Ўзбекистон | 07:39 / 03.05.2024
1375
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Ўзбекистонда мисни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширади

Фарғона вилояти ҳокимлиги, Bahra Electrics компанияси ҳамда Кувайтнинг Energy Solutions компаниялари ўртасида вилоят ҳудудида мисни чуқур қайта ишлаш ҳамда электр кабеллари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этишни кўзда тутган англашув меморандуми имзоланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров бошчилигидаги Фарғона делегациясининг Кувайт ва Саудия Арабистонига амалий ташрифи давомида Жидда шаҳрида Bahra Electrics компанияси раҳбари Фаҳед Талал Идрис билан учрашув ўтказилиб, Фарғонада йирик ишлаб чиқариш инвестицион лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Ўзбекистонда арзон ва етарли хомашё мавжудлигини қайд этган Хайрулла Бозоров, инвесторлар учун яратилган солиқ имтиёзлари, бозор имкониятлари, қўшни давлатларга логистика ва экспорт қулайликларига тўхталиб ўтди.

Вилоят ҳокими Туркиядан мис хомашёсини сотиб олаётганини қайд этган Фаҳед Талал Идрисга, Ўзбекистонда мис ишлаб чиқариш ҳажми юқори экани, республикада мис хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш масаласига катта эътибор қаратилаётгани, бу йўналишда иш олиб бораётган тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини билдирди.

Учрашувда Фарғона вилояти ҳокимлиги, Bahra Electrics компанияси ҳамда Кувайтнинг Energy Solutions компаниялари ўртасида вилоят ҳудудида мисни чуқур қайта ишлаш ҳамда электр кабеллари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этишни кўзда тутган англашув меморандуми имзоланди.

Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид