Ўзбекистон | 11:13 / 06.05.2024
13542
3 дақиқада ўқилади

1 ёшли қизалоқ вафотидан кейин: Veolia Energy иш жараёнига ўзгартириш киритишини маълум қилди

Тошкентда кўп йиллик дарахтнинг қулаши сабаб 1 ёшли қиз вафот этганди. Воқеа ортидан Veolia Energy компанияси иш жараёнини ўзгартиришни, жумладан, дарахтлар ва бошқа кўп қаватли объектлар яқинида каттароқ майдонни тўсиб қўйиш, хавфли зона атрофида одамларнинг киришини чеклаш учун ишчи ходимларни жойлаштиришини билдирди.

Фото: Kun.uz

Чилонзор тумани 5-мавзесида 3 май куни кўп йиллик дарахтнинг қулаши оқибатида бир ёшли қизалоқ вафот этганди. Ҳудудда пойтахтнинг иссиқлик таъминоти оператори – Veolia Energy компанияси таъмирлаш ишларини олиб бораётгани, масъулларнинг эҳтиётсизлиги сабаб шу ҳолат юзага келгани маълум бўлганди.

Воқеа ортидан компания қизалоқнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, иш жараёнига ўзгартириш киритишини айтди.

“Биз оилага ҳар қандай ёрдамни тақдим этишга тайёрмиз. Бу фожиали йўқотиш ва ҳеч бир сўз билан ифода этиб бўлмас мусибат эканлигини англаймиз. Қизалоқ оиласига чуқур таъзиямизни билдирамиз.

Айни дамда компаниямиз кенг қамровли текширув ишларини олиб бормоқда ва масъул шахсларга нисбатан чоралар кўради, шунингдек, иш жараёнларига, шу жумладан таъмирлаш ишларига ўзгартиришлар киритади.

Кўриб чиқилаётган имкониятлар:

- дарахтлар ва бошқа кўп қаватли объектлар яқинида иш олиб борилганда, амалдаги меъёрларда назарда тутилганидан каттароқ майдонни тўсиб қўйиш;

- хавфли зонанинг периметри атрофида одамларнинг киришини чеклаш учун ишчи ходимларни жойлаштириш”, – дейилади изоҳда.

Бундан ташқари, компания агар ишлар потенциал хавфли объектлар, мисол учун, қуруқ дарахтлар, эскирган иншоотлар яқинида амалга оширилса, тайёргарлик тадбирларини ўтказиш учун махсус хизматлар жалб қилинишини (қуруқ дарахтларнинг шохларини кесиш, беқарор иншоотларни демонтаж қилиш, ва бошқалар) қайд этган.

“Яна бир бор ҳамдардлигимизни изҳор қиламиз. Бу ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир”,– дейди Veolia Energy.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kun.uz ҳодиса сабабларини ўрганганди. Таҳририят эълон қилган материалдан сўнг Бош прокуратура жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Унга кўра, ўтказилган текширувда сув қувурларини таъмирлаётган ишчилар хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан, махсус техника ёрдамида қазиш ишларини олиб боргани, бунинг оқибатида бир туп дарахтнинг илдизи очилгани ҳамда ўз вазнини кўтара олмай йиқилгани аниқланган.

Мавзуга оид