Туркия Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатди
Эрдўған Исроил билан йилига 9,5 млрд долларлик савдо тўхтатилганини тасдиқлади.
Исроил билан савдо алоқалари музлатилган ва Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмагунича тикланмайди, дея маълум қилган Туркия савдо вазири Умар Болат.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу қийин қарорга сектордаги «гуманитар фожиа оғирлашаётгани» ва армияси ярим йилдан ортиқ вақтдан буён Ғазода ҳарбий амалиётни давом эттираётган «Исроилнинг муросасиз позицияси» сабаб бўлган.
Сектор қатъий блокада қилингани ва мунтазам равишда ўққа тутилаётгани (жумладан, ҳамасчилар жойлашгани тахмин қилинган мактаб ва шифохоналар ҳам) туфайли ҳудудда кенг кўламли гуманитар инқироз юзага келган. Кўплаб фаластинликлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишган ва зарур воситалардан маҳрум бўлишган.
Шу туфайли, Болатнинг сўзларига кўра, жума кунидан эътиборан Туркия ўз маҳсулотларининг Исроилга экспортини ва Исроил маҳсулотлари импортини тўлиқ тўхтатди — бу секторни назорат қилаётган Исроил қўшини ҳудудга инсонпарварлик ёрдамлари узлуксиз етказиб берилишини таъминламагунича сақлаб қолинади.
Кўп ўтмай Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил билан йилига 9,5 млрд долларлик савдо тўхтатилганини тасдиқлади.
«Исроил ва Фаластин ўртасидаги воқеаларга йўл қўйиб бўлмайди. Биз чора кўришга мажбур бўлдик ва керакли қадамни ташладик. Бизда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 9,5 млрд долларни ташкил этарди, энди биз уни тўхтатдик», — деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.
Туркия — Исроилнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб, у ерга элликдан ортиқ энг зарур маҳсулотларни етказиб берган: пўлат ва самолёт ёнилғисидан тортиб пестицидлар ва қурилиш жиҳозларигача.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац бунга жавобан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни айблаган.
«Турк халқи ва ишбилармонлари манфаатларини менсимай, халқаро савдо келишувларини эътиборсиз қолдирадиган диктатор ўзини айнан шундай тутади», деб ёзди вазир ижтимоий тармоқда.
Кацнинг сўзларига кўра, у аллақачон ўз қўли остидагиларга Исроил маҳсулотлари учун муқобил харидорлар қидиришга кўрсатма берган ва айни вақтда Туркия маҳсулотлари ўрнини босувчи манбалар қидиришга эътибор қаратган.
Маълумот учун, 2023 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 7 млрд долларни ташкил этган. Бу миқдорнинг қарийб 76 фоизи Туркия экспортига тўғри келади.
Апрел ойида Туркия Исроилга 54 тоифадаги товарлар, жумладан, пўлат ва алюминий маҳсулотларига экспорт чеклови жорий қилган эди. Шундан сўнг, Туркия Савдо вазирлиги чекловлар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва минтақага инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз келиши таъминланмагунча кучда қолишини маълум қилди. Кейинчалик Исроил жавоб чекловларини киритишга ваъда берди ва ўз иттифоқчиларидан, жумладан Қўшма Штатлардан Туркияга қарши санкциялар қўллашни сўради.
Мавзуга оид
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:37 / 22.11.2024
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
16:56 / 22.11.2024