтақага газ сарфини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам берди. Европа Иттифоқи тармоқ инфратузилмасига қўшимча сармоя киритишни ҳам режалаштирмоқда”, – деди Кадри Симон

Шу сессияда Қатар энергетика вазири Саад Шерида Ал-Кааби келажак авлодлар учун энергия хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги, яшил энергетикага ўтишда масъулиятли бўлиш муҳимлигини қайд этди.

Ал-Кааби нефт ва газ саноати ҳали ҳам дунё энергия таъминотининг муҳим қисмини таъминлаётганини қўшимча қилиб, “талаб жуда ва жуда узоқ вақт давом этиши”ни таъкидлади.

Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад Фараж Ал-Мазруи қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштиришга чақирди.

“Бизнеснинг барқарорлигини таъминлаш учун тўғри молиялаштириш ва механизмлар зарур. Молиялаш қиймати бутун мамлакат иқтисодиётига боғлиқ. Агар сиз диверсификация қилсангиз ва иқтисодингиз аҳволи яхши бўлса, молиялаштириш ўзини оқлашига гувоҳ бўласиз”, – деди у.

Тунис саноат, тоғ-кон ва энергетика вазири Фатма Табет Чибоуб энергия харажатлари ва энергия тежаш механизмларини ишлаб чиқиш ҳаракатлари ҳақида гапирди.

“Энергия таъминоти нархи ошиб бораётгани сабабли энергия тежаш механизмлари Тунис учун миллий устувор вазифага айланди. Шу билан бирга, Тунис қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ҳам оширяпти”, – деди у.

Индонезия энергетика ва минерал ресурслар вазири Арифин Тасриф ўз мамлакатининг катта аҳолисини энергия билан таъминлаш зарурати ва Индонезия турли энергия манбаларидан фойдаланиши ҳақида гапирди.

Тасриф Индонезиянинг геотермал, гидроэнергетика ва қуёш энергетикасидаги имкониятларини тилга олиб, “қайта тикланадиган энергиянинг кўп турларидан омадимиз келган”, деди.

Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ҳам Ар-Риёдда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида иштирок этди. Қозоғистон маҳаллий нашрларининг ёзишича, Саткалиев форум доирасида Chevron компаниясининг халқаро қидирув ва қазиб олиш бўйича президенти Клей Нефф билан учрашиб, Тенгиз конини ўзлаштириш ҳамда газни қайта ишлаш заводини қуриш масалаларини муҳокама қилган.

Томонлар нефт ва конденсат қазиб олишни йилига 11 миллион тонна даражасида сақлашга қаратилган Қорачағаноқ конини ўзлаштириш лойиҳасини ҳам муҳокама қилган.

Мавзуга оид