“Ўзбекнефтгаз” “Ўзтрансгаз”нинг 46,8 фоиз улушини сотиб олди
29 март куни расмийлаштирилган битимга кўра, “Ўзбекнефтгаз” “Ўзтрансгаз”нинг 46,8 фоиз улушини 292,8 млрд сўмга сотиб олган.
29 март куни “Ўзбекнефтгаз” компанияси мамлакат газ-транспорт тизими оператори “Ўзтрансгаз”нинг 46,8 фоиз улушини 292,8 млрд сўмга сотиб олган. Бу ҳақдаги маълумот муҳим корпоратив ахборот сифатида “Ўзтрансгаз” сайтига жойланган. Бунга иқтисодчи Отабек Бакиров эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, битим биржадан ташқари амалга оширилган бўлиши мумкин; акциялар номинал қийматда 1000 сўмдан сотилган.
Битимдан 2 кун ўтиб, 1 апрел куни “Ўзбекнефтгаз” “Ўзтрансгаз”нинг акцияларини баҳолатиш бўйича “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚК ва “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ ўртасида “Ўзтрансгаз” АЖнинг 1 дона оддий акциясини баҳолаш битимга ўзгартиришлар киритган.
Бакировнинг қайд этишича, “Ўзбекнефтгаз ва “Ўзтрансгаз” ўртасидаги мазкур битим 3 апрел куни юз берган бошқа битимнинг таркибий қисми бўлиши мумкин. Унга кўра, Uz-Kor Gas Chemical, “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида Газ сотиш бўйича қарз келишуви доирасида Газ қарзи бўйича бош келишув, қарзни бошқа шахсга ўтказиш ва қимматли қоғозларни топшириш шартномалари имзоланган. Унга кўра, “Ўзбекнефтгаз” 10 трли сўмдан ортиқ қарзнинг сотиб олувчисига айланган, яъни ўз зиммасига олган.
“Ўзбекнефтгаз” “Ўзтрансгаз”нинг қарзларидан воз кечиб, унинг акциядорига айланишини иқтисодчи “ғалати битим” деб баҳолаган.
“Бу ғалати битимдан Uz-Kor Gas Chemical қандай бенефит олаётганини қўшимча ҳужжатларсиз аниқлаб бўлмайди. “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ сифатида маълумотларини очиқламайди. Қизиғи шундаки, худди шу куни “Ўзбекнефтегаз” “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ билан яна битта, 2012 йилдаги келишувга оид қўшимча келишув имзоланган (унинг мазмуни номаълум)”, – дея ёзди у.
Бакировнинг норасмий хабарларга таяниб қўшимча қилишича, “Ўзбекнефтгаз”га “Ўзтрансгаз”дан қарз эвазига олинган улуши ва яна айрим улушлар ишончли бошқарувга берилган бўлиши мумкин.
Kun.uz “Ўзбекнефтгаз” “Ўзтрансгаз” улушларини сотиб олгани юзасидан масъул идораларга сўров юборди.
Маълумот учун, “Ўзтрансгаз” 2019 йилгача “Ўзбекнефтгаз” таркибида бўлган. Шу йили қабул қилинган президент қарори билан Энергетика вазирлиги ташкил этилган ва энерготизимда тузилмавий ўзгаришлар рўй берган.
“Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ Ўзбекистондаги энг йирик конлардан бири бўлмиш Сурғил конига эгалик қилади. Компаниянинг 50 фоиз улуши “Ўзбекнефтгаз”га, қолган 50 фоизи Корея компаниялари консорциумига тегишли.
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024