Жаҳон | 12:15 / 04.05.2024
9340
16 дақиқада ўқилади

Ғазо ҳимоясидаги олийгоҳлар ёхуд АҚШда "талабалар баҳори"

Қўшма Штатлар олийгоҳларида Фаластин халқини қўллаб ўтказилаётган намойишлар АҚШ демократиясини синовдан ўтказаётгандек. Намойиш ва норозилик акциялари билан боғлиқ энг катта қарама-қаршиликлар қандай ва уларнинг асосий талабларини сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Ҳамид Содиқ билан таҳлил қилдик.

— Олийгоҳ намойишлари билан боғлиқ энг катта қарама-қаршиликлар қандай ва уларнинг асосий талаблари нима?

Камолиддин Раббимов: — АҚШнинг тахминан 25 дан зиёд олий таълим муассасаларида намойишлар бўляпти, маълумотларга кўра, мингдан ортиқ талабалар ҳибсга олинган, турли айбловлар қўйиляпти. Бир ҳафтача олдин талабалар қамоққа олиниши натижасида қолгани бефарқ талабалар ҳам қўшилган. АҚШ ОТМ таъсирига кўра, уларнинг иерархияси бор. Асосан илғор, салоҳияти юқори университетларда шундай намойишлар бўляпти. Талабалар дарсга кирмасдан, университет ҳовлисида узлуксиз намойишлар ўтказяпти. Мана шу намойишчиларни тўхтатиш учун Миллий гвардия, полиция жалб қилинган ҳолатлар мавжуд.

Талабалар бир қанча. Биринчи асосий талаб: Ғазодаги Исроилнинг ҳарбий операцияси шу заҳоти тўхтатилиши керак. Иккинчиси — АҚШдаги олий таълим муассасаларининг Исроил олий таълим муассасалари билан алоқалари тўхтатилиши керак. Учинчиси — АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича сиёсати қайта кўриб чиқилиши керак. ОТМда дарс берувчи олимлар, талабалар Фаластин тарафида. Тарихан АҚШда ОТМ нисбатан сўл бўлган, яъни тенглик, тинчлик тарафдори бўлган. 20-аср ўрталарида яшаб ижод қилган италиялик марксист, социолист Антонио Грамши ўз илмий ишларида бир ғояни олға суради: АҚШ дунё ҳамжамияти куч таъсири катта бўлар экан, АҚШ марксизм, социализмга қарши бўлар экан, асосий эътиборни АҚШдаги ОТМга қаратиш керак ва у ердаги олим ва талабаларга сўл ғояларни сингдириш керак, деган ғоя. Грамши неосоциолист бўлган, яъни демократияни, эркинликни инкор этмаган ҳолда юмшоқ воситалар орқали АҚШ ва дунё ҳамжамиятида тенгликни таъминлашга эътибор берган. Бугунги АҚШ ОТМдаги намойишчилар АҚШ ижтимоий ва сиёсий кайфиятига жиддий таъсир қиляпти.

Ҳамид Содиқ: — АҚШда талабаларнинг бундай чиқиши янгилик эмас, АҚШ олиб бораётган турли ҳарбий ҳаракатларда талабалар фикр билдириб келади. Бундай юқори даражада бўлиши охирги марта Ветнам уруши даврида юз берган. АҚШ демократияси бундай чиқишларга тайёр. Ҳокимиятнинг репрессив муносабат билдирмаётганига сабаб, бундай жараёнлар демократияни синовдан ўтказиб, кучли қилади. Шунинг учун бу жараённи кузатиш, муҳим жараён эканини англаш тенденциясини кўряпмиз АҚШ томонидан. АҚШ бу намойишчиларни тўхтатиб ташлаш имкониятига эга, аслида.

Талабалар шундай қатламки, айниқса, академик эркинлик мавжуд давлатдаги талабалар эркин фикр билдириши ва давлатга қарши чиқиши тазмин қилинади ва бу тахминни АҚШ билади. Талаба оиладан узоқда бўлади, ўз маблағига ўқиётгани ҳисобига давлатдан узоқ бўлади. Профессор ўқитувчилар қанчалик Фаластин тарафида бўлмасин, улар молиявий жиҳатдан университетнинг таъминотчиларига боғлиқ бўлади. Шунинг учун талабалар фаоллиги шундай кўриниш оляпти. Бу АҚШ демократиясини ривожлантиради, менимча.

Лекин шу вақтнинг АҚШни бу масала ўйлантирмаяпти, деган хулосага хам бормаслик керак. Улар тегишли хулоса чиқаряпти. Яқин 5-10 йил ичида мана шу талабалар сиёсий, иқтисодий ёки бошқа соҳаларга кириб келадиган қатлам сифатида уларда Нетаняҳунинг, АҚШнинг узоқ муддатли сиёсати қандай бўлиши ҳақида етарлича саволлари бор.

АҚШ топ университетларида ҳарбий соҳада олиб борилаётган илмий ишларнинг катта қисмини Исроил ва унинг лоббиси молиялаштираётганини талабалар билади. Бу тадқиқотлар қайси ҳарбий соҳаларга таъсир қилишини билгани учун ҳам талабалар норозилиги каррасига ошиб кетяпти. Улар билишадики, бу тадқиқотлар натижасида охир-оқибат Фаластинда тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўляпти. Шу омиллар талабаларнинг кескин қаршилигига сабаб бўляпти.

— Жамиятдаги тўлқинга АҚШ демократияси реакцияси қандай бўлади?

Камолиддин Раббимов: — Шу пайтга қадар АҚШ юқори мулозимлари, Конгресс спикери, конгрессменлар,сенаторлар, давлат депортаменти вакиллари бу намойишчиларни танқид қилишга ҳаракат қилди. Улар айтадики: АҚШдаги сўз эркинлигидан талабалар фойдаланишга ҳақли. Лекин баъзи сиёсатчилар пропаганда қилиб, Исроилни танқид қилаётган талабалар бу билан ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» кабиларни оқлаяпти, деган маънода гапиряпти.

Лекин умуман олганда, АҚШ ижтимоий фикри ўзгаряпти. Илгари 70-80 фоиз аҳоли Исроил тарафида бўлган олдин. 7 октябрдан кейин ҳам тахминан 1 ойча Исроилни қўллаш юқори бўлди. Лекин глобаллашган ахборот даврида яшаяпмиз, ижтимоий тармоқларни назорат қилиб бўлмайди. Ахборот эркин бўлар экан, ғоялар ўртасида кураш пайдо бўлади. 1947 йилдан буён Фаластин қисқариб боряпти, турли гуруҳлар эса 70-80 йиллардан кейин пайдо бўлди. Муаммо марказида агрессив Исроил сиёсати туриши ҳаммага аён. Шу фонда АҚШ жамоатчилик фикри ўзгара бошлади. Протестан ёки бошқа қатламлар 70-80 фоизлик қўлловдан анча пастга тушди.

Ҳамид Содиқ айтганидек, бу талаблар яқин келажакда қайсидир даражаларда ҳокимиятга келади. Уларнинг позицияси ҳокимиятга таъсир қилади, АҚШ сиёсати узоқ муддат ўзгаришсиз қолиши мумкин эмас. АҚШ бугун оғир танлов қаршисида турибди. Глобал репутациясида адолатсиз либерал империя деган тамға босилган Яқин Шарқдаги сиёсати учун. Вьетнам билан ярашган, Ироқ ва Афғонистон ҳам эсдан чиқади. Лекин бир ёқлама Исроилни қўллагани, Фаластин давлати ташкил топмагани учун АҚШ репутацияси салбий, айниқса, араб ва мусулмон дунёсида. Араб-мусулмон цивилизацияси эса инсониятнинг тўртдан бирини ташкил қилади.

— АҚШ реакцияси ташқи сиёсатга кўчадими?

Ҳамид Содиқ: — АҚШ реакцияси ташқи сиёсатга кўчяпти. Саудияда ўтган халқаро иқтисодий форумда Блинкен билан суҳбатнинг катта қисми Фаластин билан боғлиқ эди. Савол берувчи Нетаняҳуни тилга олди бир неча марта, лекин Блинкен унинг исмини тилга олмай жавоб берди дипломатик жиҳатдан.

Улар тушуниб етдики, Исроил ҳукумат қонли ҳукумат. Лекин АҚШ қўллаётган лойиҳа нуқтаи назаридан, АҚШнинг глобал сиёсати нуқтаи назаридан бу лойиҳани ташлаб қўйиш ҳам мумкин эмас. Чунки катта маблағ сарфланган, Исроил лойиҳаси Яқин Шарқдаги балансни ҳам сақлаб турадиган давлат экани сабаб. Бир вақининг ўзи ташқи дилеммани ҳам вужудга келтиряпти. Агар Исроилни топширса, Яқин Шарқдаги сиёсати ҳам синади, Яқин Шарқдаги либерал демократиянинг чегаралари сифатида ҳам кўрилади, мана шу чегараларнинг синиши АҚШ лойиҳаси синишини англатади. Шу нуқтаи назардан ҳам АҚШ бугун ташқи ва ички дилемма бўйича жиддий қарорлар қабул қилиши керак.

Бугун Исроилга қанчалик кўп ёрдам бермасин, Фаластинга ҳам энг кўп ёрдам бераётган давлат АҚШ ҳисобланади. АҚШ Исроил масаласини узоқ муддатли ҳал қилиши керак бўлади. Чунки Исроил бутун дунё ҳамжамияти тафаккурида жиноятчи давлат сифатида шаклланиб бўлди.

Бугун Исроил дастак қиладиган ҳалакост, юқори технологияли, илмий янгиликлар тақдим этаётган давлат сифатида имижи ҳам анча шубҳага олинди. Энди АҚШ Исроил борасида жиддий қарор қабул қилиши лозим.

— Фаластин давлатчилигини тан олиш масаласида Европа Иттифоқининг ички позициялари ўртасида қандай фарқлар мавжуд?

Камолиддин Раббимов: — Коллектив Ғарб ҳақида гапирилганда АҚШ расмийлари ёки жамоатчилиги фикридан ЕИдаги қарашлар фарқ қилишини кўрамиз. ЕИдаги жамоатчилик, сиёсий элита кўпроқ Фаластинга мойил. Бу кеча бошланган тенденция эмас. ЕИда мусулмонлар таъсири, Исроил жиноятларини англаш даражаси юқори. АҚШ ва Европа ўртасида Фаластин-Исроил масаласида тафовут бўлган доим. ЕИ жамоатчилиги фикри аллақачон Фаластин томонида бир неча ўн йиллардан бери.

Кейинги даврда ЕИ ичида ҳам зиддиятлар бўлди. 7 октябрдан кейин Жозеф Баррел Фаластин давлати ташкил топиши ҳақида гапирди, ундан олдин эса Еврокомиссия президенти Урсула Фон Дер Ляйен Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга деди. Яъни ЕИда юқори мулозимлар ўртасида позициялар тўқнашди. Лекин Урсула Фон Дер Ляйен позицияси бекор қилинди. Исроил истаган усулда аёллар ва болаларни ўлдириш билан ўзини ҳимоя қилиши мумкин эмас, деган позицияга ўтилди. Жозеф Баррел яқинда ҳам баёнот бериб, икки давлат бўлиши керак, Фаластин давлати ташкил топмаса, Исроилнинг ўзи ҳам хотиржам яшай олмайди, деди.

АҚШ давлат котиби Блинкен кечаги баёнотида Саудия ва Исроил ярашуви бекор қилингани йўқ, эртами-кечми ярашади ва бу Саудиягинг Эрон ва ҲАМАСга жавоби бўлади, деди. Байден маъмурияти Исроилга шарт қўйяпти: Фаластин давлати ташкил топиши, босиб олинган ерлар қайтарилиши керак, бунинг эвазига араб давлатлари Исроилни тан олади, хавфсизлик, барқарорлик, алоқалар тартибга солинади. Лекин Исроил бунга рози бўлмаяпти.

7 октябрдан кейин Испания Исроилни қаттиқ танқид ҳам қилганди. Испания, Малта, Ирландия, Словения яқин ойлар ичида Фаластинни давлат сифатида тан олиши мумкин. Исроил томони Фаластин давлати тан олиниши ўртадаги вазиятни оғирлаштиради деб бунга қаршилик қиляпти. Исроил давлатининг лойиҳаси: Фаластинга давлат сифатида имкония бермаслик. Лекин борган сари Исроилга халқаро босим ортиб бораверади.

— Европа Иттифоқидаги баъзи мамлакатлар томонидан Фаластинни тан олишнинг дунё миқёсида муҳим геосиёсий оқибатлари бўлиши мумкинми?

Ҳамид Содиқ: — Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, янги ташкил топган давлатни тан олиш бўйича аниқ бир низом йўқ. Лекин назарий жиҳатдан олсак, давлатлар декларатив ёки конститутив тан олинади. Декларатив тан олиниш — маълум бир давлатнинг ҳудуди, кучишлатар тизимлари, ҳокимияти пайдо бўлиши кифоя. Конститутив тан олиш — бошқа давлатлар тан олиши.

СССР каби куч билан ушлаб туриладиган федерация ёки конфедерациялар куч бўлмаса, жам бўлиб туролмайди. Маълум бир давлатнинг кучлари каррасига кўп бўлса, иккинчи бир давлат тенг ҳуқуқда қўшиб олиниши тарихда деярли кузатилмаган.

Давлат пайдо бўлишига тўсиқ бўлаётган 3 та субъектни айтган бўлардим:

1) араб давлатларида келишув йўқ, Фаластин атрофидаги баъзи араб давлатларининг Европа давлатларига қараганда қаршилиги кўпроқ бўлиши мумкин. Масалан, Миср жуда ҳам зиддиятли, Саудияда Фаластин масаласини муҳокама қилиш мумкин эмас;

2) ЕИнинг Фаластинни тан олиш масаласи ҳам зиддиятли. Тарихан кузатсак, тан олиш масаласи маълум бир муддатда жонланади, кейин тинчийди. Масалан, 2011-2012 йиллар жуда кўп баҳслар бўлган. БМТда ҳам ягона фикр йўқ бу борада;

3) Фаластиннинг ўзида кейинги масала. Ҳозир Фаластинда 14 та сиёсий куч бор, балки кўпроқ. Уларни бир қилиш ҳам мураккаб иш жуда. Юқорироқдан қаралса, Фаластиннинг ўзига ҳам керакмасдек кўриниб кетади.

Шунинг учун ҳозирги бўлаётган ҳаракатларни шундай тасаввур қиламан: ўлдирилган тинч аҳолини компенсация қилиш учун бутун дунё жамоатчилиги фикрини юмшатиш учун бошланган жараёндек кўринади менга. Узоқ муддатли Фаластиннинг тан олинишини башорат қилмаган бўлардим. Фаластин давлат сифатида тан олиниши барча субъектлар учун зиддиятли масала ҳисобланади.

— Фаластин давлати тан олинишининг юқори чўққиси БМТга аъзо бўлишми?

Камолиддин Раббимов: — ЕИ давлатларининг Фаластинни тан олишига нега Исроил қарши? Давлатлар тан олинаётганда улар маълум бир ҳудуд билан тан олинади. Фаластин давлатининг қонуний ҳудуди 1967 йилги чегараланиш ҳисобланади. Агар Испания Фаластинни ўша чегаралар билан тан олса, ўз-ўзидан Исроил босқинчи давлат сифатида эътироф этилади. Шунинг учун ҳам Исроил қарши бўляпти.

БМТда тан олинишига келсак. БМТда қарор қабул қилишнинг 2 та инстанцияси бор: Бош ассамблея ва Хавфсизлик кенгаши. Бугун АҚШ позицияси Исроил розилигисиз Фаластинни тан олмаслик ҳозирча. Яқинда ҳам овозга қўйилганда АҚШ вето қўйди, лекин иттифоқчилари бетараф қолди. Бу билан АҚШ Исроилга сигнал ҳам беряпти, яъни охирги ҳимоячинг менман, шунинг учун айтганимни қил, демоқчи. Умуман, БМТ томонидан тан олинса, лекин дунё давлатларининг кўпчилик қисми тан олмаса, вазият мураккаб бўлиб қолади.

Яқин ўртада Фаластинни тан олиш масаласи қийин дейилди юқорида. Лекин барибир жараён бошланди. Исроил яқин ўртада демонтаж бўлмайди, лекин Исроилнинг минтақа ва глобал позицияси борган сари заифлашяпти. Лекин ҳали 1967 йилги билан Фаластин давлати ташкил топиши масаласи жуда узоқда. Бу жараён бир неча ўн йиллар давом этади.

— Фаластинни тан олиш натижасида Исроилга қўшиладиган ички ва ташқи босимлар қандай кўринишга эга бўлади?

Ҳамид Содиқ: — 1967 йилги чегараларнинг 40 фоиздан ортиғи оккупация қилинган. БМТ резолюцияларида оккупация қилинган ерлар эътироф этилган. 1994 йилдаги ҳужжатга кўра, ҳар бир оккупация қилинган ерлар Фаластин томонининг БМТга мурожаати билан расмийлаштирилиб борилган. Масалан, Озарбайжон ҳам Қорабоғ масаласида шундай резолюциялар чиқартирган эди ўз фойдасига.

БМТ фалажланган, таъсири йўқ деймиз, лекин БМТнинг бир ютуқли томони шуки, у оккупацион ҳаракатларни расмийлаштириб боради.

Исроил ўзи Россиядан ҳам кўп санкциялар олиши керак эди. Лекин унинг ўзига хос жабрдийдалиги, лоббиси кучлилиги, лоббиси молиявий, иқтисодий ташкилотларга таъсир ўтказа олиши аҳамиятли ҳисобланади. Исроилга қўлланган санкциялар бир вақтнинг ўзида ЕИ, АҚШ учун геосиёсий ёки иқтисодий жиддий таъсир кўрсатади. Шунинг учун унга нисбатан санкция қўлланмаяпти. Лекин, менимча, шундай бир тенденция шаклланяпти: Исроил давлатчилигини сақлаб, Нетаняҳу ҳукуматини ажратиб, ҳатто Нетаняҳуни судлаш масалалари кун тартибига чиқяпти ва бу жараён жадаллашади. Фаластин давлати ташкил топиши қийин бўлса ҳам, Нетаняҳу судланиши масаласи ҳақиқатга яқинроқ. Нетаняҳуни айблов супасига олиб чиқишяпти.

Камолиддин Раббимов: — Исроил сиёсий элитасида кучли парокандалик. Чунки бугунги Нетаняҳу ҳукумати ҳаддан ташқари ўнг. 7 октябрдан олдин ҳам Нетаняҳу суд ва сиёсий ислоҳотлар таклиф этганди, бу эса сиёсий парокандаликка олиб келганди.

Ташқи босим кучли. Энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам босим қиляпти. Исроил сабаби АҚШга нисбатан ишончсизлик унинг узоқ муддатли стратегик манфаатларига таъсир қиляпти. АҚШ диққат марказида Хитой билан глобал ҳокимият учун кураш, Исроил ҳаракатлари эса бу курашда халақит беряпти. Араб давлатлари эса шаклланиб келаётган глобал жануб марказида турибди. Шунинг учун АҚШ Фаластин масаласида ҳамма учун оптимал ечим топишга ҳаракат қилади яқин ўн йилликлар ичида. Лекин ҳамма учун оптимал ечим мавжуд эмас, менимча. Чунки Исроил давлати Фаластин давлати ташкил топиши ўзининг мажруҳланишига сабаб бўлади, деган тафаккурда. Фаластиндаги кучлар ҳам Исроилни тан олмайди, барибир йўқ қиламиз, дейди. Бу омилни эса Исроил ўзи учун легитимлик сифатида, яъни куч ишлатиш учун асос қилиб олади. Умуман, ечими оғир масала бу. Исроилнинг тарихий мураккаблиги шундан иборатки, араб-мусулмон океанининг ўртасидаги кичик бир оролча.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид